Болаларни чорловчи «хавфли нуқталар». Лаззатнинг зараридан огоҳ бўлайлик
Болаларимиз энг кўп егулик сотиб оладиган мактаб буфетлари ёки ўша атрофдаги савдо расталаридаги маҳсулотларга ҳеч эътибор берганмисиз? Расталар рангли ширин сувлар, сухарилар, қадоқланган чипс, ранг-баранг сўрғичу ва бошқа шундай сунъий маҳсулотларга тўла. Улар ичида яна бир энг харидоргир емак бу — қўлбола қилиб тайёрланган, ичига арзон колбаса ёки сосиска солиб, юзига майонез ва кетчуп чапланган хот-доглар.
Болажон халқмиз. Эрталаб фарзандимиз мактаб кетар чоғи бирор егулик оларсан, деб қўлига пул тутқазамиз. Нима олса-олсину, тенгдошлари орасида кам бўлмасин деймиз, лекин унинг қандай маҳсулот истеъмол қилиши билан қизиқмаймиз. Бугун болаларимиз кунлик истеъмол қилаётган баъзи маҳсулотлар, ҳатто сигаретадан ҳам зарарли эканини биласизми?
Бу борада эса баъзан биз катталар ҳам яхшигина «ўрнак» бўляпмиз. «Омад шоу», «Борига барака»да ютуқ чиқар экан деб, уйимизга халталаб сухарилар, энергетиклар ва бошқа шунақа «ноз неъмат»лардан ташиймиз.
Бир сафар шунақа ўйинларда ютган «омадли» бир инсондан, ютуқ сирини сўраганимизда, «бу осон бўлмади, минглаб сухарилар қадоғини очиб кўриб, кейин ёнимиздаги мактабга ярим нархига ўтказганмиз», деган эди шоудан «барака топган» бир дўкончи тадбиркор. Мактабга, болаларга ўтказилган минглаб сухарилар...
Айнан ўша маҳсулотларнинг зарари ҳақида. Сухарилар — гастроэнтерологлар аввало бу маҳсулотлар истеъмоли организмда гижжа ва паразитлар кўпайтиришидан огоҳлантиради. Шу билан бирга, ундаги таркибий қисмларига аллергияси ёки таъсирчанлиги бўлган одамлар ушбу маҳсулотни истеъмол қилмасликлари кераклиги айтилади. Шунингдек, ошқозон яраси, гастрит, колит ва панкреатит каби ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган одамларда ҳазм тизими муаммоларини келтириб чиқариши ва симптомларни кучайтириши мумкин. Тиш эмалига зарар етказиши эҳтимоли юқори.
Расталарда сухарилар билан ёндош турадиган егулик — чипслар. Бу маҳсулотда ҳам биз билмаган зарарли қўшимчалар бисёр бўлиб, улар асосини ун, крахмал ва лаззат кучайтиргичлар ташкил этади. Бундай маҳсулотлар аралашмасини кўп миқдорда истеъмол қилиш инсонда ортиқча вазн пайдо бўлишига, жигарнинг бузилишига, юрак хуружи ва атеросклеротик касалликларга ҳам сабаб бўлар экан. Бундан ташқари, маҳсулот таркибидаги баъзи компонентлар ҳужайра даражасида мутацияга олиб келиши ва онкологик касалликларга ҳам сабаб бўлиши мумкин экан.
Болажонлар навбатда туриб олиб истеъмол қиладиган хот-дог таркибидаги колбасалар. Бу маҳсулотлар фақат табиий гўштни ўз ичига олса, фойдали деб аташ мумкин эди, лекин, улар таркибида яширин ёғлар, ҳажмни оширувчи маҳсулотлар, ранг берувчилар ва кўпгина ишлаб чиқарувчилар қўшадиган трансген соя маҳсулотлари бор. Бу қўшимчалар таркибидаги моддалар эса аллергия келтириб чиқариши ва ички секреция безларининг фаолиятини бузиши исботланган. Шу билан бирга хот-дог юзига чапланадиган кетчуп ва майонезлар — бу мазали қўшимчалар ҳам маълум сабабга кўра носоғлом овқатлар рўйхатида. Улар таркибидаги кимёвий қўшимчалардан ташқари, кетчуп таркибида диабет, кариес ва ошқозон-ичак касалликларини қўзғатувчи кўп шакар мавжуд. Майонезга келсак, унинг таркибий қисмларидан бири — транс ёғлари бўлиб, улар кўплаб салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шундай экан, аввало, ўзимизда харид, истеъмол маданиятини шакллантиришимиз, кейин эса жондан азиз фарзандларимизга нима фойда ёки зарар эканини тушунтиришимиз зарур. Акс ҳолда, ҳар қадамда уларни чорловчи «хавфли нуқта»лар болажонларимизга зарарли маҳсулотларни улашаверади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter