Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек тилини қутқарайлик

Ўзбек тилини қутқарайлик

Фото: «Xabar.uz»

Қизиқ маълумот: бола суяги она сути билан шаклланади, унинг руҳий жиҳатдан камолга етиши эса — она алласидан. Сут билан бирга кирган бу оҳанг — наслий туйғулар ва ҳаётий инстинкт, гўдакнинг жисму жонида илдиз отади.

Тилга — она мақоми берилиши ҳам шундан аслида. Бошқа тиллар ифодасидаги сўзлар ҳеч қачон она тилимиз каби туйғуларимиз таржимони бўла олмайди. Энди баландпарвозликдан холи, тилнинг — ҳаёт-мамот масаласига тўхталсак.

Она тилимиз нуфузини кўтариш... Афсуски, бу масала ҳамон энг оғриқли дардимиздир. Бугун аҳоли шошилинч мурожаат этувчи масканлар, аэропорт, вокзал, меҳмонхоналар, хусусий клиникалар, кўплаб корхоналарда ўзбек тилини билмайдиган ходимлар (балки, билса ҳам гапирмайдиган) сабаб ноқулай ҳолатларга тушаётганлар борлигини-да инкор этиб бўлмайди.

Кўпгина ташкилотларга сим қоқишингиз билан «слушаю» деган жавобни эшитасиз. Майли, бизда тил ва сўзлашув борасида ҳадсиз эркинлик бор, лекин масъул лавозимдаги ходим уйида, кўчада хоҳлаган тилида сўзлашса ҳам, иш жойида мурожаат этувчига ўзбек тилида жавоб берсин. Ўзи шундоқ ҳам тил борасида ўта «юмшоқ»лигимиз ва андишалилигимиз сабаб, айрим муассасаларнинг сайтлари ҳали ҳам давлат тилида очилмайди, бир четда турган ўзбекча ҳаволани қидиришга мажбур бўласиз.

Қурилиш ташкилотларининг аксариятида иш юритиш рус тилида, шифокорларнинг ташхис варақалари, аксарият даволаш йўриқномалари ҳам рус тилида. Баъзи кафе, ресторанларга борсангиз пештоқида «добро пожаловать» деган ёзувга дуч келасиз, ичкарига кирсангиз, қоракўз хизматчиси ҳам сизга шу сўзларни такрорлаб, эҳтиром билан кутиб олади. Балки очилгандаёқ, «мы открылись» деб нафас ола бошлаган бу каби мажмуалар ўзларига алал-оқибат шу қисматни тақдир этар... 

Она тилимиз жонкуярларидан, адабиётшунос Зуҳриддин Исомидинов ёзади: «Биз ўзбеклар, бағрикенг, кўнгли очиқ бир эл эканимиз аҳли оламга яхши маълум. Чунки сабр-қаноат, муросайи мадора деган нарса қонимизга сингиб кетган. Баъзида аллақайси раҳнамоларининг даъватими, рағбатими билан, бир гуруҳ шахслар Ўзбекистонда бошқа тилларни расмий тил даражасига кўтариш, унга ўзбек тили каби ҳуқуқий мақом бериш таклифи билан чиқиб бонг урдилар. Гарчи «ғалчани иззат қилсанг, чориғи билан тўрга чиқади», каби аччиқ мақолларимиз бўлса-да, бетамизларнинг тўрга чиқиб ёйилиб ўтиришига ҳам мудом чидаб келамиз. Қўрқувни, истиҳолани андиша деб андавалаймиз».

Бугун давлат тилида сўзлашни истамайдиган «эркатойлар» камаймаяпти, аксинча, жим турсак бошқа тилларни ҳам ўзбек тилига тенглаштириш пайида бўлади. Дам-бадам тилимизга — тил теккизувчилар, бу соҳада ҳар хил ташаббусларга «бел боғловчилар» ҳам кўпаяверади. Улар учун эса ҳаддини билдириб қўядиган қатъий механизм, тиш тирноқли қонунлар яратилиши шарт.

— Она тилимиз ҳамма замонларда ҳам босим ва тазйиқ остида тараққий этиб келгани кўз олдимдан ўтади. Хайриятки, унинг ўз ҳимоячилари, ўз фидойилари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Улуғ Алишер Навоийнинг «Муҳакамат ул-луғатайн» асарининг ёзилиш тарихини бир эслайлик. Бу улуғ неъматга тазйиқ ўтказаётганлар ташқаридан бўлганда масаланинг моҳиятини тушуниш осон кечади. Аммо душманлик ичкаридан бўлса-чи? Шундай пайтда менинг кўз олдимга адабий тилимизни бузаётганлар, унга нисбатан менсимасдан муносабатда бўлаётганлар келади. Агар улар бошқа миллат вакиллари бўлса, бу – тушунарли. Аммо шу миллатга мансуб бўлса-чи? Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога!..

Мамлакатимизнинг бундан кейинги тараққиётида хорижий мамлакат халқлари билан иззат-ҳурматда бўлиш, керак бўлса, уларнинг тилларини ўрганиш бизга фақат ютуқлар келтиради. Аммо бунинг учун хорижий тилларнинг мақомини тафаккур тилимиз, миллий бисотимиз ва ғуруримиз бўлган она тилимизга ҳуқуқий жиҳатдан тенглаштириб ўтиришга асло ҳожат йўқ. Ундан кўра марҳамат қилиб, она тилимизда тўғри ёзишни ва тўғри талаффуз қилишни ўрганайлик. Инсонийлик ғурури билан ёнма-ён миллий ғурур ҳам борлигини унутмайлик. Одамийлиги ва ғурури бўлмаган ўзбекни дунёда ким танийдию ким тан олади? — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Самарқанд давлат университети профессори Суюн Каримов.

Ҳа, бугун онгимизда муз каби қотиб қолган — Давлат тилига эътиборсизлик иллатини бартараф этишимиз, Она тилимизни «қутқариш»имиз, жон бериб ҳимоя қилишимиз лозим. Анча йиллар руҳий қарамлик исканжасида, қон-қонимизга сингиб кетган бефарқлигимиз билан – ўзимиз, ўз тилимизни шу қадар ожиз қилиб қўйдикмикин, деган ўйлар чарх уради баъзан. Қайсидир давраларда, мажлису савол-жавобларда русча мурожаатларни ўзбек тилидагисидан устун қўямиз. Русийзабон ҳамсуҳбатга шу тилда ёндашамиз, русча гапирмасак, ўзимизни мулзам ҳис этамиз. Бир қанча қўшиқчи юлдузларимиз  ҳам  «тил билмасликда» ким ўзарда. Шу тилда қўшиқ айтиб тирикчилик қиладию, ўз тилида гапиришга қийналади. Шунча кутдик, «Сабрнинг таги – сариқ олтин» дедик, сариқ олтиннинг сароби кўриниб қолди. Энди уйғониш даври келди.

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг