Нега Саудия АҚШдан узилиб, Хитой томон юзланди?
Кеча, 29 март куни Саудия Арабистони Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га тўлиқ аъзо бўлиш тўғрисидаги меморандумни маъқуллади. Бу қарорни расмий Ар-Риёд Хитой билан узоқ муддат ҳамкорлик қилиш мақсадида қабул қилганига шубҳа йўқ. Қизиқ, АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин ҳамкори ҳисобланган Саудия, нега бугунги кунга келиб геосиёсий «ориентир»ини Хитойга қаратмоқда? ШҲТга аъзо бўлиш Саудия Арабистонига нима беради?
АҚШ ва Саудия ўртасидан қандай «ола мушук» ўтди?
Аслида Саудия Арабистонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кириш ҳаракати сал олдинроқ бошланган. 2018 йилнинг кузида The Washington Post журналисти Жамол Қошиқчи Саудия разведка хизмати ходимлари томонидан ўлдирилиши АҚШ ва Саудия Арабистони муносабатларининг совуқлашишига туртки берди. Журналистнинг ўлдирилиши ортидан Америка маъмурияти расмий Ар-Риёдга босимлар қила бошлади. Лекин 2020 йилда АҚШ-Эрон муносабатларининг уруш ёқасига келиб қолиши, АҚШни Ар-Риёд билан яқин алоқада бўлишга мажбур қилди.
2021 йилда АҚШда ҳокимият тепасига демократлардан ҳисобланган Жо Байден келгач, Вашингтоннинг Яқин Шарқ масаласида қарашлари бироз ўзгарди. Бу Саудия билан қарама-қаршиликларни юзага келтирди. Албатта, бунга бир неча сабаблар мавжуд. Хусусан, Ар-Риёд доим Байден маъмурияти олдига бир нечта талабларни қўйиб келади. Булар:
Биринчи – аслида мамлакатни бошқариб келаётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ал-Сауд президент Жо Байдендан мамлакат олий ҳокимиятига даъволарини расман тан олишини истайди.
Иккинчи – 2014 йилда бошланиб, ҳозирги вақтгача давом этиб келаётган Ямандаги фуқаролар урушида АҚШ позициясини ўзгартириш ва Яманда жойлашган Саудия Арабистони коалициясини қўллаб-қувватлаш.
Учинчи – Эронни қўллаб-қувватловчи ҳутий исёнчиларига қарши биргаликда курашиш, Эроннинг ядро дастурини музлатиш ва хавфсизлик кафолати.
Аммо Жо Байден маъмурияти шу вақтга қадар Саудиянинг бу чақириқларга жўяли жавоб ҳам қилмади. Қайтага, 2022 йилда Россия ва Украина ўртасида уруш бошлангач, АҚШ ҳукумати жаҳонда нефть нархини пасайтириш учун Ар-Риёддан нефть қазиб олишни кўпайтиришни талаб қилди. Бу ишдан асл мақсад Россиянинг нефть савдосидан олаётган маблағини камайтириш эди.
Нефть нархининг пасайиши Саудия Арабистони учун ҳам яхшигина зарар эди. Бу вазиятда Ар-Риёд, талабларини инобатга олмай келаётган Америкага рад жавобини берди.
АҚШ бўлмаса, бошқаси
Саудия Арабистонининг АҚШ билан зиддиятга бориши, Ар-Риёдни ўзига бошқа ишончли ҳамкор топишга ундади. Бу пайтда Саудия манфаатларига мос равишда жавоб бера оладиган давлат бу – Хитой эди.
Ўқувчида «Саудия учун Россия мос эмасми?», деган савол пайдо бўлиши мумкин. Йўқ! Москва ва Ар-Риёд жаҳон бозорида нефть сотиш бўйича рақобатчи ҳисобланади.
Саудия учун Хитойдан бошқа мос ҳамкор йўқлигини билган Си Цзиньпин 2022 йилнинг декабрь ойида Ар-Риёдга етиб келди. Бу эса Саудия ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни жадал суратда ўсиши учун дастак бўлди.
Ар-Риёд учун Пекин билан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиш анча қулай эди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони ШҲТга аъзо бўлса, Эрон масаласини ортиқча муаммосиз ҳал қилиш имкониятига эга бўларди. Эҳтимол, Си Цзиньпин ёпиқ эшиклар ортида Саудия қиролидан Эрон муаммосини ҳал қилиб берса, эвазига Ар-Риёд ШҲТга қўшилиш кераклигини таъкидлагандир?! Чунки шу йилнинг март ойи бошида Пекинда бўлиб ўтган Саудия ва Эрон ўртасидаги дипломатик муносабатларини қайта тиклашга қаратилган музокаралар ижобий якунланганига бир ой бўлмасдан, Ар-Риёд ШҲТга тўлиқ аъзо бўлиш тўғрисидаги меморандумни маъқуллади.
Россиядан воз кечиб, Саудияни танлаган Хитой
Бир неча кун олдин Саудия Арабистонининг «Saudi Aramco» нефть ва газ компанияси Хитойга кўп миллиард долларлик сармоя киритиш режасини эълон қилди. Унга кўра, Саудия Хитой шимоли-шарқида нафтни қайта ишлаш заводи ва нефть кимё қўшма корхонаси қуришни режалаштирган. Келишувга кўра, Хитой Саудия Арабистонидан катта миқдордаги нефтни долларда эмас, юанда сотиб олади.
Аслида бу лойиҳага Россия эга чиқмоқчи эди. Бироқ Хитой Россия эмас, Саудияни танлади. Албатта, буни ўзига яраша сабаблари мавжуд.
Хитой пул бирлигида олди-берди қилиш Саудия учун анча фойдали. Сабаби, Ар-Риёд нефтни сотишдан тушган юанни Хитой билан савдо-сотиқда бемалол ишлата олади. Хитой бозорларида эса Саудия истаган ҳар қандай маҳсулот бор.
Сардор Али
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter