Уруш, кино ва Зеленскийга берилган ваъда — Умид «Зеленский» билан эксклюзив интервью
Ҳамюртимиз Умид Исабаевнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан қиёфадош чиқиши ўз вақтида анчайин шов-шувга сабаб бўлганди. Бугун у қаерда? Нималар билан машғул? Россиянинг Украинага «ҳарбий операцияси» унинг ҳаётига ҳам таъсир қилдими?
Ана шу ва бошқа саволларимизга жавоб топиш учун Умиджон билан боғландик.
Маълумот учун: Умиджон Исабаев 1981 йилнинг 26 октябрида Наманганда туғилган. Наманганда у автомобиль бўёқчилиги билан шуғулланган. Меҳнат муҳожири сифатида Москвага борганида ҳам автосервисда узоқ йиллар шу касбини давом эттирган.
Юлдузли онлари эса 2019 йилдан бошланган. Метрода мизғиб қолган Умиджонни кимдир суратга олган (барака топсин!) ва ижтимоий тармоққа Зеленский сурати билан ёнма-ён қўйган. Шундан сўнг, турли телешоулар, кўнгилочар кўрсатувларнинг «гули бўлган» ва Зеленский образини талқин қилиши айтилган Исабоев ўтган йили бирданига кўзга ташланмай қолди.
— Ўзбекистонда ўзимнинг ота касбимни қилганман, автобўёқчилик билан шуғулланганман. Ватанда ҳеч қачон тўйларда бошловчи бўлмаганман. Бир ҳазил кўрсатувда, тайёр сценарий бўйича Том Крузни таклиф қиламан деб айтганман, шундан пайдо бўлгандир бу гаплар.
Лекин актёрлик соҳасига ёшликдан қизиқишим бўлгани бор гап. Бир вақтлар, шу десангиз, Чортоқда кўпчилик таниган бобом Муродулла Убайдуллаевни ҳам актёрликка чақиришган экан. Лекин у киши мен Тошкентга кетсам, болаларим ўзи қолади, деб рад қилган эканлар. Бобом раҳматли тирик вақтлари ҳамма амакиларим йиғилса, уйимиз жуда катта аскияхона бўлар эди, — дейди Умиджон.
— Сиз бош ролни ўйнашингиз кўп марта айтилган Россия сериали нима бўлди?
— Россиядаги пайтимда кўплаб ҳазил-мутойиба кўрсатувларига роль ижро этишга таклиф қилишди. Қиёфадошлигим маълум бўлгач, бу ҳаётимни қанчалик ўзгартиргани ҳақида кўрсатувларга чақиришди. Лекин энг катта лойиҳа бу — сериалда Зеленский қиёфасини олиб чиқишим ҳақидаги таклиф эди. Мен билан шартнома тузган киностудия продюссери сценарий билан таништирди. Бу фильмда Украина ҳукумати сиёсатига қаттиқ зарба бўладиган, Зеленский шахсини камситадиган, ҳаётдаги Зеленский шахсидан тамоман йироқ образ гавдалантирилиши кўзда тутилган экан. «Тоза ҳақоратли» нарса эди у. Бу ишни ўзим рад қилганман. Муносабатимни билдирмай, таътил вақтим келгани учун тезда Ўзбекистонга қайтдим.
— Билишимизча, Ватанда қайсидир ишларни бошлаб қўйиб, кутилмаганда яна кетиб қолибсиз...
— Ўзбекистонда кичкина бир тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлдим. Наманган вилояти ва Чортоқ тумани ҳокимларига алоҳида минннатдорлик билдираман, ер сўрадим, чет элдан ноёб писта кўчатларини олиб келиб экишим учун ер беришди. Бир ҳамкор билан қорамол фермаси ҳам очаётган эдик. Четдан зотдор қорамол олиб келиб, юртимизда гўшт, сут маҳсулотларини кўпайтириш мақсади билан иш бошладик. Шу кунларнинг бирида Украинадан хабар келиб қолди. Москвадалигимда ҳам худди шундай таклиф бўлганди. Валерий Кошевой «Квартал 95» студиясида ҳамкорликка чақирганди. Қизиғи, шу кунларда ҳамкорим билан Украинадан зотдор қорамол олиб келишимиз керак эди. Хабарга аввалига жиддий қарамадим. Украинага бориб ўз ишларимиз билан бўлдик. Ўзбекистонга иккита фурада юк жўнатдик. Шериклар билан қайтишимиз керак пайтда яна телефонимга хабар келди. «Слуга народа» партияси аъзоси учрашишни сўраганди. Шундай қилиб, Украинада қолдим.
— Украинадаги қарийб бир йиллик ҳаётингиз ҳақида кўпчилик билмайди ҳисоб...
— Бу ерда йўлим очилиб кетди, Ўзбекистондаги бизнесимга, қорамол жўнатишимга имкониятларим кенгайди. Ўзимнинг соҳамда, автобўёқчилик учун кичик бир гараж сўраган эдим, Киевнинг марказидан катта бир автотехмарказни ўзимга бериб қўйишди. Ишим зўр кетаётган эди. Фақат иккиланиб оилам, болаларимни олиб келмай тургандим. Яхшиям, олиб келмаган эканман. Уруш бошланиб кетди.
— Уруш манзаралари президент қиёфадоши кўзи билан қаралганда қанақа эди?
— Мен уруш қайнаб турган вақтда ҳам Киевда эдим. Мен турган жойда, 2-қаватда яшар эдим, бомбалар, автоматлар овози кундан кунга бизга яқинлашиб келаётган эди. Ҳар бир ракетами, бомбами тушган пайтда унинг овози нафақат эшитилар, балки уй зириллаб кетарди, қимирлаганини сезар эдим. Кейин у ёқдан мени хавфсиз жойга, бункерга олиб ўтишди. У ерда ишончли, жудаям кучли қўриқланар эдим. Лекин телевизордан бўлса ҳам юзлаб бегуноҳ одамлар, болалар ўлаётганлигини оғриқсиз кузатолмасдим.
— Украинадан чиқишингиз ҳам хафвсизлик нуқтаи назариданми?
— Шу кунларнинг бирида Ҳоллувудда уруш ҳақида фильм олиниши ва унда иштирок этиш учун таклиф бўлди. Тушунтиришди — Польшадан Германияга ўтиб, ҳамма ҳужжатлар ўша ерда тайёрланади, кейин Ҳолливудга учарканмиз. «Слуга народа» партияси Польша чегарасигача соғ-омон етказишни таъминлади. Киевдан Житомирга келдим. Бунда микроавтобусда эдим, билишимча, микроавтобусдаги бошқа йўловчилар ҳам махсус қўриқланадиган кишилар эди. Житомирда бир хонадонда тўрт кун қолдим. Айтишларича, менга Польша чегарасидан қанақадир машина келиши керак эди. Кутдим, келди. Чегарада одам жуда кўп эди. Тиқилинч, одамлар сумкаларининг устида ухлашяпти. Лолман. Бу ердан қандай чиқаман деб ўйлардим. Мени кутиб олган одамлар рациялар орқали кимлар биландир боғланишди, кейин аскарлар билан навбатсиз, ҳаммадан аввал олиб кириб кетишди.
— Польшага кираверишда сизни Путиннинг қиёфадоши кутиб олгани лавҳаси ижтимоий тармоқда айланди. Википедияда Ҳовард Икс саҳифасида номингиз пайдо бўлди...
— Продюсер, айни вақтда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг қиёфадоши Ҳовард Икс Америкадан туриб ташкилий ишларни бошқаряпти. Путиннинг қиёфадоши мени Польшанинг чегарасида кутиб олиб, белгиланган манзилга етказди. Бу учала шахс қанчалик қарама-қарши бўлишмасин, уларнинг қиёфадошлари – биз учаламиз мутаносиб жамоа эканимиз аён бўлди.
Польшада меҳмонхонада бир ҳафтача дам олдим. Айлантиришди, кўрсатишди. Қандайдир студиядан илтимос қилишди – интервью бердик. Кейин Германияга ўтдик. Бу ерда биз иштирок этадиган сериал тасвирга олинишида Америка билан ҳамкорлик қилаётган компаниялар, режиссёр билан кўришдик. Ҳужжатларни тайёрлашяпти. Ҳозирча Амстердамда, Нидерландиядамиз. Репетиция кетяпти. Матнларни, Украина мадҳиясини ёдлашда сал қийинчилик бўляпти, бошқа муаммо йўқ.
Кино уруш ҳақида. Айнан ҳозирда бўлаётган воқеалар қамраб олинади. Фильм неча серия бўлиши менга қоронғу. Бошида сериал жуда кўп серияли бўлиши режалаштирилган. Сериалнинг номи икки-уч хил вариантда, ҳали аниқ шакли бўлмагани учун бир нарса айтолмайман.
— Шундай қилиб, оддий автобўёқчи ҳамюртимиз катта сиёсатга кириб келди, десак тўғри бўладими?
— Мен умуман сиёсатни тушунмаганман, ҳозир ҳам тушунмайман. Лекин кузатаман. Ҳали кўп бўлмади, Миркомил Мирҳайдаров деган тоғам оламдан ўтдилар. Боролмаганим армоним. «Сиёсат бу жудаям чуқур бир дарё. Чанқаган бўлсанг, шунинг четидан сув ичиб тургин. Қирғоғидан туриб кузат, қўл-бетингни ювиб ол истасанг. Лекин ўртасига борганинг сайин чўкиб кетишинг мумкин» — раҳматли тоғамнинг шу гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. Тўғри, мен шу сиёсатчиларнинг қўл остида, сиёсатчиларнинг ҳимоясида бўлиб қолдим. Қолаверса, сиёсатчининг ролини ижро этяпман. Энди сиёсатдан қўрқмайман, чунки, биламан, мен сиёсий бир хато қилмаяпман. Қонун доирасидан чиқадиган бирор ножўя қадам қўймаяпман. Менга тайёрланган ҳужжатларда фақат актёр, артист эканлигим таъкидланган.
— Владимир Зеленскийдан гапиринг, Украинада уни қаҳрамон сифатида кўришади, Россияда масхарабоз дейишади...
—Зеленский президент бўлиб, ўз юрти, халқининг таянчи бўлиб, Украина учун нималар қилаётганини кўзим билан кўрдим, суҳбатини олдим, мажлисида ҳам қатнашдим. Мен уни ҳеч қачон масхарабоз деб ўйламайман. Тўғри, у ўтмишида актёр бўлган. Хўш, нима қилибди, касб бу. Чуқур ёндашиб қарайдиган бўлсак, Владимир Зеленский жуда ақлли, чуқур мулоҳазали инсон экан. Гоҳида ниманидир эътибордан четда қолдираётгандек ёки кулгуга олаётгандек кўриниш берса-да, ичида чуқур фикрлайди, руҳан бақувват инсон у. Сиёсат оламидаги буюк етакчи деб айтиш мумкин Зеленскийни. Журналистлар қиёфадошим бўлган президент шахси ҳақида саволлар беришади. Лекин келишувга кўра, айтишим мумкин бўлмаган ҳолатлар бўйича сўрамасликни илтимос қиламан. Зеленский хавфсизлиги ва бошқа тамойилларга қарши боришга йўналтирмасликни сўрайман.
— Катта бир мамлакат, камига устига қўшин тортилаётган мамлакат раҳбари қиёфадоши бўлишнинг юки оғирми?
— Оғир. Зеленскийга қиёфадош бўлиш масъулиятини кўтариб юриш жуда қийин экан. Мен аввал автобўёқчилик қилиб юрган вақтим, ўзимга хон, ўзимга бек, хоҳлаган жойимга хоҳлаганимда кетардим. Бунда масъулиятли тарафлари кўп экан. Дейлик, ҳатто оддий дўкондан истаган маҳсулотни ўзингиз сотиб олиб ейишингиз мумкин эмас. Лекин айтган нарсангизни ўзлари олиб келиб беришади, олиб келинган барча маҳсулотларда тиббий муҳри бўлади. Кўчада, кўпчилик бўлган давра, метро, бозор, одамлар гавжум жойга кириш мумкин эмас. Ўзим якка шаҳарга айланишга чиқадиган бўлсам, сельфига тушишни илтимос қилишади. Йўқ деёлмайман. Аммо актёрлик соҳасидаги шартнома бўйича бу тақиқланган. Ҳар бир ҳаракатинг назоратда. Менга берилган «Украина ватанпарвари» медали ҳам масъулият юклайди. Зеленскийга қўл бериб, кўзига қараб ваъда берганман, иношооллоҳ, мен уни ҳеч қачон шарманда қилмайман.
— Ҳоллувуд сизни яна Ўзбекистондаги яқинларингиздан узоқлаштирадими?
—Ота-онам билан ҳар куни гаплашаман. Уларнинг хурсандчилик тарафи бордек. Лекин ичлари тўла хавотирни сезаман. «Бир юртнинг Президентига ўхшаган инсонсан. Ҳар хил ножўя гапларни гапирмагин, жон болам. Сен биз учун яккасан. Гўримизга қўядиган сен, сендан бошқа ҳеч кимимиз йўқ», дейишади.
Ҳозирча оилам, икки фарзандим Ўзбекистонда, кўнглим тўқ, ота-онам билан бирга. Лекин болаларимни жуда соғинганман. Ҳозир асосий пропискамиз Германияда бўляпти. Энди Ҳолливудга бориб, бир жойда доимий қўним топсам, оиламни чақириш ниятим бор. Ота-онам пенсионер. Оиламни, болаларимни бирга олиб келишади. Насиб бўлса, мана шу ҳафта охирида Ҳолливудга учамиз. Энг муҳим гапим – мен кўзим билан кўрган даҳшатли воқеаларни менинг Ўзбекистоним кўрмасин. Ватанимдагилар кўрмасин, яқинларим, оилам, болаларим, ҳеч ким кўрмасин. Украинада эса уруш тезроқ тугасин.
P.S. Умиджон Исабаев Ҳолливуд билан 4 йиллик шартномаси битгач, Ўзбекистонга қайтишни ният қилган. Бу йиллар давомида сериалда бўлсин, кичик лавҳада бўлсин, қандай роль ижро этмасин, меҳнати орқали топган пулининг ҳаммасини Ўзбекистонга олиб кирмоқчи. У Россияда ҳам, Украинада ҳам фуқаролик борасидаги таклифни рад этган.
Мустаҳкам ТАНГРИЁРОВА суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter