Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Фирибгарлар кўпми ёки лақмалар?..

Фирибгарлар кўпми ёки лақмалар?..

Биринчи таассурот

Ўзим танийдиган, олий маълумотли, оқ-қорани ажрата оладиган деб ўйлаганим, опахон телеграммдаги «МUSODODАRA TOVARLAR» (ҳа, худди шундай) деган гуруҳга мени қўшиб қўйибди. Бундай канал ва гуруҳларнинг нечасини ўчириб ташлаганман. Лекин, бу гал қизиқиш билан, эринмай гуруҳни «титкилаб» чиқдим.

Очиғи, аввалига, таклиф этилган товарлар нархи шубҳа пайдо қилса-да, барибир, кайфиятим кўтарилиб кетди. Бўлар экан-ку. Меҳмонхонабоп, бўйи 7-8 метрча узунликдаги «уголок», яна тўртта алоҳида ўтирғичи ва чиройли столи билан 480 минг сўм экан. Яп-янги! Ишнинг бежиримлигини қаранг. Ўттизга яқин сирли идиш жамланмаси нархи атиги 390 минг сўм. Бўйингдан баланд совуткич 1 100 000 сўм, ётоқ мебеллар тўплами 1 300 000 сўм, хорижнинг номдор фирмасидан кир ювиш машинаси 670 000 сўм. Борингки, чангюткичдан тортиб компютергача, телефондан пичоқлар тўпламигача дўкондагидан икки-уч баравар арзон нархда. Уйингизгача бепул етказиб беришаркан. Энг муҳими, картадан пул ўтказмайсиз! Етказилганда тўлар экансиз – куйиб қоладиган жойингиз йўқ. Фақат битта шарти, гуруҳга 25 нафар одам қўшасиз.

Шундан кейин гуруҳда хоҳлаган товарингизни кўрсатиб, телефон рақамингиз ва уй манзилингизни ёзасиз! Манзил ва рақамни  мингларга ошкор қилиш қанчалик тўғри, деб ўйлай бошлаганингизда, админнинг «Фирибгар гуруҳларга алданиб қолманг!» деган огоҳлантириши сизни руҳлантиради. Обуначиларнинг «Нечта буюм буюртма қилиш мумкин?», «Неча кунда келади?» каби саволлари ортидан қатор буюртмалар, манзил ва рақамлар чиқиб келаверади. «5 дона қолди», «Базага янги товар келди» каби эслатмалар ҳам учрайди. Ора-орада харидорлар товарини олгани учун раҳмат айтган ёзув, ауидо ва видеоёзувларга дуч келасиз. Улкан юк машиналари, фуралар суратлари остида буюртмалар йўлга чиққани айтилади...

Шошилманг! Гуруҳга аъзо бўлиш ва буюртма беришни хаёлингизга келтирманг!

Мендан нима кетди? Ёлғоннинг катта-кичиги бўлмайди. Энди ўйлаб қарасам...

Гуруҳ ҳақида фикрларни ўрганиш учун кўчадан одам излашга ҳожат қолмади. Буюртмачилар гуруҳда ёзиб қолдирган рақамларга боғлана бошлаймиз. 

Гули,  Самарқанд шаҳридаги Қорасув қўрғонидан:

– 27 та одам қўшдим. 90 минг сўмлик ошхона чоппери, 350 минг сўмга «Кукмара» қозон тўплами, 47 минг сўмга учталик кострюл тўплами буюртма бердим.

Гули билан гаплашган кунимиз 21 октябрь эди. Натижани билиш учун гуруҳда ваъда қилинган уч кунни кутдик. Аёл билан 24 октябрда яна боғландик. Гулининг айтишича, унга ҳеч ким алоқага чиқмагани, админга алоқага чиқмоқчи бўлганида, блоклаб ташлашган. Ўқитувчи аёл «ростми ёлғонми, бир синаб кўрмоқчи эдим» дейди.

Андижонлик Солиҳа уни гуруҳга қўшниси қўшганини айтади:

– Ойим қишлоғиданмиз. Бир-биримизга қизиқиб қўшнилар билан ҳаммамиз буюртма бердик. Мен ошхона мебель тўпламини заказ қилдим. 430 минг сўм экан. Қўшнилар бири идиш, бошқаси чангюткични кутишди. Аммо, телефон ҳам бўлмади, буюртма ҳам келмади. Қарасам, «чёрний»га тиқиб ташлабди. Аниқ ишонч бўлмаса ҳам, одам қандайдир умидвор бўлар экан. Ўзимни алдангандек ҳис қилдим. Ёлғоннинг катта-кичиги бўлмайди. Содда одамларнинг кўнглини синдирганлик гуноҳи –  шу гуруҳни очиб, юрғизаётганлар бўйнида, – дейди  Солиҳа.

Иштихон туманидан ошхона буюми буюртма берган Нигора, фирибгар гуруҳга нега ишонгани сабабини шундай изоҳлайди:

– «Раҳмат, олдик» деган ёзувлар, видеолар одамни чалғитар экан, олмаганимдан кўра, яқинларим орасида кулгуга қолганимдан афсусдаман.

Хоразмлик Жасур Нурметов ҳам гуруҳга ўз ихтиёри билан қўшилмаган. Лекин, таклиф этилган жиҳозлар унинг ҳам эътиборини тортган.

– Мен 19 октябрда гуруҳга 25 нафар одам қўшдим, техник калитлар тўплами жуда ёқди ва аввало шуни ёздим. Кейин ошхона мебеллар тўплами, пичоқ жамланмаси ва электр қиймалагични қўшдим. Жами группа ҳисоби билан 800 минг сўмлик буюртма бердим. Уч кунда ҳам боғланишмади. «Нега бундай қиляпсизлар? Ё сизлар ҳам фирибгарми?» деб ёзмоқчи бўлдим, ёзиб бўлмади. Яна нимадир ёзиш учун ҳам одам қўшиш талаб қилинди. Тағин 25 нафар қўшдим. Шунда мен каналдан чиқариб юборилдим, – самимият билан гапиради Жасур.

Суҳбатдошимиз шундан кейингина мулоҳаза юритган. У буюмлар нархи билан боғлиқ гапни четга суриб қўйганда ҳам етказиб бериш хизмати текин бўлиши мантиққа сиғмаслигини таъкидлайди.

– Ошхона мебелининг ўзи бир «Камаз»лик юк. Тошкент ёки Самарқанддан Хоразмга етказилиши 2-2 ярим млн сўм бўлади. Очиғи, аввалига ишонмайроқ буюртма берган бўлсам ҳам, гуруҳ одам тўплаш мақсадида очилганини кейин билдим.

Оқдарёлик Элмурод Абдуллаев Россия, Қозоғистонда ишлаб оқ-қорани таниган йигитлардан. У гуруҳга қандай қўшилиб қолганига эътибор бермаган. Лекин, у ҳам «МUSODODАRA TOVARLAR» гуруҳига айтилганча одам қўшганлардан. Элмуроднинг танлови электорвелосипед, телевизор, учта болалар кроссовкаси бўлган.

– Буюртма бериб бўлгандимки, Бухоро, Қашқадарёдан «Бу гуруҳ ёлғон, одам қўшманглар!» ва «Фирибгарлар булар, ишонманглар» қабилида хабарлар пайдо бўлди. Бу гаплар бир пасда ўчириб ташланди. Мен мусофирчиликда бундан анча каттароқ ёлғонлар, фирибгарларга дуч келганим учунми, унча кўнглимга олмадим. Гуруҳга қўшган одамларим фирибгарлар қўлида янада чуқурроқ алдовларга дуч келса, албатта қийналаман. Афсуски, ўзим қўшган одамларни кейин ўзим гуруҳдан чиқариш имконим йўқ.

Яна бир  суҳбатдош аёл, асабийлашиб ўтирган эканми,

– Келадими, келмайдими, йўқотадиган нарсам йўқ, – деди.

– 30 та контактни қўшдим деяпсиз. Улар учун масъулиятни ҳис қиласизми?

– Хоҳласа гуруҳда қолади, хоҳламаса чиқиб кетаверади.

– Агар қўшган одамлардан бири бўлса ҳам шу гуруҳ билан бошланган қадамнинг давоми сифатида катта фирибгарчиликка учраса, хижолат бўлмайсизми?

Аёл телефонни ўчириб қўйди...  

Мусодара товарлар дўконда сотилади

Мусодара товарлар ҳамма вақт бўлган, бор ва яна бўлиши эҳтимоли юқори. Мусодара товарларнинг бир қисми божхона иши билан боғлиқ. Чегара постидан ноқонуний ўтказилган наркотик моддалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари суд ҳукми чиққанидан сўнг йўқ қилинади. Бироқ, йўловчиларнинг, божхона чегарасидан олиб кириш-олиб чиқиш меъёридан ортиқ ҳамда ноқонуний айланма йўллар орқали мамлакатга киритиш ҳаракати ортидан мусодара қилинган товарлар суднинг қарори асосида сотувга чиқарилади. 

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ғайрат Сатторов  божхона хизмати орқали мусодара қилинган товарлар фақат махсус дўконларда сотилишини таъкидлайди.

– Телеграммда «мусодара товарлар» номли фейк каналлар кўпаймоқда. Бу борада бизга ҳам мурожаатлар тушяпти. Ҳақиқий, ёлғонлардан холи «Bojxona servis - Rasmiy» номли каналга киришса, у орқали ўз ҳудудидаги дўкон манзили, телеграмм гуруҳи ва товарлари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш мумкин, – дейди Ғайрат Сатторов.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан шартнома тузган махсус дўконларда ҳам мусодара товарлари сотилади. Аммо, мусодара товарлар етказиб берилмайди!

Пулни тортиб олмаса, бундай канал очишдан мақсад нима?

Юқоридаги гуруҳ бир қарашда тўғридан-тўғри пул ундиролмайди. Бироқ, ёлғон ишлатилгани учун у фирибгар саналади. Бундай канал ёки гуруҳ очишдан мақсад нима? Шу савол билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоевга мурожаат қилдик.  

– Биринчи ҳолатда, канал ёки гуруҳга одам тўплаб олгандан кейин каналнинг номини дарров ўзгартириб олиб, кўп сонли обуначилари билан канални сотиш мақсад қилинади. Демакки, бундай каналдан барибир моддий манфаатдорлик кўзланади. Обуначи қанча кўп бўлса, шунча қимматроққа сотилади деган тушунча бор. Иккинчи ҳолат, нишонга айланган содда, ишонувчан одамларнинг рақамлари, манзиллари фирибгарлар қўлига тушгани билан боғлиқ. Маълум вақт ўтгач, бошқа усуллар орқали улардан фойдаланиш эҳтимоли катта.     

Лочинбек Киберхавфсизлик марказида бу йўналишда мониторинг олиб борилаётганини таъкидлади. «Ўзбекистон Республикаси қонунлари бузилгани аниқланган ҳолатларда маъмурий ёки жиноий иш очилади» дейди Лочинбек.

Гуруҳ очиш ва товарларни таклиф этишда, гарчи дастлабки босқичларида ҳуқуқий муносабатлар бузилмаган бўлса ҳам, ҳуқуқий баҳо якуний ҳаракати билан бериларкан.  

Ўрганиш жараёнида худди шундай телеграмм каналлар орасида тўловнинг 50 фоизини олдиндан тўлаш шартини қўйганлари борлиги маълум бўлди.

Кўзингизни каттароқ очинг

Телеграммга «Мусодара» сўзи билан сўров ташласангиз, ёлғон маълумотларга асосланган ўнлаб канал ва гуруҳлар чиқади. Уларнинг фирибгарлик каналлари эканини оддий киши буюртма бермай туриб, қандай билиши мумкин? Аввало кўзингизни каттароқ очинг, деталларга синчковроқ боқинг. Юқорида ўрганилган гуруҳда юзи кўринмаган бир аёлнинг «Раҳмат, идишлар етиб келди, байрамда ишлатамиз» деган видеотасвирига яхшироқ эътибор бердингизми? 17 октябрда ташкил этилган гуруҳда, у очилганидан буён тақдим этилган идишлар орасида шишали тўплам йўқ эди. Ундан кейин куни кеча қўйилган «минннатдорчилик»да қайси байрам назарда тутилаяпти? Янги йилга ҳали анча бор. Идишларнинг анча аввалроқ урфда бўлганини ўйланг. Буюртмалар йўлга чиққани «исботи» сифатидаги улкан фура суратига диққат қилдингизми? Рақами ҳам, ҳайдовчи ҳам хорижники эканини илғаш қийинми? Мулоҳаза қилишни ҳам ўрганинг. Кечикиброқ бўлса ҳам хоразмлик Жасур, юзлаб километрга бепул доставканинг ўзи қанчалар бўлади, деганидек.

Сифатли, янги, аксарияти хорижнинг номдор фирмалари маҳсулоти бўлган товарлар нега асл нархининг ярмида эмас, чорагидан ҳам арзонроққа баҳоланаяпти. Бу иқтисодиёт қоидаларига тўғри келмаслини билмайсизми? «Мендан нима кетди» деб фикрлашдан аввал худди шу гуруҳга боғланган бошқа гуруҳларда нималар бўлаётганини бир кузатинг. Majbur bot ҳар гал «Мажбурий одам қўшиш бошланди» деганда кимларни қўшади деб ўйлайсиз? Мажбурий қўшилган обуначилар энди товарнинг пули 50 фоизи олдиндан тўланади, одам қўшсангиз пул берилади, каби талаблар ва фейк хайриялар қўйилган бошқа гуруҳларга ўтказиб борилар экан, буларнинг барчасини зарарсиз деб бўлмайди.

«Xabar.uz» суҳбатга чорлаган ва буюртма бериб, алданиб қолганларнинг бари 30-40 ёшлар оралиғидаги эркак-аёллар эди. Шулардан бири «Мен ҳеч нарса йўқотмадим» деди «пастга тушгиси» келмай. Ўнлаб дўстларини фирибгарлар қармоғига хўрак қилиб бериш маънавий йўқотиш эмасми? Агар кимдир қандайдир гуруҳ ёки каналга ўзича қўшиб қўйганда, «Мени бундай каналларга қўшманг» деб айтишни ҳам ўрганинг.

«МUSODODАRA TOVARLAR» гуруҳи «Xabar.uz» ўрганишни бошлаган 20 октябрда бир ярим мингта обуначига эга бўлганда, 24 октябр оқшомида бу рақам 3876 тани ташкил қилди. Ушбу гуруҳда ҳамон буюмлар танланмоқда, манзил ва рақамлар ёзилмоқда. Фақат энди буюртма бериш шарти бироз ўзгарган: 30 нафар одам қўшасиз ва улар йўналиш берган янги гуруҳга аъзо бўласиз...

24 октябрь соат 23:59 ҳолатига кўра:

  • «MUSODARA TAVARLAR (2 ёндан совға сумкалари стикерли)» гуруҳида – 149 679 нафар,
  • «MUSODARA TAVARLAR (100 рақами стикери)» гуруҳида – 49 345 нафар,
  • «MUSODARA TAVARLAR (совға қутиси тасвиридаги стикер)» гуруҳида  – 29 847 нафар,
  • «MUSODARA TAVARLAR (совға сумкалари тасвиридаги стикер)» гуруҳида  – 65 675 нафар,
  • «Musodara Tovarlar (Ўзбекистон байроғи стикери)» гуруҳида – 23 910 нафар,
  • «Musodira tavarlar 12 vilayt» гуруҳида  – 11 409 нафар,
  • «Musodara Tovarlar» гуруҳида – 4 545 нафар обуначиси бўлган. 

Бундан ташқари, «Бепул сумкалар» ва «Алишер Усмонов хайрияси» каби қатор телеграмм гуруҳларида ҳам минглаб обуначилар жалб қилинган. Яна билмай қолганимиз қанчалардир.

Сўнгги вақтларда «Фирибгарлар кўпаймоқда» деган гаплар тез-тез такрорланаяпти.  Энди юқоридаги рақамларни қиёсланг ва ўзингиз айтинг, бизда фирибгарлар кўпми ёки лақмалар? Ҳолатнинг энг ёмони, фирибгарликни нормал деб қабул қилаётганимиз.  

Яқинда, Самарқандда хонадонлардан бирида инсультдан тузалаётган аёл уйида ёлғиз бўлганда бир нотаниш жувон келган. Ёрдам бермоқчи эканини айтган ва бир соатлар ичида уйдан анча нарсаларни олиб ғойиб бўлган. Бегона аёлни Самарқанднинг одамига ўхшатишмаган. Балки, бу воқеанинг телеграммдаги бетайин гуруҳларга алоқаси ҳам йўқдир. Лекин, барибир, фирибгар нега бошқа хонадонларни четлаб ўтиб, бемор ёлғиз қоладиган уйни топиб келган деган савол мақола ёзилиши жараёнида хаёлимдан кетмади. Ишқилиб, қаергадир аравача буюртма беришмаганмикан?

Мустаҳкам ТАНГРИЁРОВА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг