Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Қўғирчоқ маликаси». Асл касби ўқитувчи бўлган Моҳидил ўзгача истеъдоди билан ном қозонмоқда

«Қўғирчоқ маликаси». Асл касби ўқитувчи бўлган Моҳидил ўзгача истеъдоди билан ном қозонмоқда

Моҳидил Турсунова.

Фото: «Xabar.uz»

Истеъдодли одам ҳар соҳада истеъдодли. Баъзи ижодкорларни кўрганимда шу гап ёдимга келади. Асли бухоролик, айни пайтда Тошкентда яшаётган Моҳидил Турсуновани нафақат катталар, ҳатто ёш қизалоқлар ҳам танийди.

Қўғирчоқлари республика бўйлаб ўз оилаларини, ўз ойиларини топган. Асл касби ўқитувчи, фарзандлари ёш бўлгани боис, уйда қўғирчоқ ясаш билан шуғулланади. Умуман ҳақиқий ижодкор билан суҳбатлашиб тўймайсан, қайта-қайта эшитгинг, гапиртиргинг келади. Янгилик яратадиган одамларнинг суҳбатидан бир дунё янгилик оласан. Бундай одамларга савол бериб жавоб кутиш ҳам шарт эмас. Ишини севган, ҳунарини қадрлаган, янгиликка ўч инсон сизни фақат эшитишга ундайди. 

Илк қўғирчоқ қоғоздан бўлган

Келинг, ёшлигимда нимага қизиққаним ҳақида айтиб бераман —дизайнер бўлишни хоҳлаганман. Ота-онамнинг маслаҳати ва адабиётга қизиқишим туфайли педагогика институтига ҳужжат топшириб илк уринишдаёқ талаба бўлганман. Асл касбим тил ва адабиёт ўқитувчиси.

Болалигимда дастлаб қоғозга қўғирчоқнинг суратини чизиб, қирқиб ясаганман. Ҳозир мен ясаётган қўғирчоқ матолардан тикилади, бу ҳунарни ҳеч ким ўргатмаган, ўзим расмлар, интернет орқали ўрганганман. Қобилиятим туфайли осон ўзлаштирганман, деб уйлайман. Чунки онажоним қўли гул ҳунарманд аёл бўлганлар.

Қўғирчоқ тикишни  хобби сифатида бошлаганман, тайёр бўлгач ижтимоий тармоқдаги саҳифамга жойлаганман, буюртмалар туша бошлаган ва шу билан бу қўшимча даромадга айланган. Дастлаб икки йил давомида деярли даромад келтирмади десам ҳам бўлади, чунки завқ олиш учун ҳар хилларини тикиб эксперимент қилиб кўрардим. Уйимда 10-15та қўғирчоқ йиғилиб қолар, уларни арзонга бериб юборар эдим. Секин-секин қўғирчоқларим бир қолипга тушди ва қайси бирига эҳтиёж кўп тушса шуларни тикдим, тикяпман. Шунга ҳам 6 йил бўлиб қолди. Ундан олдин болажонлар учун ўйинчоқ ёстиқчалар тикардим. Кичкина қизим туғилгач ўз қўлларим билан ўйинчоқ тикиб бериш орзуси пайдо бўлди ва илк қўғирчоғимни унга атаб тикдим.  Ёшлигимда онажоним ўз қўллари билан қўғирчоқ ясаб берардилар ва шу хотирамда муҳрланган. Мен ҳам қизимнинг хотирасида ана шундай қолишини хоҳладим.

Қайсар қўғирчоқ қайсарлигича қолади

Қўғирчоқ ясаш майда иш, бунга ҳамманинг ҳам сабри етмайди. Битта қўғирчоқ ясаш учун 3-4 кун кўринишини ўйлаб юраман, сўнг митти «одамча» дунёга келади, тайёр бўлгач уни кийинтираман. Ҳар бир майда деталлари, аксессуарлари учун қайта-қайта дўконга, бозорга югураман. Чунки мижозим қўғирчоғидан хурсанд бўлишини хоҳлайман. Қўғирчоқ тикилиш жараёнида ҳам кўйлаги, кийимига қараб қиёфаси ўзгариши мумкин. Ҳар бир қўғирчоқнинг характери бор, яъни ўз характери билан дунёга келади. Мен уни қайта-қайта ўзгартиришга ҳаракат қилсам ҳам шу характер келиб чиқаверади. Битта қўғирчоқ ясаш учун баъзида бир кун, баъзида бир ҳафта вақт кетади. Айнан қайсар қўғирчоқ яратилаётган бўлса кўп вақт кетади. Масалан қўғирчоқнинг эгаси позитив эмас, унинг кўзларини шунчалик кулдиришга ҳаракат қилмай кўзлари «кулмайди».

Энг ёқимлиси фото ҳисобот

Қўғирчоқни ясаб бўлганимдан сўнг чарчоғим эсимдан чиқади, завқланаман. Бирпас дунё ташвишларини унутаман. Энг ёқимлиси нима, айтайми, қўғирчоқларим билан мижозларнинг бирга суратга тушиб фотоҳисобот жўнатиши. Уларнинг ўхшашини, бир-бирини қадрлашини кўриб тоғдек ўсаман, «болажон» ишончли қўлдалигидан севинаман. Яна бир гап: мен қўғирчоқни қўғирчоғим деб айтмасам қадрсизлаётгандек бўлиб қоламан.

Нимадан тикасиз...

Кўп бериладиган савол «қўғирчоқлар нимадан тикилади, матоси қанақа, қаердан оласиз, кийимларини ўзингиз тикасизми?»

Қўғирчоқларим махсус матодан трикотаждан тикилади, нарсаларини «Алиэкспресс» чет эл интернет дўкондан буюртма орқали оламан, кийимларини бошдан-оёқ ўзим тикаман ва тўқийман. Ҳатто қўғирчоқларнинг ўйинчоқчаларини ҳам ўзим тикаман. Дастлаб расмда кўриб турганингиздек бош, оёқ, қўл бўлакларини тайёрлаб оламан. Кейин йиғаман ва энг завқли онлар мазза қилиб кийинтираман. Ижодкор бошқаларни завқлантиришни, мукаммалликни яхши кўради. Агар илҳомим келмаса қўғирчоқ ясолмайман, ўша пайти айтайлик шапкачасини тўқиб қўйишим, кавушчасинигина тикишим мумкин.

Қўғирчоқларим кўпроқ эсдалик учун совғага мўлжалланган. Ҳеч қайси ижодкор бирор асарини бошлаганида сотишни эмас, балки, сифатли оригинал, мукаммал чиқишини ўйлайди. Қўғирчоқларим икки хил— катталарга ва болаларга мўлжалланган. Болалар учун чиройли қилиб кўзу қош тикаман. Чунки бола ўйинчоқ орқали дунёни танийди. Уларда савол бўлмаслиги керак. Катталарга, совғага мўлжалласам, сувенир сифатида тикиб бераман.

Улар менинг фарзандларим

Қўғирчоқларимни эгасига топшираётганда ҳаяжонланаман, ёқдимикан, мендек уларни севармикан, эҳтиётлармикан, деган ўйлар ўтади. Ҳозиргача қўғирчоқларимнинг эгалари миннатдор бўлишган, кераксизга чиқаришганига гувоҳ бўлмадим. Агар шундай бўлса... келинг бу ҳақда гаплашмай қўя қолайлик... Қўғирчоқларим доим одамларни хурсанд қилиб, болажонларга шодлик улашиб юраверсин.

Ота-боболаримиз айтгандек, ҳунарли одам хор бўлмайди, умрим давомида кўп бора гувоҳи бўлдим. Ҳар бир ўғил-қиз албатта ҳунарли бўлиши керак. «Илм бердинг ўғилга — бир одамга бердинг, илм бердинг қизга—бутун авлодга бердинг», деганларидек ҳунар  ҳам шундай деб ўйлайман. 

Одам севимли машғулоти билан ўзига ва оиласига катта ёрдам беради. Қўғирчоқ тикишдан ташқари расм чизаман, тикаман, ҳатто оёқ кийим ҳам тўқийман. «Handmade», яъни қўл меҳнатининг алоҳидалиги—унинг такрорланмаслиги, баъзида буюртмачилар бирор қўғирчоқни кўрсатиб худди шундай ясаб беринг дейишади, бунинг иложи йўқ, энг бўлмаганда рангги бир бирига ўхшамай қолиши мумкин. Шунинг учун қўл меҳнати қадрли, сабаби у ягона бўлади.

Космонавт, стюардесса, ҳамшира

Баҳорой, врач косметолог, шифокор, келин-куёв, туғруқхона шифокори, ўқитувчи, бизнесмен, раққоса, Гарри Поттер... Бу қўғирчоқларни бирор касб эгасига ёки қаҳрамон тимсолида тайёрлаб бераман ва оилада вояга етаётган қизда бирор касбга муҳаббат уйғотишида қўғирчоғимнинг ҳиссаси катта. Мижозлар қўғирчоқни расмдагидек кийинтиришимни, сочларини ўзлариникидек қилишимни сўрашади. Ва қўлимдан келгунча ўша образни, қиёфани яратаман. Қўғирчоқ фақат ёш болаларники дейишади, лекин катталарнинг қиёфаси яратилиши ўша инсон учун, яъни ўзини жажжи қўғирчоқда кўриши кайфиятни кўтарувчи антистресс малҳам.

Наврўз учун махсус қўғирчоқ

Баҳор пайтлари, байрамларимизда миллий қўғирчоқларни буюртма беришади. Менга жуда ёқади ранг-баранг матолардан қўғирчоқни кийинтириш. Уларнинг сочларини майдалаб ўзим ўриб қўяман. Айниқса миллий кийимларни тикаётганимда ҳар бир элементига эътибор бераман. Баъзида кийимлар билан боғлиқ адабиётларни титкилашимга тўғри келади.

Хорижлик мижозлар-чи?

Чет элга сотиб кўрмаганман. Билишимча қўл меҳнатини сотишга кўмаклашадиган хориж сайтлари бор экан, аммо ҳозирча мижозларим етарли, балки келгусида миллий қўғирчоқларимни сотиш, бошқаларни қадриятларимиздан хабардор қилишга уриниб кўришим мумкин. Ўзимизнинг кўргазмаларда иштирок этганман, лекин ёш болам борлиги учун кам қатнашганман. Ниятим касб-ҳунарга мўлжалланган курсларни очиб болаларга турли ҳунарларни ўргатиш. Ҳозир баъзи сабабларга кўра, буни амалга оширолмадим. Келажакда бу ниятим ҳам амалга ошади деган умиддаман.  

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг