Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда жамоат транспортларини куну тун ишлаш тартибига ўтказиш таклифи берилди

Тошкентда жамоат транспортларини куну тун ишлаш тартибига ўтказиш таклифи берилди

Стратегик ислоҳотлар агентлиги тунги иқтисодиёт бўйича хорижий давлатлар (Буюк Британия, АҚШ, БАА ва Австралия) тажрибасини ўрганиб, иқтисодиётнинг ушбу тури ривожланган шаҳарларида йиллик тушумлар миқдори сезиларли даражада юқори эканини аниқлади.

Агентликнинг билдиришича, хусусан, 2023 йилги маълумотларда Лондонда тунги иқтисодиётдан йиллик тушумлар миқдори – 44 млрд долларни, Бангкокда – 10 млрд долларни, Нью-Йоркда – 35 млрд долларни, Дубайда – 29 млрд долларни ҳамда Сиднейда – 3,8 млрд долларни ташкил этиши айтилади.

Бундан ташқари, ушбу шаҳарларда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида алоҳида ҳудудлар ажратилган ҳамда қўшимча иш жойлари ташкил этилган. Шунингдек, тунги иқтисодиётни ривожлантириш орқали юқоридаги шаҳарларда маҳаллий ва хорижий туристлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Юқорида келтирилган шаҳарларда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилган.

Хусусан:

  • кўнгилочар масканлари ва ресторанлар 24 соат фаолият юритиш ҳуқуқини берадиган лицензияга эга, қонунчиликка уларнинг иш вақтини узайтириш имконини берувчи нормалар киритилган;
  • тунда фаолият олиб борувчи ташкилотлар ва аҳоли манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ҳамда тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида тунги мэр (тунги ҳоким) лавозими жорий этилган;
  • Лондон ва Нью-Йоркда тунги мэр шаҳар ҳукумати, тадбиркорлар ва жамоат ўртасида боғловчи вазифасини бажаради;
  • тунги ҳаёт фаол ҳудудларда аҳоли ва туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида полиция патруллари сони кўпайтирилган ҳамда 24 соат давомида хизмат кўрсатадиган жамоат транспортлари йўналишлари яратилган;
  • Сидней шаҳрининг тунги вақтда хавфсизлик, тартиб ва тозаликни таъминлаш мақсадида прецинкт элчилари (Precinct Ambassadors) жорий этилган ҳамда Лондон, Дубай ва Нью-Йорк шаҳарларда тунги автобус ва метро йўналишлари йўлга қўйилган;
  • тунда фаолият олиб борувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кенг амалга оширилиб келинади;
  • Нью-Йорк ва Сиднейда кўнгилочар масканлар ва тунги фаолиятни олиб борувчи тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш дастурлари, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар жорий этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида бир қанча ижобий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида ҳозирга қадар 2 та 24 соат фаолият олиб борадиган гастрономик кўчалар (Султонали Машҳади ва Тарас Шевченко) мавжуд бўлиб, яна 8 та кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, вилоят раҳбарларига туристлар учун дам олиш дастурларини тасдиқлаш орқали савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш обектлари фаолияти тунги вақтда чекланишига йўл қўйилмайдиган зоналарни аниқлаш ваколати берилган.

Шунга қарамасдан, Тошкент шаҳрида тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун биринчи қадам сифатида амалга оширилиши лозим бўлган имкониятлар четда қолиб, бир нечта кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш чора-тадбирлари билан чекланиб қолинмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

  1. 2025 йил 1 февралдан бошлаб тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ишчи гуруҳ ташкил этиш.
  2. Тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар жума ва шанба кунларида дам олиш масканларни 24/7 режимида узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш ва тунда фаолият олиб борувчи масканларнинг иш вақти билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш.
  3. Тошкент шаҳрида туристик салоҳиятга эга ҳудудларни белгилаб ушбу ҳудудларда тунги фаолият зоналарини ташкил қилиш.
  4. Тунги иқтисодиёт ривожлантирилиши режалаштирилган шаҳарларнинг ҳар бирида жамоат транспортини 24 соатлик режимга ўтказиш.
  5. «Тунги Тошкент» электрон платформасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу платформада тунда фаолият олиб борадиган масканлар, тунги жамоат транспорти йўналишлари ҳамда махсус арзонлаштирилган таклифлар ҳақида маълумот олиш имконини яратиш.
  6. Тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида белгиланган муайян ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларда ёритиш тизимини кучайтириш ҳамда аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.

Агентлик, шунингдек, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Президентнинг «Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидламоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг