Ўзбекистонда футболчилар маошининг энг кам миқдори ўзгарди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 5 баробаридан кам шартномаларни рўйхатдан ўтказмаслигини маълум қилди.
Ташкилотга кўра, бу ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаш мақсади билан боғлиқ.
«Лига рўйхатидан ўтадиган меҳнат шартномаларида минимал ойлик-маош белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра клуб ўз футболчисига Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган суммада маош белгилаши лозим.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, профессионал футбол клубларида ойлик-маошларнинг юқори миқдори ошишда давом этмоқда, бироқ ёш иқтидорларни рағбатлантириш масаласида қатор муаммолар мавжуд», – дейилади расмий маълумотда.
Қайд этилишича, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори кўринишида маош олаётган футболчида ўзининг ойлик чиқимларини қоплаш билан боғлиқ қийинчиликлар бор. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда Ўзбекистон футболчилари уюшмаси ҳамкорликда Ўзбекистон футбол ассоциациясига мазкур масалада қўшма таклиф киритган.
Ҳар уч ташкилот ҳамкорликда якдил қарор қабул қилгунига қадар эса ПФЛ меҳнатга ҳақ тўлашнинг беш баробар миқдоридан кам бўлган меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter