Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон талабалари «Seeds for the Future» таълим лойиҳасида иштирок этиш учун Қатарга боради

Ўзбекистон талабалари «Seeds for the Future» таълим лойиҳасида иштирок этиш учун Қатарга боради

2023 йил 30 август Huawei компанияси Ўзбекистон талабалари учун ҳар йили ўтказиладиган «Seeds for the Future» таълим лойиҳасини ишга туширди. Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида Ўзбекистоннинг 7 та олий ўқув юртидан 15 нафар талаба жорий йилнинг сентябрь ойида Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг 15 та давлатидан ташриф буюрган лойиҳа иштирокчилари билан биргаликда АТ йўналишларида таҳсил олиш учун Қатарга боради.

Рақамли технологиялар вазирлигида Huawei компаниясининг бутун дунё бўйлаб истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича корпоратив ижтимоий ташаббуси доирасидаги «Seeds for the Future» таълим лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик талабалар тўққизинчи марта рақамли кўникмаларини ошириш, билим алмашиш, АКТ соҳаси ҳақида хабардорликни ошириш ва ёш истеъдодларнинг рақамли ҳамжамиятини ривожлантириш учун бошқа мамлакатлардан келган иштирокчилар билан бирлашадилар. Жорий йилда Доҳа (Қатар) шаҳрида Ўзбекистонлик талабалар билан биргаликда Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг 15 давлатидан, жумладан Қатар, Саудия Арабистони, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қозоғистон, Покистон, Уммон, Иордания, Ливан, Ироқ, Озарбайжон, Мўғулистон ва Қирғизистон каби университетлардан 175 нафар талаба лойиҳада иштирок этади.

Лойиҳа иштирокчиларини Доҳага сафари олдидан қўллаб-қувватлаш мақсадида лойиҳанинг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, АТ соҳасига эга маҳаллий университетлар раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Huawei компанияси вакиллари, шунингдек, «Seeds for the Future»нинг ТОП-10 та глобал Амбассадори лойиҳаси аъзоси Инҳа университети битирувчиси Нодира Тиллаева иштирок этдилар.

Лойиҳада иштирок этиш учун ариза топшириш жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистоннинг 11 та олий ўқув юртлари талабалари учун бошланган эди. Танлов натижаларига кўра 15 нафар талаба якуний суҳбатдан энг яхши натижалар билан ўтди. Дастур иштирокчилари: Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент халқаро таълим университети, Тошкент шаҳридаги Кимё халқаро университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг юқори курс талабалари, шунингдек «Янги Ўзбекистон» университети талабалари лойиҳага илк бор қўшилди.

«Уч йил давомида «Seeds for the Future» дастури Ўзбекистонда гибрид форматда амалга оширилганидан сўнг, лойиҳа яна бир бор маҳаллий истеъдодлар учун таълимни хорижга саёҳат қилиш билан уйғунлаштириб, АКТ билимларини ошириш имконини беради. Назорат қилувчи органлар ва олий таълим муассасалари кўмагида Ўзбекистонда ҳамда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларида АКТ иқтидорларининг очиқ экотизимини биргаликда яратиш орқали биз ёшларни рақамли дунё имкониятларини чуқур ўрганишга илҳомлантиришни мақсад қилганмиз. Биз 2023 йил дастури иштирокчиларини табриклаймиз ва таълим жараёни ва бошқа мамлакатлар иштирокчилари билан маданий алмашинувдан максимал даражада фойдаланишни истаймиз», деди Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори жаноб Чен Сзякай.

2023 йил 2 сентябрдан 9 сентябргача «Seeds for the Future» дастури давомида иштирокчилар минтақавий танловга тақдим этиш учун ўзларининг Tech4Good лойиҳасини ҳам ишлаб чиқадилар. Танловдан мақсад ёшларни барқарор ривожланиш мақсадларига (БМТ БРМ) эришиш учун рақамли ечимлардан фойдаланиш орқали ўз жамиятларида ижобий ўзгаришлар яратишга жалб қилишдир. Агар Tech4Good лойиҳаси ҳакамларга муваффақиятли тақдим этилса, иштирокчилар 2023 йилнинг 10-16 сентябрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган иккинчи босқичга ўтиш имкониятига эга бўладилар. Акселератор дастури натижаларига кўра, Tech4Good ғолиблари Хитойда бўлиб ўтадиган якуний глобал танловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўладилар.

«Seeds for the Future» - Huawei компаниясининг флагман глобал корпоратив ижтимоий масъулият бўйича таълим дастури ҳисобланиб, 2008 йилда ишга туширилгандан бери дастурда 139 мамлакатдан 15 000 дан ортиқ талаба иштирок этди. Ўтган йилларда Ўзбекистонлик 50 нафар талаба Хитойда дастур бўйича, 2020-2022 йилларда эса 82 нафар талаба дастурнинг онлайн версиясида иштирок этган. 2017 йилда Ўзбекистондан «Seeds for the Future»  лойиҳасининг 4 нафар иштирокчиси Пекинда бўлиб ўтган «Бир камар, бир йўл» халқаро саммитида иштирок этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг