Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк Бошқарувининг 2023 йил 26 октябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
«Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар ва кутилмалар йилнинг биринчи ярим йиллигидаги пасайишдан сўнг, маҳсулотлар таклифидаги ўзгаришлар ва инфляцион талаб омиллари фонида бироз тезлашиши кузатилди.
Асосий ставканинг жорий даражаси йил охирига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари доирасида шаклланиши учун зарурий пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилади», – дейилади Марказий банк пресс-релизида.
Қайд этилишича, умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикада шаклланиб охирги чоракда 9,2 фоизгача тезлашган. Марказий банк инфляция ўсишининг таркибий омиллари қаторида озиқ-овқат нархларининг 11 фоизгача тезлашиши, мева-сабзавотлар ва тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг умумий инфляциядаги ҳиссаси ортиши билан изоҳламоқда.
Маълумот учун, Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 декабрга белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter