ХV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ёш киноижодкорлар ўртасида «Кино 5 кунда» танлови ўтказилади
Бу йил танловда МДҲ мамлакатлари – Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистоннинг 7 та олий ўқув юртидан 14 нафар ёш киноижодкорлар иштирок этади.
23 сентябрь куни соат 11:00да Тошкент шаҳридаги янги Ivent Hall биносининг биринчи қаватида «Кино беш кун ичида» халқаро ёшлар танловининг бошланишига бағишланган махсус матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжумани давомида расмий шахслар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, шунингдек, танлов иштирокчилари ўзларининг табрик сўзлари билан чиқишди.
Эртаси куни, 24 сентябрь санасида иштирокчилар республиканинг маданий ва тарихий аҳамиятга эга жойларига бориб, у ерда «Ўзбекистон – менинг орзуим!» мавзусида ўз фильмларини суратга олишади.
• Арманистон – Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси
• Озарбайжон – Шаҳрисабздаги Оқ Сарой мажмуаси
• Қозоғистон – Бухородаги Арк қалъаси
• Қирғизистон – Намангандаги Ахсикент шаҳристони
• Молдова – Бухородаги Ситораи Моҳи хоса саройи
• Россия – Марғилон шойи тўқиш фабрикаси
• Тожикистон – Тошкентдаги Ҳазрати Имом ансамбли
Низомга кўра, икки кишидан иборат ҳар бир жамоага етти нафар ёш маҳаллий кино мутахассисларидан иборат суратга олиш гуруҳи бириктирилади. Иштирокчиларга фильм тайёрлаш учун беш кун - суратга олиш жараёни учун уч кун, монтаж учун бир кун вақт ва дубляж учун бир кун ажратилади.
Танлов иштирокчиларининг асарлари жаҳон киносининг ҳақиқий усталари томонидан муносиб баҳоланади. Таниқли ўзбек режиссёрларидан бири Али Ҳамроев ҳакамлар ҳайъати раиси вазифасини бажаради. Ҳакамлар ҳайъати таркибига, шунингдек қуйидаги ижодкорлар киритилган:
• Энг номдор россиялик режиссёрлардан бири, Венеция ва Канн кинофестиваллари совриндори Александр Сокуров;
• Афғонистонлик кинорежиссёр ва продюсер, «Олтин глобус» ва Канн кинофестиваллари мукофотлари совриндори Сиддиқ Бармак;
• Машҳур ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Маҳмудов;
• Машҳур туркман режиссёри Хўжақули Нарлиев.
30 сентябрь куни соат 16:15 да Тошкент Киночилар уйининг мажлислар залида «Кино 5 кунда» танлов лойиҳалари бўйича ишларнинг якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ва open air, 1 октябрь куни соат 17:00 да Киночилар уйи амфитеатрида ўтказилади.
«Кино 5 кунда» танлови Тошкент халқаро кинофестивали доирасида учинчи бор ўтказилмоқда. 2021 йилда танловда 20 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган. Жумладан, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Болгария, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Испания, Қозоғистон, Кения, Қирғизистон, Марокаш, Мексика, Россия, Тожикистон, Украина, Филиппин, Франция, Швейцария, Эстония, Жанубий Корея ва Япониядан ташриф буюрган ижодкорлар ўз ишларини намойиш этишган. 2022 йилда Озарбайжон, Беларус, Молдова, Россия, Ҳиндистон, Исроил, Жанубий Корея, Руминия, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари мусобақа совринлари учун кураш олиб боришган. Ўзбекистон жамоалари икки йил кетма-кет ғолибликни қўлга киритишган. Бу йил ўзбек киноижодкорлари танловда қатншмаяпти, улар ўзаро беллашади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, «Кино 5 кунда» дастурининг асосий мақсади, ёш киноижодкорларни янги фильмлар яратишга ундаш, хорижлик ҳамкасбларини Ўзбекистон анъаналари ва маданияти билан таништиришдан иборат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter