Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наврўза Бийназова: «Шайтанат»даги ролимга Райҳон Ғаниева сабабчи бўлган» (видео)

Наврўза Бийназова

Тележурналист, сценарийнавис, кинорежиссёр.

«Шайтанат» сериалидаги Зайнаб образи ижрочиси.


1988 йил. Бекатда автобусини кутаётган 17 ёшли қизни бир аёл кузатиб тураркан, қиз ҳам буни пайқагач, аёл муддаога кўчади: «Мен «Ўзбекфильм»данман. Янги чеҳраларни излаётгандик. Фотосинов топшириб кўринг!»

Қиз  фотосинов топширгани «Ўзбекфильм» киностудиясига боради. Лекин унинг ёши бўлажак фильм қаҳрамонининг турли ёш даврларини ижро қилиш учун тўғри келмайди. «Ўзбекфильм» остонасидан илк бор хатлаган 17 ёшли қиз бу даргоҳга мафтун бўлиб қолади. Бу унинг кино билан, кино муҳити билан илк учрашуви эди! Қиз орадан 10 йил ўтиб, тақдири яна кино билан  туташишини хаёлига ҳам келтирмагандир, эҳтимол...

Мана ўша 17 ёшли қизнинг фотосинов учун тушган сурати. Юздаги истара сизга танишми?... Эслаб кўринг-а? Айниқса, нигоҳлардаги сирлилик сизга кимни эслатаяпти?  

 

У келажакда санъатнинг бошқа йўлини тутган бўлса-да, барибир, тақдир тақазосига кўра кинода биргина образи билан томошабин ёдида қолди. Бу унинг – «Шайтанат» сериалидаги Зайнаб образидир. Тўғри, у профессионал актриса эмасди. Лекин асар муаллифи, ёзувчи Тоҳир Маликнинг Зайнаб образига номзодлар борасида билдирган фикри ҳал қилувчи қарор бўлганди.

«Шайтанат» сериали режиссёри Жаҳонгир Қосимов билан битта телеканалда фаолият юритганмиз. Биргаликда кўрсатув тайёрлардик. Режиссёрга сериал учун муҳаррир керак бўлган. Шу тариқа, сериал жамоасига қўшилгандим. Зайнаб ижрочисини узоқ вақт излашган. Киносиновга жуда кўп қизлар келишган. Улар  орасида машҳур чеҳралар ҳам бор эди. Хонанда Райҳон Ғаниева ҳам киносиновга келган. У киносиновни жуда яхши топширганди. Бироқ ижодий гуруҳ унинг номзодида нимагадир иккиланишган. Шундай бўлса-да, қарангки, мени киносинов топширишимга Райҳон Ғаниева сабабчи бўлиб қолган. У келгач, ижодий гуруҳ аъзолари иккимизнинг юз тузилишимиздаги ўхшашликни пайқаб қолиб, менга «Сен ҳам киносинов топшириб кўргин!» дейишган. Киносинов топширдим. Кимдир қарши бўлди, яна кимдир мен томон... Кейин яна қайта икки-уч марта киносинов топширдим. Номзодларни кузата туриб, жуда муваффақиятли киносиновларни гувоҳи бўлганман. Лекин барибир, ҳал қилувчи қарор гапни асар муаллифи, атоқли ёзувчи Тоҳир Малик айтганлар: «Мана шу қиз – ҳақиқий отасининг қизи!» 

Бу мавзудаги сериаллар бизда камёб бўлганлиги учун ҳам халқ «Шайтанат»ни ўзгача қизиқиш билан кутиб олган, деб ўйлайман.  Шу сабабли ҳам, сериалнинг ҳар бир қаҳрамони томошабинга яхши танишдир, эҳтимол. Гарчи сўзлари ва диалоглари кам бўлишига қарамай, сериалнинг бошқа қаҳрамонлари қаторида негадир Зайнаб ҳам томошабин ёдида қолган. Ўша пайтда мен учун Зайнаб иккинчи планда қолиб кетгандек, фаол эмасдек кўринган. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Қаҳрамон қаҳрамонлигини қачон қилади? Қачонки, ўз муносабатини, ўз қилмишини сезиларли даражада содир этсагина! Лекин яна бир томони, сериалнинг кейинги қисмларида Зайнаб бутунлай ўзгаради. Балки шунинг учун ҳам сериалнинг бошида у фаол эмасдир. Дастлабки қисмларда уни сокин, сипо тарзда тасвирланиши сабаби кейинги қисмларга қараганда таққослаш учун бўлгандир, деб ҳам ўйлаб қоламан.

Ўшанда 27 ёшда эдим. Соғинаман суратга олиш жараёнларини... Сериал суратга олинган маконларни қўмсайман... Ўша эски уйлар, «Лабзак»даги ҳовлилар... Бир куни борганман ўша уйларни излаб. Лекин тополмадим. Балки бузилиб кетгандир, балки манзилда адашдим. Зайнабни ўғирлаб кетишганидан кейин битта уйга олиб келишади-ку. У уй жуда эски, қадимий уй эди-да, антиқа. Илгари ўша уй карвонсарой бўлган экан. Уч қаватли, уйнинг тагида шунақа қисми бор эдики, худди ертўлага ўхшаб кетарди. У ерга отларни боғлашган экан. Суратга олиш пайтида пешонам ёрилишига сабабчи бўлган дарвоза ҳам шу уйнинг дарвозаси эди. Мени уйга бошим билан эшикка туртиб, олиб киришган ва  пешонам билан дарвозага урилганман. Икки-уч карра қилинган  репетицияда бу нарса бўлмаган. Актёр ҳар сафар тирсаги билан очарди эшикни. Негадир, суратга олиш пайтида буни акси бўлди. Актёр эшикни тирсаги билан очишга улгуролмаганми, эсидан чиқиб қолганми, билмадим, хуллас, буни оқибатида пешонам ёрилган...

Актриса бўлмаганлигим учун Зайнабни талқин қилиш қийин туюлган. Ўзимга савол берардим: Қандай ўйнайман? Ўзи у қанақа қаҳрамон? Кейин умуман, Зайнаб мени табиатимга ёт қаҳрамон эди. Ўзимга яқинроқ бўлса-ку, бошқа гап. Масалан, Зулфиқор Мусоқов фильмларида ҳам эпизод ролларни ижро қилганман. Бу режиссёр билан ишлаш менга қулай ва жараён осон кечади. Чунки, аслида, ҳеч нарсани ижро қилиш керак эмас, балки кадрда ўзим бўлиб туриб бераман.

«Шайтанат» сериалида битта эпизод бор: Зайнаб уйига қайтиб келгач, отаси билан биринчи учрашуви. Бу эпизод узун битта планда суратга олинган. Битта репетиция қилдим, кўришди. Кимдир яхши, кимдир яна қайта ишлаш керак, деди. Кейин иккинчи дубль қиладиган бўлишди. Мен учун бу вазият, айтаётган тавсия, кўрсатмалари тушунарсиз кечаётганди. Шунда менга раҳматли актёр Жамшид Зокиров ёрдам берганлар. «Ота-қиз учрашуви» эпизоди моҳиятини осонгина тушунтирдилар, ҳаётий қилиб: «Нима бўлган бўлса ҳам, бунда сени айбинг йўқ! Бўлган воқеада ўзингни айбдор санама! Лекин отанг билан юзма-юз келишинг муқаррар!...» Шундан кейингин-а, ички сезги билан шу эпизодни ижро қилганман. Жамшид ака ўша гапни ўта хотиржамлик билан айтгандиларки ва ана шу ҳотиржамлик  менга ҳам юққанди ва албатта, ижроимга ҳам...

Режиссёр «Мотор!» деганидан сўнг ёки ўша нарса бўлади ёки йўқ! Айтишади-ку, бу лаҳзада бир илоҳий илҳом тўлқини келади-да ва сизни ўзи бошқаради. Беихтиёр содир бўлади ҳаммаси! Мана шу нарса учун камера қаршисида тургинг келаверади!  

Зайнаб қаҳрамони орқали халққа танилдим. Кўрсатувларим мавзуси тор доирага мўлжалланганлиги учун ҳамма ҳам кўрмасди шекилли. Кўча-кўйда «Сиз ўшами?» дейишади. Баъзида ҳа, дейман, баъзида эса йўқ. Ўхшайман, лекин у эмасман, деб ҳам жавоб бераман (кулади).

Наврўза Бийназова билан суҳбатимиз Зайнаб образи ҳақида бошланиб, давоми эса унинг телевидение соҳасида фаолият юритган йиллари ва сценарийнавислик ижодида етакчи ўрин тутган аёллар мавзуси ҳақида бўлди. Шунингдек, ижодкор ўзининг севимли китоблари борасидаги фикрлари билан ҳам бўлишди. Суҳбатни батафсил xabar.uzнинг  youtube саҳифасида томоша қилинг.

Лобар Қобилова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг