Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Шайтанат» сериалидан зиғир оши рекламаcида фойдаланган фуқаро жаримага тортилди

«Шайтанат» сериалидан зиғир оши рекламаcида фойдаланган фуқаро жаримага тортилди

Фото: Сериалдан парча

«Шайтанат» фильмидан парчаларни ҳажвий тарзда дубляж қилиб, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилган шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, муаллиф ўз асарини, шу жумладан, номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи (муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи)га эга. Шунингдек, асарни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирор-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланган.

Ўз маҳсулотини реклама қилиш ва харидорларни жалб қилишни кўзлаган Б.М. билан аксинча ҳолат юз берган. Тадбиркор ош маҳсулотини реклама қилиш мақсадида «Шайтанат» киноасари қаҳрамонлари овозларини харидор ва буюртмачиларни жалб қилиш учун монтаж қилиб, киноасар қаҳрамони тилидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ҳамда ош маҳсулотини харид қилишга чақирувчи видеоролик тайёрлаган. Уни Telegramда муаллиф розилигисиз жойлаштирган.

«У ушбу ҳаракати билан "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги қонун талаблари жиддий равишда бузилишига йўл қўйган. Қонунга биноан, фақатгина муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўлиб, юридик ва жисмоний шахслар асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан ёхуд улар бўлмаган тақдирда, бу ташкилотларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган. Муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлиб, аудиовизуал асарни ёки фонограммани даромад олмасдан фақат шахсий мақсадлар учун асар муаллифининг, ижрочининг, фонограммани ва аудиовизуал асарни тайёрловчининг розилигисиз, лекин уларга ҳақ тўлаган ҳолда такрорлашга йўл қўйилади», — дейилган ИМА баёнотида.

Мазкур ҳуқуқбузарликдан хабар топган сериал муаллифи (Ёдгор Саъдиев) мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги, унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилганлиги ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир-чораларни кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат этган.

Агентликнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими томонидан баённома тузилиб, тегишли суд инстанцияси томонидан ҳуқуқбузар киноасардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177 (1)-моддаси (Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилди. Мазкур моддада ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима жазоси тайинланиши қайд этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг