Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Валломат бўлмайдими?..» – Сардор Умурзоқов ўтказган мажлиснинг аудиоси тарқалди

«Валломат бўлмайдими?..» – Сардор Умурзоқов ўтказган мажлиснинг аудиоси тарқалди

Кеча, 28 октябрь куни газдан узилган иссиқхоналар муаммоси бўйича Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Администрация раҳбари Сардор Умурзоқов мажлис ўтказди.

Ижтимоий тармоқларда ушбу йиғилиш аудиоси тарқалди.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари иссиқхоналарда газ таъминоти огоҳлантиришсиз узилганини қаттиқ танқид остига олиб, тадбиркорларнинг эътирозлари ҳаққоний ва адолатли эканини таъкидлаган.

«Бизга ҳар бир доллар, ҳар бир маҳсулот ҳаводек керак. Ҳозир маҳсулот пишаётган вақтда иссиқхоналарни газдан узишимиз... Биз қайси даврда яшаяпмиз? Давлатимиз раҳбари куйиниб, «инсон қадри» деяптилар. Бизда инсон қадри қани? Тадбиркор қадри қани? Қайси битта иссиқхоначининг дарди эшитилди? Қайси бир тадбиркорнинг муаммосига ечим топилди? Фақат уёққа бор, буёққа бор. Тошкентга келган кечаги тадбиркорлар ҳудудлардаги газ таъминоти ташкилоти томонидан умуман огоҳлантиришсиз газдан узилган. Ҳозир улардан сўрасангиз, огоҳлантирганмиз, дейди. Қандай огоҳлантиргансизлар: бориб огоҳлантириб, шартта газни узгансиз. Энг ёмони, кўп тадбиркорларимиз газнинг пулини олдиндан тўлаб қўйган. Бу ҳаққоний ва адолатли эътирозларни вужудга келтирди. Яна тадбиркор ёмон, ким яхши унда? Зўравонлик қилган газ ходими яхшими?

Энг заиф ва жавоб беролмайдиган қатламни қурбон қилишга аҳд қилдик. Майли, 1,5 фоиз газни иқтисод қилдик, бунинг ҳисобига экспортни ва иш жойларини «ўлдирдингиз», кредитини тўлолмай, тадбиркор банкротга учрайди. [Кейин] нима қилади булар? Ким буларга жавоб беради? Мен бекорга ҳозир ДХХ раҳбарларини ҳам чақирмаганман. Бу давлат хавфсизлигига таҳдид қиляпти ёки нотўғрими? Эртага экспортни давлатга ким тиклаб беради? Тадбиркорга даромадини ким тиклаб беради, ким кредитини қайтариб беради?» – дейди Умурзоқов.

Йиғилишида айтилишича, 4 та вилоят – Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги иссиқхоналар газдан узилган.

Маълум бўлишича, Сардор Умурзоқов Президент администрациясининг назорат инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримов, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Турабов ва бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга  қуйидагича топшириқ берган:

«Сизларга топшириқ – мана шу 4 та вилоятнинг «Ҳудудгаз» бошқармаси бошлиқлари қилган ишларни ўрганасизлар. Нимага асосан қилди, фаолиятини текшириб берасизлар.

Агар битта кичкина жиноят аломати бўлса, сўрамасдан жиноий жавобгарликка тортасизлар. Қонун доирасида. Менга ёзиб берибсизлар, огоҳлантириш, ҳайфсан… «Проста так» бирортаси қутулмаслиги керак. Агар кўрсатмани раҳбарига (қарши) берса, раҳбарини ҳам жавобгарликка тортасизлар. Раисми, муовинми, ким бўлишидан қатъи назар», – дея таъкидлаган администрация раҳбари.

Сардор Умрзоқовнинг сўзларига кўра, газдан узилган иссиқхоналар орқали 10 мингга яқин аҳоли доимий даромад ва иш ўрни билан таъминланган бўлган.

«Ҳозир мен тилга олган иссиқхоналарда 10 мингга яқин аҳоли иш билан таъминланган эди. Улар нима бўлади? 10 минг одам бу – оиласи билан 50 минг одам дегани. Шунча одам норози ва камбағаллик даражасига тушиб кетади. 50 мингтаси эртага кўчага чиқади. Нимага ва кимга керак бу?

Биздаги «газ-заправкалар»га қанча ўғирланиб, газ сотиляпти. Ўзи вақти келди, бунинг ҳаммасини кўтариб, жиноий жавобгарликкача тортиш керак. Қачонгача булар газни ўғирлайди? Нариги ёқда ҳалол, пешона терини тўкиб, рискка бориб, кредит олиб меҳнат қилаётган одамларнинг орқасидан 10 минг оиланинг қозони қайнаяпти. Бу фақат тўхтатилгани. Булар нонсиз қолиши, қийналиши керакми?

Ҳаммасини кўтаринг, «заправка»ниям, бошқасиниям. Валломат бўлмайдими, ким бўлишидан қатъи назар. Ўғирлаган газини тийинигача тиклатамиз», – деган Сардор Умурзоқов.

Шундан кейин Сардор Умурзоқовга ҳисобот берган ҳукумат расмийси айни пайтгача 48 та иссиқхона газга улангани ва улаш ишлари давом этаётганини айтган.

«Сиз менга бугун кафолат хати ёзиб берасиз, тагига ҳар бир иссиқхонанинг номи билан ёзиб чиқасиз. Биттаси қолиб кетса ҳам, мендан хафа бўлмайсиз», – деб унга жавоб берган Умрзоқов.

Эслатиб ўтамиз, кеча Президент Шавкат Мирзиёев иссиқхоналарда газ таъминотини тўғри йўлга қўйиш бўйича Администрация раҳбари Сардор Умурзоқовга топшириқ берган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг