Ўзи 22 ёшдаю шогирдлари 30 нафар ёхуд Америкада онлайн савдо платформасини яратган ватандошимиз ҳақида
Йигирма икки ёш… Кимлардир бу ёшда талаба бўлиш орзусида. Яна кимдир эндигина ўқишни тугатиб ишга жойлашиш тадоригида. Яна қайсидир йигит ёки қиз тил ўрганиш учун астойдил бел боғлаган. Яна кимдир омади чопмай ўқишга киролмагани ёки ота-онаси контракт пулини тўлолмагани учун Россияга кетиб қандай юмуш бўлса-да ишлаб пул топишни режалаштираётгандир. Чунки 22 ёш умрнинг эндигина бошланаётган орзуларга тўла бир палласи.
Бугунги суҳбатдошимиз ҳам 22 ёшда. 20 ёшида ўзи пул ишлаб топган ва биринчи қиммат машиналардан бири Hyndai Elantraни сотиб олган, ҳатто уй олишга улгурган.
У 2-3 хориж давлатларида, Американинг 10 дан ортиқ штатларида бўлган, Америка & Канада визаларига эга. 22 ёшли қаҳрамонимизнинг 30 дан ортиқ шогирди ҳам бор.
Айни пайтда Америкада ҳам ишлаб ҳам ўқиётган суҳбатдошимиз Ҳожиакбар Мўминов асли тошкентлик. Янада бир қизиқ маълумот қаҳрамонимиз Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминовнинг невараси, яъни кино ва театрнинг таниқли актёри Толиб Мўминовнинг фарзанди.
– Таълим ва иш тажрибангиз ҳақида айтиб берсангиз.
– Ўзим орзу қилган университетда ўқидим, яьни Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида бизнес ва маркетинг йўналиши бўйича таҳсил олганман. Ўқишга ўз кучим ва билимим билан кирганман. Тўғрисини айтсам, бу университетга киришим осон бўлмаган, чунки деярли ҳамма яқинларим давлат университетига киришимни хоҳлашган ва ундан ташқари контракт нархи ҳам баланд эди шу пайтда бизнинг оиламиз учун. Лекин мен ўз қароримда охиригача турганман. Ўқишга топширганимни ҳам онамга айтмаганман. Чунки ҳаммадан ҳам кўпроқ онам қарши бўлган контракти катта ўқишга топширишимга ва чет элда ўқишимга. Шунинг учун дадам билан контрактни тўлаб қайтганимдан сўнг онамга айтганман, қайси ўқишга кирганимни. Лекин орадан бир ярим йил ўтгандан кейин уйдагилар меҳнатимнинг мевасини кўришни бошлашди, яъни тўлиқлигача ўзимни-ўзим эплашни бошладим, контрактларимни ўзим тўладим. Умуман, бу университетда ўқиш менинг ҳаётимни буткул ўзгартирди – миллионер-мултимиллионер билан шу ерда танишдим.
Covid-19 сабаб, карантин пайтларида маркетинг ва дижитал маркетинг соҳасига қизиқиб қолганман ва бу ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Ҳалигача эсимда, карантин пайтида инстаграм орқали даромад қилаётган бир-неча тенгдошларимни кузатардим ва ҳавас қилардим, қанақасига булар интернет орқали шунақа катта пул топиш мумкин деб. Ва уларнинг биридан уйдагиларга айтмасдан (чунки қарши бўлишарди нималар сотиб олаяпсан деб) йиғиб қўйган пулимдан курсини сотиб олганман ва дижитал маркетинг соҳасига қизиқишим шундан бошланган. Кейинчалик шу соҳа ортидан тажриба орттириб, портфолио қилиб, бир муддат ўтгандан кейин Ўзбекистондаги энг катта компаниялар ва шахслар билан ишлашни бошладим. Умумий ҳисобда 30-35 дан ортиқ лойиҳалар билан ишлаганман. Юздан ортиқ одамларга шу соҳам буйича мастеркласслар ва тажриба улашганман, ўттиздан ортиқ шогирд чиқазганман.
Университетдаги ўқиш давомида, бизнес ва маркетинг соҳаларига бўлган қизиқишим янада кучайди. Кейинчалик, АҚШга Work & Travel дастури орқали бориб, у ерда ишлаб, муваффақиятли иш тажрибасини орттирдим. Америкадаги фаолиятимдан сўнг, ўқишимни давом эттиришга қарор қилдим ва ҳозирда АҚШдаги Sinclair Community College’да рақамли маркетинг бўйича таҳсил оляпман.
– Ва лойиҳаларингиз…
– Ҳозирги вақтда мен рақамли маркетинг (дижитал маркетинг) ва таргетинг (ижтимоий тармоқлардаги реклама) соҳаларида 5 йилдан ортиқ тажрибага эгаман. Ўзбекистонда бир неча компанияларда рақамли маркетинг йўналишида ишлаганман. Хусусан, MFaktor лойиҳасида асосан сотув бўлимида ишлаб, кейинчалик лойиҳада лидогенерация билан ёрдам берганман. Шунингдек, бошқа кўплаб компанияларда ҳам рақамли маркетинг йўналишида фаолият олиб борганман.
– KHM.app стартапи ҳақида батафсилроқ...
– Мен ва шеригим Муҳаммад Юсуф Абдураҳимов билан талабалигимизда KHM.app лойиҳасини ишлаб чиқдик. Бу стартапни яратишдан асосий мақсадимиз – АҚШдаги ўзбек юртдошларимиз учун замонавий технологиялардан фойдаланиб, онлайн савдо платформасини ташкил этиш эди. Шу билан бирга, лойиҳамиз нафақат ўзбек ватандошларимизга, балки бутун МДҲ давлатларидан келган муҳожирларга ҳам мўлжалланган. KHM.app платформаси уч тилда (ўзбек, рус, инглиз) фаолият кўрсатади, шу боис, ҳар бир фойдаланувчи ўзига қулай тилни танлаб, платформа хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Бу лойиҳани яратганимиздан кейин ярим йил ичида жуда сезиларни даражадаги натижаларга эришганмиз, ҳаттоки шу стартапимиз учун компания ҳам регистрация килганмиз (KHM GROUP INC). KHM.app платформаси OLX.uz.нинг АҚШдаги аналогидир, у орқали юртдошларимиз ўзлари учун қулай бўлган маҳсулотлар ва хизматларни харид қилиши ёки сотиши мумкин. Бундан ташқари, АҚШдаги ўзбек аҳолисининг сони ортиб бораётганини ҳисобга олсак, бу каби платформага талаб ҳам ошмоқда. Лойиҳамизга АҚШдаги ва Ўзбекистондаги инвесторлар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда ва уларнинг сармоялари асосида лойиҳани янада ривожлантириш устида ишлаяпмиз.
– Менимча, сиз фақат ушбу лойиҳа билан чекланмагансиз...
– Ҳозирда менга АҚШда рақамли маркетинг ва таргетинг бўйича маслаҳат ва ёрдам сўраб мурожаат қиладиган ўзбекистонлик ва америкалик шахсларга беғараз ушбу соҳада маслаҳатлар бераман. Асосий мақсадим – уларнинг бизнесларини янги, янада фойдали даражага олиб чиқиш ва ривожланишига ҳисса қўшиш. Шу билан бирга, ўз соҳам бўйича тажрибамни янада ошириш ва янги билимлар олишга доимо интиламан.
– Америка ёшлари билан ўзбек ёшлари ўртасидаги фарқ.
– Америка ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги маданий ва ижтимоий фарқлар сезиларли. Америка ёшлари мустақилликка интилган, амалий тажриба орттиришга мойил бўлишади. Ўзбекистон ёшлари эса оилавий қадриятларга катта аҳамият беради ва назарий таълимга кўпроқ эътибор қаратади.
– Келажакдаги режаларингиз.
– Келажакда бу соҳада халқаро миқёсда фаолият олиб боришни мақсад қилганман. Америка ва Европа бозорларига чиқишни режалаштирганман ва бу йўлда илк қадамлар аллақачон ташланган.
– Тенгдошларингизга айтмоқчи бўлганларингиз.
– Аввало ҳар бир ишни бошлаш учун истак кучли бўлиши керак. Ҳар бир соҳада биз ёшлар учун жуда катта имкониятлар бор. Ва ҳар бир давлатда яхши мутахассисга эҳтиёж бор. Кейин ҳар бир мақсадга эришишда режали равишда пул йиғиш ва уни тўғри йўналтириш муҳимдир. Бу муваффақиятли иш фаолиятининг асосий омилларидан бири.
Барно Султонова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter