Халқ банкининг «Тезкор хабар» мобил иловаси орқали коррупцияга чек қўйилмоқда
Халқ банки бош офисида «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни» муносабати билан «Очиқ эшиклар» куни ўтказилди. Тадбирда Халқ банки фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.
Хўш, тизимда коррупцион ҳолатлар аниқланганда марказий аппарат қандай хабар топади?
Икки йилдан бери фаолият юритаётган «Тезкор хабар» мобил иловаси ҳақида бугун кўпчилик мижозлар яхши билади. Унинг қулайлиги ва ишончлилиги шундаки, мазкур мобил илова орқали келиб тушган мурожаатлар инсон омилисиз автоматик равишда қабул қилиниб, белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва аниқланган ҳолатлар юзасидан муайян чоралар кўриб борилади. Илова Халқ банки мижозларига тизимда банк ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилган ёки коррупцияга олиб келувчи ҳолатлардан банк раҳбариятини хабардор қилиш имконини беради. Илова орқали 2023 йилнинг 11 ойи давомида 100га яқин мурожаат келиб тушган.
– Мазкур мурожаатлар ўрганилиб, тегишли ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган, – дейди Бошқарув раисининг ахборот сиёсати маслаҳатчиси Гулноза Алимова. – Банкнинг ҳар бир филиалида Ички назорат ва комплаенс менежери лавозими жорий этилган бўлиб, улар кунлик банк операцияларини тўлиқ назоратдан ўтказиб, аниқланган ҳар қандай қонун бузилиш ҳолатлари бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилишини таъминлайди. Агар биз ушбу илова тарғиботи билан янада кўпроқ шуғуллансак, балки бундан ҳам кўпроқ мурожаатлар билан ишлашимиз керак бўлади.
Дарвоқе, Халқ банкида ички назорат тизимида ички аудитнинг ҳам ўрни муҳим. Аудит текширишларини ўтказиш, биринчи навбатда, таваккал даражаси юқори бўлган йўналишлар фаолиятининг назоратга олиниши билан аҳамиятли. Қолаверса, ҳар бир бўлинмада ўтказилган аудит текширувлари холис ўтказилганлиги, текширувга танлаб олинган объектлар тўғри танланганлиги, текширув давомида ходимларга ҳеч қандай босим ўтказилмаганлиги каби ҳолатлар сифат назоратчилари томонидан кузатиб борилади. Маълумотларга эътибор қилсак 2023 йил январь-ноябрь ойлари давомида банк томонидан аниқланган ҳолатлар туфайли банкнинг 282 нафар ходимига тегишли интизомий жазо чоралари кўрилган.
– Коррупцияга қарши курашишда алоҳида аҳамият касб этадиган «мувофиқлик тизими» (комплаенс) тушунчаси миллий қонунчилигимиздаги бир қатор ҳужжатларда акс этган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунида илк марта давлат хизматчиларининг коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш мажбурияти белгиланган, – дейди Ички назорат ва комплаенс департаменти комплаенс бошқарма бошлиғи Бекзод Райимов. – Унга кўра, давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳолатлар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шартлиги белгиланди.
Тадбир сўнгида соҳа ходимлари Молия институти талабаларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб беришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter