Бухоролик чўпонни куёви «ухлатиб» кетди
Ғиждувон туманидаги Кўкработ қишлоғи фуқароси Қурбон Тошев қайнакаси Шокир Хайриевнинг Россия Федерациясига кетганидан фойдаланиб, унинг қарамоғидаги ҳамқишлоқларига тегишли қўй, эчкиларни 36 миллион 600 минг сўмга пуллаб юборган. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Бобораҳим Очилов «Xabar.uz»га маълум қилди.
Ғиждувон туманидаги «Пахтаобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шокир Хайриев анча йиллардан буён чўл массивидаги далаларда одамларнинг 200-250 бошга яқин қўй, эчкиларини боқиб келган. Ўз дўстлари ва таниш-билишларининг қўй-қўзиларини боқиши эвазига ҳар бир бош учун ойида 10 000 сўмдан пул олишга келишган. Қўй-қўзиларни боқишда укаси Фозил Хайриев ҳам ёрдамлашиб келган. Бироқ чўпончилик қилиб келаётган Шокир турмуш тақазоси билан Россия Федерациясига жўнаб кетишига тўғри келган. Қарамоғидаги ҳамқишлоқларига тегишли бўлган қўй-қўзиларни Кўкработ қишлоғида яшовчи куёви Қурбон Тошевга ишониб, ҳар бирини хатлов билан унга топшириб кетган.
Ишончга кириб, ўзгаларнинг қўй-қўзисини «хатлаб» олган Қурбон Тошев орадан кўп ўтмай, фирибгарлик йўлига ўтган. Маҳалладоши Озода Абдуллаевага тегишли ва ҳар бирининг баҳоси ўртача 1 000 000 сўм бўлган 35 бош ҳисори ва дурага қўйларни ҳамда ҳар бирининг баҳоси ўртача 400 000 сўм бўлган 4 бош эчкиларни сотиб, пулларни ўз манфаати йўлида сарфлаган.
Шокир Россия Федерациясига кетгач, укаси Фозил қўйлардан хабар олиш учун келган вақтда Қурбон унга: «Озода Абдуллаеванинг қўйлари бошқа отарнинг қўйларига қўшилиб кетган» деб алдаб келган. Бир неча маротаба такрорланган бу ҳолат Фозилда шубҳа уйғотган. Аниқлик киритишга уринишлари зое кетган. Орадан анча вақт ўтгандан сўнг Фозил ва Шокирнинг онаси Муҳаббат Ботирова ҳамда Озода Абдуллаева Ғиждувон туман ИИБга ариза билан мурожаат этишга мажбур бўлишган.
— Куёвимнинг ўзимизга яқинроқ ҳудуд — «Қуччи» чўл массивидан анча узоқда жойлашган «Шўркўл» ер майдонларига ўғилларим қарамоғидаги қўйларни боқишга олиб кетгани бизни ташвишга солган эди. «Куёвимиз-ку, чув туширмас», деган хаёлга борганимиз ҳам рост. Ўзи тирикчилигимизни бир нави қилиб, шуни ортидан судраб турган бўлсак. Шубҳаларимиз тўғри чиқди. На илож, куёвим устидан арз қилишга мажбур бўлдим. Ахир у атарда 250 бошга яқин бошқа ҳамқишлоқларимизга ҳам тегишли қўй-қўзилар бор,— деди судда сўз олган онахон.
Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, иш бўйича тўпланган далилларни текширган. Тарафларнинг музокара нутқлари ва судланувчининг охирги сўзини тинглаган.
Судда Қурбон Тошев ўзининг шахсий муаммоларини ҳал қилиш мақсадида фуқаролардан олган қарзларини тўлаш учун қўй-қўзиларни сотишга мажбур бўлганини тан олган. Жумладан, 35 бош қўй ва 4 бош эчкиларни сотиб юбориб, ҳозирги кунда 36.600.000 сўм етказилган зарардан 6.600.000 сўмини қайтара олганини, 30.000.000 сўмни ҳам қайтаришини билдирган.
Қурбон Тошев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисмининг «а» банди билан айбдор деб топилган ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланилган. 2 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter