Японияда туғилишлар сони — Ўзбекистондагидан кам
Япония соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги 7 июн куни эълон қилган маълумотга кўра, 123,9 миллион аҳолига эга Японияда ўтган йили 727 277 нафар туғилиш қайд этилган. Аёл кишининг умри давомида туғиш кўрсаткичини белгиловчи коэффициент 1,26 дан 1,20 га тушган.
Солиштириш учун: 37 миллион аҳоли яшовчи Ўзбекистонда 2023 йилда 962 минг нафар тирик туғилиш қайд этилган.
Аҳоли сони барқарор сақланиб туриши учун туғилиш коэффициенти 2,1 га тенг бўлиши лозим. Бундан юқори бўлса, аҳоли сони кўпаяди, аҳоли улушида болалар ва ёш оилалар улуши ошади — айни жараён Ҳиндистон ва Африканинг кўп мамлакатларига хос.
Бироқ Японияда туғилиш даражаси ана шу «олтин ўрталиқ» — 2,1 дан ярим аср давомида паст бўлди. Бунга 1973 йилги глобал нефт инқирози сабаб мамлакат иқтисодиёти рецессияга учрагани (иқтисодиёт ўсиш суръати сусайгани) ва ҳануз ўнгланмагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Сўнгги йилларда пасайиш анъанаси тезлашди: Кунчиқар юртда ҳар йили (аҳоли қариши оқибатида) ўлимлар сони туғилишлар сонини босиб кетяпти, ўз навбатида, бу умумий аҳоли сони қисқаришига олиб келиб, иқтисодиёт, ижтимоий таъминот ва унинг инфратузилмасига қаттиқ зарба бўлмоқда.
Юқоридаги вазирлик маълумотига кўра, 2023 йилда Японияда 1,57 миллионта ўлим ҳолати қайд этилди, бу туғилишлар сонидан икки каррадан ҳам кўпроқ!
Оила-никоҳ масаласига ҳам жиддий путур етган: 2023 йилда никоҳдан ўтишлар сони 30 мингтага қисқарди, ажрашишлар сони эса ошган.
Экспертларнинг фикрича, Японияда туғилиш пасайиши камида бир неча ўн йилликларгача давом этади, аҳоли таркиби нуқтаи назаридан эса, умуман тўхтамайдиган жараён... Ҳатто эртадан бошлаб Японияда туғилиш кўрсаткичи ошган тақдирда ҳам, токи ёшлар ва кексалар нисбатидаги мувозанат тиклангунига қадар, мамлакат аҳолиси камайишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter