Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия қўшини Нью-Йоркни эгаллади

Россия қўшини Нью-Йоркни эгаллади

Россия қуролли кучлари Украинанинг Донецк вилоятига тегишли Нью-Йорк аҳоли пунктини эгаллади.

Россия мудофаа вазирлигига кўра, «Центр» қўшини бўлинмаларининг фаол ҳаракатлари натижасида Украина ҳарбий бўлинмалари мағлубиятга учраган ва Торецк агломерациясидаги стратегик аҳамиятга эга Нью-Йорк аҳоли пункти назоратга олинган.

Ҳудуд руслар томонидан эгалланганини тасдиқловчи бошқа манба йўқ. Гап шундаки, Украина мудофаа вазирлигига яқин ахборот каналлари 20 август куни тунда Донецк вилоятида Нью-Йорк аҳоли пункти учун оғир жанглар кетаётганини хабар қилган эди.

«Украинская правда» нашри эса аҳоли пунктининг 20 фоиз ҳудуди Украина назоратида экани, рус ҳарбийлари Нью-Йоркнинг бир қисмини эгаллаб, Нелиповка ҳудуди томон ҳаракатланганини ёзган.

Донецк вилояти Бахмут туманида жойлашган Нью-Йорк аҳоли пунктида урушга қадар 11 минг аҳоли истиқомат қилган. Россия армияси ушбу ҳудудни эгаллаш учун ёз ойларидан бошлаб ҳаракатга киришган эди.

Нью-Йорк аҳоли пунктига Россия императрицаси Екатерина II томонидан Шарқий Украинага таклиф этилган меннонитлар жамоаси асос солган.  1951-2021 йилларда ҳудуд Новгородское деб аталган.

Россия Украинанинг Донецк вилояти бўйлаб илгарилаётган бўлса-да, ўз ҳудудига кириб борган украин ҳарбий бўлинмаларини ҳали ҳам чиқариб юбора олганича йўқ.

Аввал хабар берганимиздек,  6 август куни эрта тонгда Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск вилоятига кириб борди.

20 август ҳолатига кўра, Украина армияси минтақадаги 92 та аҳоли пунктини ёки жами 1250 квадрат километр ҳудудни назорат қилмоқда. Россия минглаб аҳолини ҳудуддан эвакуация қилишга мажбур бўлган.

АҚШ президенти Жо Байден Украинанинг Курскка ҳужумини «Путин учун дилемма» деб атаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг