Жанубий Корея президенти мамлакат халқидан кечирим сўради

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Конституцион судда мамлакат аҳолисидан кечирим сўради, деб хабар берди Yonhap агентлиги.
«Халқдан кечирим сўрайман ва миннатдорлик билдираман (...) Ҳарбий ҳолат мамлакат ва халқни ўйлаб жорий этилганди, бироқ бу жараён бебаҳо одамларимиз учун тушунмовчиликлар ноқулайликлар туғдирганидан афсусдаман, бунинг учун сидқидилдан кечирим сўрайман», — деди у.
Юн ўз баёнотида ҳарбий ҳолат эълон қилгани ортидан қўйилган исён борасидаги айбловларни бир неча марта инкор этди. У сиёсатчиларни ҳибсга олиш ёки Миллий ассамблея биносидан депутатларни чиқариб юборишга буйруқ бергани ҳақидаги даъволарни «бемаънилик» дея атади.
Юн Сок Ёл шу йилнинг 15 январида исён иши бўйича ҳибсга олинган. Жанубий Корея тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса юз берди — амалдаги президент тергов органи томонидан ҳибсга олинди. Юн Сок Ёлнинг ўзи эса прокуратура сўровига кўнгилли равишда келгани ва айбсиз эканлигини таъкидламоқда.
Аввалроқ Жанубий Кореяда муддатидан олдин президент сайлови 2025 йилнинг май ойида бўлиб ўтиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter