«Инсон ҳуқуқлари ҳамиша ва ҳар ерда устувор» – Кая Каллас
Россиянинг Украинага тажовузи, Яқин Шарқ минтақаси, Судан ва бошқа ҳудудлардаги зиддиятлар тинч аҳоли вакиллари, хусусан, хотин-қизлар ҳамда болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан берган баёнотда сўз боради.
«Бугун биз илгари кузатилмаган қуролли тўқнашувлар, инсоний буҳронлар, иқлим инқирозлари, жазосизлик, нотенглик ва кучайиб бораётган гендер тенгсизлигига дуч келмоқдамиз. Қоидаларга асосланган ва инсон ҳуқуқларини қадрият деб билган халқаро тартиб собитдир», – дейилади баёнотда.
ЕИ бош дипломатига кўра, тинчлик шунчаки урушнинг йўқлигини англатмайди.
«Тинчлик ҳар куни муттасил меҳнат, уни доимий қўллаб-қувватлашга шай туриш, инсон ҳуқуқлари, тенглик, қадр-қиммат, одил судлов ва демократия йўлида курашни талаб қилади. Инсон ҳуқуқлари ҳар ерда ва ҳамиша, жумладан, зиддият ёки буҳрон даврида ҳам пойдор бўлмоғи лозим», – дейди К.Каллас.
ЕИ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, фуқаролик жамияти вакиллари, ОАВ ходимлари ҳамда тинчлик, ҳақиқат ва адолат йўлида ҳаракат қилаётган барча инсонларни дастаклашини урғулаган дипломат узоқ муддатли ижобий ўзгаришлар инсон ҳуқуқлари тантанаси йўлидаги курашлар, халқаро ҳамкорлик ва ёшлар ҳаракати маҳсули эканига эътибор қаратган.
Таъкидланишича, Халқаро инсон ҳуқуқлари куни ЕИнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқариш йўлида сабот билан ҳаракат қилиши, бу йўлдаги масъулиятини теран ҳис қилишини яна бир карра тасдиқлайди.
«Бу йил эълон қилинган “Бизнинг ҳуқуқларимиз, бизнинг келажагимиз. Ҳозирнинг ўзида!” шиори ҳам ҳеч ким кўмаксиз қолдирилмайдиган, адолатли, барқарор ва фаровон келажак барпо этишда ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимояси муҳимлигини кўрсатади. Инсон ҳуқуқлари барча инсонлар учун муштарак бўлган ҳуқуқий, ахлоқий ва амалий кафолатлардир», – дейди ЕИ бош дипломати.
Сиёсатчи тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари риоясига боғлиқ эканини қайд этаркан, дунё давлатларини бу борадаги мажбуриятларини оғишмай бажаришга чақирган.
«ЕИ бутун жаҳон бўйлаб инсонларнинг ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишда давом этади – Сизнинг ҳуқуқларингиз, сизнинг келажагингиз, ҳозир ва ҳар доим!» – дейди К.Каллас.
Эслатиб ўтамиз, 2021–2024 йилларда Эстония бош вазири лавозимида фаолият юритган Кая Каллас жорий йил 1 декабрдан ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти вазифасида иш бошлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter