Илон Маск 2027 йилга бориб дунёдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин
Илон Маск замонавий тарихда 400 миллиард доллардан ортиқ бойликнинг биринчи эгасига айланди.
11 декабр ҳолатига кўра, америкалик тадбиркорнинг умумий бойлиги Bloomberg Billionaire Index маълумотларига кўра, 447 миллиард долларга баҳоланган. Дунёнинг энг бадавлат одамлари рейтингида унга энг яқин рақиб эса Amazon асосчиси Жефф Безос бўлиб, унинг бойлиги 249 миллиард долларга етган.
CNN’нинг айтишича, Маск SpaceX акцияларининг инсайдер савдоси орқали тахминан 20 миллиард доллар ишлаб олган. Шу фонда космик стартапнинг умумий баҳоси 350 миллиард долларга етди.
Бундан ташқари, Тесла котировкалари яна бир бор рекордини янгилади. Чоршанба куни биржалар ёпилишида автомобил ишлаб чиқарувчисининг акциялари 424 долларга сотилди, капиталлашуви эса 1,33 триллион долларни ташкил этди.
Доналд Трамп иккинчи муддатга АҚШ президенти этиб сайланганидан кейинги муддатда, яъни ўтган беш ҳафта ичида эса Тесла акциялари 65 фоизга қимматлашди. Бундан ташқари, Маскнинг сунъий интеллект лойиҳаси xAI янги сармоя раундида 50 миллиард долларга баҳоланди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, сармоядорлар Маскнинг Оқ уйга яқинлиги ва маъмурият қарорларига муҳим соҳаларда – масалан, коинотни ўрганишда таъсир ўтказиш қобилияти туфайли унинг активларининг янада ўсишига пул тикишмоқда. Сайловлардан кейин тадбиркорнинг бойлиги 136 миллиард долларга ошган.
Informa Connect Academy тадқиқот гуруҳи ҳисоботига кўра, Илон Маск 2027 йилга бориб дунёдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter