Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германиядаги парламент сайловида консерваторлар ғалаба қозонди

Германиядаги парламент сайловида консерваторлар ғалаба қозонди

Фридрих Мерц.

Фото: DW

Германияда кеча, 23 феврал куни бўлиб ўтган Бундестаг (парламент) сайловида Олаф Шолцнинг етакчи коалицияси мағлубиятга учради. Бу ҳақда BILD хабар берди.

Сайловда энг кўп овозни 69 ёшли Фридрих Мерц бошчилигидаги CDU/CSU партияси (христиан-демократлар ва христиан-социалистлар консерватив блоки) тўплади — 29 фоиз (экзитпол). Бу Мерц янги канцлер бўлишини англатади. 2021 йилдаги сайловга солиштирганда, христиан-демократлар ўз мавқеини анча ошириб олди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 19-20 фоиз овоз тўплаган AfD («Германия муқобил партияси») — иккинчи ўринда. Бироқ ҳеч бир партия у билан ҳамкорлик қилишни истамагани учун «муқобил» партия мухолифликни бўйнига олишга мажбур.

Сайлов натижалари Олаф Шолц бошчилигидаги Социал-демократик партия (SPD) учун қақшатқич зарба бўлди: атиги 16 фоиз овоз — 135 йилдаги энг ёмон кўрсаткич!

«Яшиллар» (13 фоиз) ва Эркин демократик партия (5 фоиз атрофида) ҳам жиддий йўқотишга учраб, парламентга кириш йўллари анча чекланди.

«Сўллар» партиясининг қайтиши кутилмаган воқеа бўлди: Сара Вагенкнехт кетганидан сўнг заифлашиб қолган партия 5 фоизлик тўсиқдан ошиб 8 фоиз сайловчиларнинг ишончини қозонди. Вагенкнехт асос солган BSW ҳаракати эса тахминан 5 фоиз овоз йиғди: партия Бундестагга кира оладими ёки йўқми — ҳозирча мавҳум.

Маълумот учун: Бундестагга кириш партия 5 фоиздан кам овоз олмаслиги шарт.

Энди асосий масала етакчи коалицияга кимлар киришида қолмоқда. Ҳозирча эҳтимолий иттифоқлардан бири сифатида CDU/CSU ва SPD коалицияси кўрилмоқда. Чунки консерваторлар (CDU/CSU) ва «Яшиллар»нинг биргаликдаги овози мутлақ кўпчилик бўлиш учун етмай қолиши мумкин. Барчасига келаётган ҳафталарда, янги ҳукуматни шакллантириш бўйича музокаралар бошланганида аниқлик киритилади.

Доналд Трамп CDU/CSU иттифоқини ғалаба билан табриклашга ҳам улгурди. Унинг таъкидлашича, немис консерваторларининг ғалаба куни — Германия ва АҚШ учун буюк кун.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг