Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрон АҚШга «қақшатқич жавоб» ваъда қилди

Эрон АҚШга «қақшатқич жавоб» ваъда қилди

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаи АҚШнинг ҳар қандай ташқи босқинига қарши қақшатқич жавоб қайтарилишини маълум қилди. Бу баёнот АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронни бомбардировка қилиш таҳдидига жавобан янгради.

Теҳронда Ийд ал-Фитр муносабати билан мамлакат аҳлига мурожаат қилган оятуллоҳ Али Хоманаи ташқи босқин эҳтимоли камлиги, аммо Эрон воқеаларнинг бундай ривожига ҳам тайёр эканини таъкидлади.

«Биз ташқи агрессия рўй беришига катта эҳтимол бермаймиз, аммо бирор бир агрессия акти содир этилган тақдирда ҳам, уларга (АҚШ назарда тутимоқда – таҳр.) қатъий жавоб берилади. Агар улар мамлакат ичида фитна чиқаришни кўзлаётган бўлсалар – аввалги йилларда ҳам шундай қилишган эди – уларга Эрон халқи муносиб жавоб беради», – деган Эрон олий раҳнамоси.  

Али Хоманаи «золим ва қонхўр тўда» Фаластин тупроғидан ҳайдаб чиқарилишини ҳам таъкидлаган.

Оятуллоҳ Али Хоманаининг кескин оҳангдаги баёноти АҚШ президенти Трампнинг Теҳронга қарши таҳдидлари ортидан берилгани диққатга моликдир.

Якшанба куни Трамп NBC телеканали эфирида Эрон ядро дастури бўйича келишувни рад этса, мамлакат бомбардировка қилиниши ва унга қарши божлар жорий этилишини айтганди.

«Агар улар битимни рад этишса, мисли кўрилмаган бомбардировкалар уюштирилади... Шунингдек, тўрт йил аввал қилганимдек, уларга нисбатан иккиламчи тарифлар жорий этаман», – деган АҚШ раҳбари.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳам Трампнинг бомбардировка ҳақидаги таҳдидини қоралаган. Расмий Теҳронга кўра, давлат раҳбари томонидан бундай таҳдид қилиниши «халқаро тинчлик ва хавфсизликнинг очиқ поймол этилиши» саналади.

«Зўравонлик зўравонликни, тинчлик эса тинчликни туғдиради. АҚШ эса улардан бирини танлаши ва оқибатларга тайёр бўлиш зарур», – дейилади Эрон ТИВ баёнотида.

Жорий йил март ойида президент Трамп Эрон раҳбариятига мактуб йўллаб, ядро келишуви бўйича музокара ўтказишни таклиф қилган эди. Мактубда Теҳронга қарши таҳдидлар ҳам ўрин олган.

Эрон раҳбарияти Трамп маъмурияти билан тўғридан-тўғри музокарани рад этган, аммо бошқа дипломатик каналлар, яъни воситачилар орқали мулоқотни истисно этмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг