Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

«Уммон» гуруҳининг собиқ хонандасига жазо эълон қилинди

«Уммон» гуруҳининг собиқ хонандасига жазо эълон қилинди

«Уммон» гуруҳининг собиқ хонандасига суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати. 

Айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг очиқ суд мажлисида З. Рискиевга (1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, «Уммон» гуруҳининг собиқ хонандаси, муқаддам судланмаган) оид жиноят иши кўриб чиқилган. 

Суд З. Рискиевга жазо тури ва миқдорини белгилашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, шу билан биргаликда Жиноят кодексининг 7, 8-моддаларида кўрсатиб ўтилган одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари ҳамда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги Қарори талабларидан келиб чиқди.

Шунингдек, З. Рискиевга жазо тайинлашда, унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, уларнинг судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб берган фикрини, судланувчининг соғлиғи оғир аҳволда эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми санкциясида назарда тутилган муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, шу билан биргаликда тайинланаётган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамасдан туриб ҳам уни хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган фикрга келиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинланаётган жазони шартли деб ҳисоблаб, синов муддати белгилашни мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди.

Шу тариқа жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2023 йил 9 августдаги ҳукмига кўра З. Рискиев Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. З. Рискиевга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб ва тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Бундан ташқари, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

Izohlar 0

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring