Робахон Маҳмудова шифокорлар ва фармацевтика компанияларининг ўзаро хуфиёна келишувларини танқид қилди
Жорий йилнинг 27 октябрь куни парламент саловлари бўлиб ўтади. Ушбу сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар сайланади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан бу галги сайловларда ҳам 5 та, ЎзЛиДеП, Адолат СДП, Миллий тикланиш, Халқ демократик ва Экологик партияларнинг иштирок этишига рухсат берилди.
Бугунги кунга келиб, мазкур сиёсий жараёнлар ўзининг энг қизғин палласига кириб келмоқда.
Сиёсий партиялар раҳбарлари ўз электоратлари ва умуман барча сайловчилар олдида ўзларига топширилган ишонч ва ваколатдан қанчалик даражада унумли фойдалангани ва аввалги сайловолди дастурларида белгилаб олинган мақсадларга қанчалик эришилгани ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.
Хусусан, Адолат СДП раиси Робахон Маҳмудова ОАВга берган интервюсида бу галги сайловларнинг аралаш тизимда ўтиши, сиёсий партиялар ўртасида рақобатни мутлақо янги даражага олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, у партиянинг аввалги сайловолди дастурларидаги бугунга қадар амалга оширилмаган мақсадларга эришилишида қилинган саъй ҳаракатлар ва уларнинг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш тўғрисида бир неча йиллардан буён бот-бот таъкидлаб келинишига қарамасдан, бу йўналишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги сезиларли ўзгаришларни амалга ошира олмаганини, «Ақлли тиббиёт»нинг асосини беморнинг амбулатор картаси, касалликлар тарихи киритилган электрон маълумотлар базаси ташкил қилишига қарамасдан тиббий карталар электрон шаклга келтирилмаганлигини, рецептлар ҳали ҳам қоғоз шаклида ёзиб берилаётганлигин таъкидлади.
«Ачинарлиси, сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилган бўлса-да, натижалар кутилганидек бўлмаяпти. Врачлар ва фармацевтика компанияларининг ўзаро хуфиёна келишувини айтмаса ҳам бўлади» – Робахон Маҳмудова.
Шу мақсадда Адолат СДП келгуси беш йилликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, «электрон поликлиника» ва «ягона электрон анкета» тизимларини йўлга қўйиш ҳамда фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот учун жиноий жавобгарлик белгилаш борасида бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга оширишини маълум қилди.
Интервюнинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://t.me/adolat_uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter