Аргентина-78 қаҳрамони – Кемпес

«Xabar.uz» ўтмиш афсоналарини эслашда давом этади. Бу сафар 1978 йилги Аргентина мундиали қаҳрамони Марио Кемпес ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Марио 1954 йилнинг 15 июлида Аргентинанинг Белл Вилли шаҳарчасида футболсевар оилада дунёга келади. Ҳаваскорлар жамоасида тўп тепиб юрган отаси ўғлини профессионал футболчи бўлишини истаб, 7 ёшлигида шаҳарчадаги «Таллерес» болалар клубига беради. Қаҳрамонимиз жуда зийрак, тўпни ажойиб бошқариши ва кучли зарбаси билан ажралиб туради. 14 ёшида мамлакатнинг катта шаҳарларидан бири бўлган Кордова шаҳри «Институто» жамоаси селекционерлари назарига тушиб, жамоага олиб келинади. У ерда дастлаб ёшлар жамоасида ўйнагандан сўнг 1973 йилда асосий жамоада дебют қилади. 13 ўйинда 11 та гол урган Мариони бир йилдан сўнг янада каттароқ жамоа «Росарио Сентрал» ўз сафига қўшиб олади.
У ердаги икки йиллик фаолиятида 107 ўйинда 89 бор рақиб дарвозасини ишғол қилган. Сўнг кўҳна қитъа сари йўл олади. Фаолиятининг кейинги 5 йилини Испаниянинг «Валенсия» клубида ўтказади. У ерда 1979 йили жамоа билан Испания кубогида зафар қучади. 1980 йили эса ўша пайтлар фақат мамлакатлар кубок соҳиблари иштирок этадиган Кубок Эгалари кубогида ғолиб бўлади.
1981 йилда Кемпес яна ўз ватанига қараб йўл олади. Мамлакатнинг байроқдор жамоаларидан бири «Ривер Плейт» сафига ўша пайтларда катта пул ҳисобланган 1 миллион фунт стерлинг эвазига кўчиб ўтади. Она ватанида бир йил тўп суриб, яна ўзи учун қадрдон бўлган «Валенсия»га қайтади. «Кўршапалаклар» сафида икки мавсум тўп тепгач, фаолиятида пасайиш бўлади ва Ла лиганинг аутсайдер жамоаларидан бири «Эркулес Аликанте» сафига ўтади. Ушбу жамоада ҳам икки мавсум тўп тепиб, жами 38 ўйинда 10 та гол киритган.
Карьерасининг мантиқий якуни ҳам ушбу жамоада бўлади. Фаолиятининг сўнги йилларида ҳужумчи Австрия, Чили ва Индонезия чемпионатларида ўйнаган. Клублардаги фаолияти давомида ҳаммаси бўлиб 591 ўйинда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасини 320 бор ишғол қилади.
Терма жамоада
1973 йилнинг сентябрь ойида Аргентинанинг Боливияга қарши учрашувига бош мураббий Энрике Омар Сивори кўплаб ёш футболчиларни терма жамоага чақиради. Ушбу учрашувда Кемпес «альбеселесте» сафида дебют қилади. Боливия тоғли ҳудудида бўлган учрашувда ёш футболчилар кислород етишмовчилигидан қийналади, бироқ якунда барибир ягона гол эвазига ғалаба қозонади.
Германия мезбонлик қилган 1974 йилги мундиал Кемпес ва Аргентина учун муваффақиятсиз кечади. Жамоа иккинчи босқичда 1 очко билан гуруҳда сўнги ўринни банд этиб, уйга қайтади.
1978 йилги мундиал «кумушли ўлка» ва дунё футболида катта тарих сифатида қолди. Аргентина ўзи мезбонлик қилган турнирнинг биринчи босқичда Италия, Франция ва Венгрия билан бир гуруҳдан жой олади ва Италиядан сўнг иккинчи ўрин билан гуруҳдан чиқади.
Бироқ, бу баҳслар Марио учун омадсиз ўтиб, бирорта гол ура олмайди. Аммо иккинчи босқичда Перу ва Польша дарвозасига, финалда Нидерландия дарвозига дубль йўллаб, 6 та гол билан мусобақа тўпурари ва энг яхши ўйинчисига айланади. Аргентина эса тарихда илк бора Жаҳон чемпионлигини қўлга киритади.
Кейинчалик ўша пайтдаги жамоа бош мураббийи Сесар Луис Менотти Кемпеснинг биринчи босқичдаги муваффақиятсизлигини шундай эслайди: «Мен Мариога мўйловини олишини маслаҳат бериб, омадсизлик сабаби шунда эканини айтдим. Шунда у ҳазилимга ғалати тарзда ишонди ва мўйловини олди. Шундан кейин у қолган 4 ўйинда олтита гол уришга муваффақ бўлди». Ўйин тугагач, дарҳол Марио оиласини кўришга рухсат олиб, 300 км узоқликдаги Росариога билет олади.
Шундай қилиб, Марионинг фаолиятидаги энг муҳим кун мана шундай якунланади.
1982 йилги Испаниядаги Жаҳон чемпионатига Аргентина фаворитлардан бири сифатида келади. Белгияга қарши шов-шувли мағлубиятдан (0:1) сўнг жамоа иккита ғалаба қозониб, иккинчи гуруҳ босқичига чиқади, аммо Италия ва Бразилияга мағлуб бўлади ва финалга чиқа олмайди.
Кемпес 1974 йилги биринчи мундиалда бўлгани каби яна мундиални голсиз ўтказди. Мундиалдаги Бразилияга қарши ўйин Марионинг «альбеселесте» таркибидаги сўнгги ўйин бўлиб қолди. Миллий жамоадаги 11 йиллик карьерасида 43 ўйинда майдонга тушган ва 20 та гол уришга муваффақ бўлган.
Бутсасини михга илгандан сўнг у мураббийликка қўл урди, бироқ бу футболчилик фаолияти сингари ёрқин бўлмади. Кемпес Албания, Индонезия, Колумбия ва Боливия клубларини бошқарган ва бирорта кўзга кўринарли натижа қайд этмаган. Биргина «Валенсия»да ёрдамчи мураббий сифатида ишлагани унинг мураббийлик фаолиятидаги чўққи бўлиб қолган.
Мураббийликдаги карьераси ўхшамагач ESPN нашрининг испан тилидаги таҳлилчиси бўлиб фаолият юритган. Афсона ҳозирги кунда турли футбол тадбирларида қатнашиб келади.
Марио футбол шарҳида ҳам ўзини синаб кўрган, бироқ 2008 йили «Манчестер Юнайтед – Барселона» иштирокидаги Чемпионлар лигаси ярим финали доирасида кечган ўйин шарҳидан сўнг муҳлислар томонидан кескин танқидга учраган. Сабаби шарҳ давомида қоидабузарликларни очиқча қўллаб, фэйр-плей тамойилларига риоя қилганларни қоралаган.
Эришган ютуқлари
- ФИФА Жаҳон чемпиони 1978
- УЕФА Кубок эгалари кубоги 1979-80
- УЕФА Суперкубоги 1980
- Испания Кубоги 1978-79
- Аргентина чемпиони 1981
Асосий индивидуал ютуқлари
- Жаҳон чемпионати олтин тўпи соҳиби 1978
- Жаҳон чемпионати олтин бутсаси соҳиби 1978
- УЕФА Кубок эгалари кубоги тўпурари 1979-80
Шунингдек, Кемпес 2004 йил ФИФАнинг 125 йиллигини нишонлаш доирасида барча даврларнинг 100 та энг буюк футболчилари қаторидан жой олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter