Қаҳрамон ва жасоратли ҳамюртим Сабо ёхуд Германиядаги ошпаз аёл
«Сизни ҳокимиятдагилар мажбурлаб Туркияга жўнатишганмиди?»
«Зилзиладан омон қолган юртдошларимизни турли манзилларга жойлаштирганмиз. Истанбулнинг тўрт тарафига бир мартадан бориб келсам қоронғу тушиб қолади. Уйдагиларга вақт ажратишнинг имкони йўқ. Муаззам опанинг қулоқ миясини ейман. Тўхтамай қўнғироқ қиламан:
– Опа, меникиларга ҳам билет гаплашдингизми? Тезроқ жўнатайлик. Айниқса, чақалоқларимиз қийналиб кетишди.
– Оббо, Сабо. Сеники меникиси борми? Ҳаммасига оламиз. Вилоят ҳокимлиги билан гаплашаяпмиз. Ёрдам беришади. Сабр қилинг. Бироз сабр. Ваниҳоят қўнғироқ бўлди. Муаззам опа мен кутган янгиликни айтди.
– Сабо, тайёр бўлишсин. Эртага ва индинга учиб кетишади.
Муаззам опа менга дунёларни совға қилгандек бўлди. Ҳамма кетадиганларга хушхабарни етказдим. Фақат битта опа қолган эди. Икки кун аввал шифохонага олиб боргандим буйрагини текширтиргани. Опахафа бўлмасин,қатордан қолиб кетмасин, дедим. Шошилиб авиакассага бордим. Қўлимдаги бор пулга, етмаганига қарз ҳавола қилиб билет олдим.
Бугун ҳаммадан аввал аеропортга етиб бордим. Икки-уч кишини паспорт назорати томон кузатиб қўйдим. Худди ўзим ватанга қайтаётгандек ҳаяжонланаман. Узоқдан ўша опа кўринди. Аеропортнинг катта аравасига олтита чемодан, иккита катта сумкалар жойланган. Ҳайрон бўлдим:
– Булар кимники?
– Меники.
Кечагина буйраги оғриб,белини кўтара олмаётган опамиз оғир чемоданларни ҳеч қийналмай ерга туширди. Юкларни тортиб кўрдик – саксон етти кило.
– Опа, ўттиз беш кило ҳаққингиз бор. Саккиз килони қўлингизга оласиз. Қолганини нима қиламиз?
– Амаллайман. Ташлаб кетолмайман.
Энди опага қўшилиб мен ҳам юки камроқ одамларни қидира бошладик. Ялиниб ёлвордик. У айтгандек амалладик. Йигирма кило юк қолди.
– Ўн кило қўлингизга олсангиз, яна ўн кило қолди.
– Ичкарига олиб кириб кетаман. Қўлида юки йўқ одамни топиб оларман.
– Эҳ, опаей. Бир ўлимдан қолдингиз. Сизга зарурми шунча қийналиб.
– Уйга борсам ким менга бир сўм берарди. Ҳа, айтганча, ҳокимиятга тайинладингларми? Борсак бизга ёрдам беришадими?
Тилимни тутиб туролмадим.
– Сизни ҳокимиятдагилар мажбурлаб Туркияга юборишганмиди?
Опа пинагини ҳам бузмади. Паспорт назорати олдида ҳамюртларимкутиб туришган экан, ҳаммалари хурсанд. Рахмат айтиб чарчашмайди. Опа ёнимга келди:
– Ичкарида анча кутиб қоламиз. Биласизку, буйрагим касал. Кўп сув ичишим керак. Пулим бўлса ҳеч кимга ялинмасдим. Ҳали бу ўн кило учун ҳам ҳаракат қилишим керак.
Чўнтагимдан майда-чуйда пулларни чиқардим:
– Самолёт учишига бир соат бор. Сувга пул керак бўлиши мумкин. Ичкарида сув жуда қиммат. Олинглар.
Опадан бошқа ҳеч ким пул олмади. Керак эмас, самолётда ҳамма нарса беради, дейишди. Опа пулни бўйнига осиб олган сумкасига солмоқчи бўлди. Оғзи очиқ сумка ағдарилиб кетди. Эллик ва юз купюралик долларлар ерга сочилди. Пул миқдори анчагина эди. Бир, икки донаси, биз бироз аввал инсонларга ялиниб-ёлвориб берган юкларга тўлашга етарди. Опа шошилиб пулларини йиғиштирди. Ғижимлаб сумкасига солди. Хайрлашмади ҳам. Иккита чемоданини даст кўтарди-да, назоратчи тарафга юриб кетди. Бирпас ўзимга кела олмадим. Ёнимдаги аёлларга қарадим. Қотиб қолган битта мен эмас эканман. Улар ҳам менга қарашди...
– Яхши етиб олинглар. Ватанимизга саломимни етказинглар. Мен учун ҳам бир қошиқ сумалак енглар.
Тезроқ ташқарига чиққим келди. Оёқларим менга бўйсунмаяпти. Эшикдан чиқишим билан юзимга муздек хаво урилди. Бироз ўзимга келдим. Қўлларим қалтираб Муаззам опага қўнғироқ қилдим. Саломлашдик...
– Опа, мени ҳикоям шу ерда битди. Чақалоғимиз Абутолибнинг ҳужжатлари чиқиши билан Европага қайтаман. Ишимни соғиндим. Омон бўлинг».
Сабо билан танишганим
Асқар Маҳкамнинг бир ибораси бор: «Ёзганига ўхшамаган шоир шоир эмас». Амали бошқа сўзи бошқа одамнинг гапи нечоғлик ширали бўлмасин юракка етиб келмайди, чунки у юракдан гапирмаган бўлади шу гапни. Сабони Фаsебоок орқали таниганман. У ўзининг бошидан ўтган ҳаётий воқеаларни «Сабо ва унинг дўстлари» деган гуруҳга қўйиб боради. Илк марта ошхонанинг катта музлатгичида қолиб кетгани, мўъжиза юз бериб қоровул билиб қолгани, ўшанда илк бор ўлим билан тик келгани ҳақида ибратли ҳикояси менда жуда катта таассурот қолдирганди. Яқинда Туркиядаги зилзиладан кейин уни ўша ердаги юртдошларимизга ёрдам учун биринчилардан етиб борганлар қаторида кўрдим. Туркия билан бўлган кулфатни, одамларнинг изтиробларини ҳеч қайси ОАВ у каби қалби билан етказиб беролгани йўқ. Шу баҳона мен у билан тўлиқроқ танишиш бахтига муяссар бўлдим. 45 ёшлинаманганлик оқ сариқдан келган бу аёлнинг ёзганларини кузатарканман уни ғойибдан ҳурмат қилдим.
«Умримнинг асосий қисми Тошкентда ўтган. Тақдир тақозоси билан етти йил Туркиянинг Истанбул шаҳрида ишладим. Оддийгина идиш ювувчиликдан бош ошпаз даражасига кўтарилдим, – дейди Сабо Маруфжонова. – Ҳозирда Германиянинг Штутгарт шаҳрида, «Гарден Турк» ресторанининг моҳир ошпазларидан бириман. Ёлғиз аёлман. Фарзандларим бор.
Ошхонада овқатлари, интернетда эса ёзган ҳикоялари билан меҳр қозонган Сабо болалиги ҳақида шундай эслайди:
«Болалигимдан шеър ва ҳикоялар ёзаман. «Ғунча», «Тонг юлдузи», «Гулхан» каби болалар газета ва журналида ёзганларим кўп маротаба босилган, ижодкор бўлишни орзу қилардим. Саратон касалигига чалинган онамга қараш учун орзуларимдан воз кечганман. Ёзувчиликка даъво қилмайман. Чевар ёзувчилардек ёзиш учун менда билим етишмайди. Асарларим қаҳрамонларининг ҳаммаси ҳаётий. Улар биз билан бир даврда яшашади».
Сабо касбини яхши кўради. Қийинчилиги – кунда ўн соат тик оёқда туриб овқат пиширади. Биламизки, дунё ошхонаси тизимида ишлайдиган ресторанларда, ҳар бир мижоз учун алоҳида таом пиширилади.
«Таомни пишириб мижозга гўзал шаклда етказиб бериш ҳам санъатдир. Мен бундан завқ оламан», дейди у.
«Сабо, – дейман ёзишмаларимизнинг бирида –Германияда ишлайсиз, Туркияда яшагансиз айтингчи, одамларни яхши ёмон бўлишида миллат нечоғлик аҳамиятли?»
«Ёмон миллат, ёмон давлат, ёмон халқ бўлмайди. Аслида бу фикрни мен доимо илгари сураман. Яхши ва ёмон одамлар бўлади», – деб жавоб ёзади у.
Уни кузатарканман, зилзиланинг илк кунида Туркияга, Адияманга етиб борганини, ҳамма нарса видео ва расмларда кўринганидек эмас, балки ер ютиб кетган шаҳарлар даҳшатнинг ўзи эканлигиниёзган ҳикоялари орқали билиб бордим. Минглаб жасадлар, минглаб ярадорлар, ёрдамга муҳтож турк ҳалқи ҳеч кимни бееътибор қолдирмади, жабр кўрганлар орасида кўплаб ўзбеклар ҳам бор эди. Сабонинг бошлиғи ҳам инсонийлиги баланд экан, Туркияда бир муддат қолишга рухсат берди. «Сабо унинг дўстлари» гуруҳидаги адабиёт ихлосмандлариҳам ёрдамга қўл чўзишди. Зилзиладан омон қолган ватандошларимизни шифохонага олиб борди, ётар жой билан таъминлади, озиқ-овқатларини етказиб берди. Баъзиларини ватанимизга жўнатиб юборди. Қолганларини ҳам оилаларининг бағрига қайтариш учун ҳаракат қилди. Анқарадаги ижтимоий ёрдам марказидан, ҳамюртларимиз Муаззам Иброҳимова ва Фазлиддин акадан катта дастак олди.
«Айтингчи, Туркия халқи бу мусибатдан қандай хулоса чиқарди деб ўйлайсиз?»
«Зилзиладан кейин турк ҳалқи япон усулида уйлар қуришга кўпроқ эътибор қараца керак. Чунки, Туркия зилзилалар ўлкаси. Ҳар доим бу ҳолатга тайёр бўлиши керак. Менинг оилам Истанбулда яшайди. Улар тинч. Ҳамкасбларим орасида оиласини йўқотганлар кўп бўлди. Мен ҳеч кимни йўқотмадим, дея олмайман. Вафот этган Севинч менинг қизим. Оғир ярадор Акрамжон ва Аслиддин менинг укаларим. Гулнора опа менинг опам, Дилшода менинг дугонам. Икки ойлик Абутолиб набирамдек. Биз бир дин, бир давлат бир миллат, қисқа қилиб айтганда ўзбек фарзандларимиз. Офатни бошидан кечирганлар билан гаплашдим. Уларни кўзига қараш учун эса темирдек ирода керак бўляпти. Улар ҳақида ёздим ва ёзишда давом этаман.»
«Мен донорман!»
«Бир синглимизни Қонуний Султон Сулайман шифохонасига олиб бордим. Зилзиладан омон қолган ярадорлар кўпчиликни ташкил қилибди. Навбат кутиб турдик. Докторлар таҳлил қилдиришимизни айтишди. Таҳлил жавоблари чиққунча оғриқ қолдирувчи муолажаларни бошлашди. Йўлакда кутиб турибман. Рўпарадаги хонадан эркак кишининг ҳамширага бақираётгани эшитилиб турарди. Қизиқиб эшикдан мўраладим. Ҳамшира аравачасини етаклаб чиқиб кетди. Бирданига йигитни йўтал тутди. Бир зумда қизариб кетди. Шошилиб кириб сув ичирдим. Нимагадир йигитнинг қўллари ва оёқлари кароватга боғлаб қўйилган эди. Ҳайрон бўлиб қолдим. Йигит кўзларини менга тикди. Қандайдир ғайритабиий овозда сўради:
– Мен донорман. Кимга орган керак бўлса текинга бераман. Хавотир олма, соғломман. Юрагим, жигарим, буйракларим ҳаммаси сопп- соғ.
Тикилиб туравердим. Ақли жойида эмас, шекилли.
– Яна сув берайми?
– Кошки, шу сувнинг ўрнига заҳар берсанг.
Жинними десам, ўхшамайди. Лекин, гаплари ғалати. Боғлаб қўйилган қўл, оёқлари қизариб кўкариб кетибди. Раҳмим келди. Унга қандай тасалли берсам экан деб ўйладим. Стулни суриб ёнига ўтирдим.
– Кимнидир йўқотганга ўхшайсан. Бошинг соғ бўлсин. Лекин, ўлганни орқасидан ўлиб бўлмайди. Синовларига сабр қилишимиз керак.
– Ўлганни орқасидан ўлса бўлади. Барибир ўламан. Ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Юсуфимнинг ёнига кетаман. Ўғлим совуқ тупроқда ётаркан, мен иссиқ ётоқда ухлолмайман.
– Оилангда бошқа ҳеч ким йўқми?
– Қизим, аёлим бор. Улар қутилишди. Юсуфимни қутқариб қола олмадим. Бир ярим ёшда эди. Уни энг яхши инсон қилиб етиштирмоқчи эдим.
– Улар гуноҳсиз фаришталар. Тўғри жаннатга кетишди.
Йигит кўзларимга тикилиб турди.
– Сен бошқача экансан. Негадир сен билан гаплашгим келяпти. Қизимни ҳам яхши кўраман. Лекин, Юсуф бошқача эди. Исмини вужудида таширди. Ҳазрати Юсуфдек чиройли эди. Менсиз ухламас эди. Тўполон қиларди. Ёлғондан пўписа қилишса қанотларини кенг очиб менга қочарди. Қўлларини юқори кўтариб, мени кўтар деб имо қиларди. Ишдан келишимни пойлаб турарди. Яна ўша ҳолат. Қўлларини кўтарганча менга қараб югурарди. Бошимизга том ағдарилди. Кўзимни очганимда ҳамма жойим қон эди. Белимни оғир тош босиб қолганди. Қимирлай олмадим. Уч метр узоқликда Юсуфнинг йиғлаган овози эшитилди. Белидан пасти тупроққа кўмилган эди. Қўлларини узатиб мени кўтар деб йиғларди. Мен нотовон жойимдан қимирлай олмасдим. Аввалига яхши гапириб, юпатиб кўрдим. Тинчлантиришга ҳаракат қилдим. Юсуф йиғлашда давом этди. Чидай олмадим. Бор кучим билан олдинга силжишга ҳаракат қилдим. Белимни босиб турган бетон ҳам, мен билан бирликда ҳаракат қиларди. Унга анча яқинлашдим. Бир метр ҳам масофа қолмаган эди. Юсуфга қарадим.
– Келдим, болам. Келдим, Юсуфим. Оз қолди. Ҳозир сени кўтараман.
Юсуф жилмайди. Қўлларини олдинга чўзди. Яна бир қаттиқ ҳаракат қилдим. Устимга бетон тушганини кўрдим. Кейин нима бўлганини билмайман. Кўзимни очганимда деярли тупроққа кўмилиб қолгандим. Шошилиб ўғлимга қарадим. Юсуф қўлларини мен тарафга чўзганча ётарди. Кўзлари катта очилган, қорачиқлари қотиб қолганди. Бу ҳолатни тасвирлаб беролмайман, бу юк билан қандай яшайман. Юсуфнинг кўзларини қандай унутаман?
Йигит лабларини қаттиқ тишлади. Негадир йиғламади. Йиғласа енгил тортади, деб қўйдим ичимда.
– Жон бизга Аллоҳнинг омонати. Унга хиёнат қилиш, ўз жонига қасд қилиш дўзахга тайёр чипта дегани. Қизингни ҳеч ўйлаяпсанми? Эртага катта бўлади. Кўзга кўринган вақтда битта суянадиган тоққа муҳтож бўлади. У тоғ, албатта, отадир. Бу дунёда отасиз гулғунчалар кўпроқ хўрланади. Ҳимоячиси бўлмагани учун...
Биз анча гаплашдик, йигит тинчланди... Йигитнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Йиғидан нафаси тиқилди. Стол устида турган қайчини олдим. Аввал қўлларини кейин оёқларини боғичдан халос қилдим. Йигит қўллари билан кўзини беркитганча уввос солиб йиғларди. Тўйиб йиғлаб олсин, унга халақит бермай деб орқамга қайрилдим. Эшикка суяниб турган ҳамшира ҳам унсиз йиғларди. Индамай чиқиб кетдим. Орқамдан ҳамшира келди.
– Сен психологмисан?
– Йўқ. Ошпазман. Кеча ўн икки ёшида қирқ ёшли одамга айланиб қолган болани кўрдим. Бу офат ҳаммамизни бошқа-бошқа одамларга айлантириб қўйди.
Таҳлил натижалари яхши чиққан синглимизни таксигача кузатиб қўйдим. Ўзим уйга қандай келганимни билмайман. Узоқдан мени кўриб югуриб келаётган кичкинтойим Харунни кўрдим. Қўлларини кенг очганча пилдираб келарди. Бу сафар уни кўтариб олмадим. Тиз чўкиб қучоқладим.
– Энди сени кўтармайман. Катта бўлиб қолдинг. Ўзингни ўзинг ҳимоя қилишинг керак. Сени ёрдамга муҳтож заиф ҳилқат эмас, аксинча миллатга ёрдами тегадиган кучли инсон бўлишингни хоҳлайман. Буни унутма, ҳўпми?
Мунчоқдек, қопқора кўзларини тикиб турган жаннат калитим, мени нима деганимни тушунмаса ҳам жилмайиб қўйди. Бугун бироз вақтим бўлиб қолгани учун ёзиб қўя қолдим. Бугун ёзмоқчи эмас эдим. Шундоқ ҳам қанча қалблар парчаланиб кетди. Кўзимиз ёшлардан кўрмай қолди.»
Қалбларни бирлаштирган Сабо
«Ўғлим бор Юсуф, бир ярим ёш. Уни ухлатаётиб бу ҳикояни йиғлаб ўқидим, ҳамма қилиқлари ўша Юсуфникига ўхшайди, жажжи фаришта...», деб ёзади мухлисларидан бири изоҳида.
«Ажойибсиз Сабо, азизим! Кундан-кунга меҳрим ошиб бораяпти сизга, бу кўнгилчанлигингизни, меҳрибон яхши инсонлигингизни кўриб. Ёшим 62 дан ошган бўлсада ёнингизда бўлиб Сиз қилаётган эзгу ишларда биргалашгим келаяпти ...»
«Сабо хола. Аямнинг телефонидан ёзяпман. Телефон оламан деб, пул йиғаётган эдим. Икки юз ўн беш минг сўм бўлибди. Уни сизга юборяпмиз. Туркиядаги ўртоқларимга шапка олиб беринг. Совқотиб қолишмасин.»
«Ажойиб инсонсиз, Сабо!Бир инсоннингҳаётини сақладингиз, унга умид бағишладингиз. Раҳмат сизга, дўстим».
«Сабохоним, ниҳоят мен ёрдам беришни илтимос қилган қизимизни ҳам ватанга қайтараётганингиз учун чуқур миннатдорман. Унинг 5 нафар боласи бор, эри экстремистик гуруҳларга қўшилиб, оиласини ташлаб кетган. Натижада у болаларини боқиш учун кетганди. Раҳмат, сизга. Сизни Аллоҳ асрасин. Сиз ҳали минг-минглаб одамларга кераксиз».
Изоҳларни ўқирканман, дунё фақат негативлардан иборат эмасей, дегим келди. Ана шундай олижаноб қалбли Сабо ҳақида айтмоқчи бўлганларимиз шулар эди. У ўзи билмаган ҳолда қанчадан-қанча одамларни адабиётга ошуфта қилаяпти, ўзининг эзгу ишлари орқали одамларга яхшилик қилишни ўргатаяпти. Унинг ҳар бир ҳикояси тагида ёзиб қолдирадиган сўнги сўзи бор, сўнги сўзки қалбларни бирлаштиради: «Ҳаёт жуда қисқа. Қалбларни парчалаш бизга ярашмайди. Сизларни яхши кўраман, Сабо». Биз ҳам сизни яхши кўрамиз қаҳрамон ва жасоратли Сабо!
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter