Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Варақсиз дафтардаги салмоқли битиклар...

Варақсиз дафтардаги салмоқли битиклар...

Маматқул Ҳазратқулов (ўртада) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов (ўнгда) ва давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов (чапда) билан.

Фото: Xabar.uz

Таниқли журналист ва моҳир ёзувчи, серқирра ижодкор Маматқул Ҳазратқуловнинг қутлуғ 78 ёши остонасида «Олтин мерос пресс» нашриётида «Варақсиз дафтар» китоби нашрдан чиқди.

Тақдир тақозоси билан 2004-2006 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)да ишлаш насиб этди. Ўша вақтда агентликнинг республика ахбороти таҳририятига истеъдодли журналист, кейинчалик, «Постда» газетасига бош муҳаррирлик қилган Норали Очилов раҳбарлик қилар эди. Мен ўша пайтда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриётида ишлардим. Камтарин, ҳокисор ва моҳир таҳрирчи Норали ака билан «Ватан», «Ҳуррият» газеталарига мақолалар ёзиб турган талабалик давримдан яхши таниш эдим.

У киши ЎзАда ўзи масъул бўлган таҳририятни кучайтираётганини, албатта, агар директор рози бўлса, шарҳловчилик лавозимига ишга ўтишимни таклиф этди. Тартиб-қоидага кўра, синов муддатидан кейин бу ишга чуқур шўнғиб кетдим. Ҳар куни битта, баъзи кунлари иккита хабар узатар эдим. Шунда белгиланган «ойлик ижодий режа»ни бажарибгина қолмай, яхшигина қалам ҳақи ҳам олар эдим.

Очиғини айтаман, қаерга бормай, қайси тадбирни ёритишга чоғланмай, ўша ташкилотлар раҳбарлари Бош директоримиз Маматқул Ҳазратқуловни кўпдан буён яхши танишини, унга салом айтиб қўйишимни илтимос қилишар, биз каби шарҳловчилар вазир мақомидаги Бош директорни жуда кам, унда ҳам ойда бир ўтадиган мажлисларда кўрардик. Шу сабабдан агар салом айтмоқчи бўлишса, қабулхонасига телефон қилишлари мумкинлигини айтардим.

Уларнинг аксарияти қўнғироқ қилишган бўлишса керакки, бир куни Бош муҳаррир Норали Очилов «Илтимос, бораётган жойларингизда бошлиққа телефон қилдирманг, директор хафа бўлаяпти. Менга ҳеч ким телефон қилмаса ҳам билиб-билиб тадбирларни ёритаверамиз, деяптилар», деб қолди. Жуда ноқулай аҳволга тушдим ва бу менга катта сабоқ бўлди. Шу-шу «Кимки Ҳазратқуловни танийман, бир гаплашиб қўяйлик», деса «Майли, кўрганимда албатта саломингизни айтаман, сизга телефон қиладилар», деб қўядиган бўлдим.

2005 йилда Бош директор ёрдамчиси Фарҳод Усмонов илмий иш қилиш учун Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўтиб кетди. Бу лавозимга Маматқул ака мени тайинлади. Бир ярим йил Бош директор ёрдамчиси бўлиб, у кишидан жуда катта ҳаёт сабоқларини олдим.

«Ўзбекистон маданияти» – «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси таҳририятида масъул котиб, Президент девонида консультант, бош консультант (1991-93),  ЎзА Бош директори (1993-98, 2001-2017), «Ўзбеккино» компанияси раисининг биринчи ўринбосари (1998-2001) бўлиб ишлаган тажрибали ва меҳнаткаш раҳбардан кўп нарса ўргандим ва қатор фазилатларига гувоҳ бўлдим.

Биринчидан, ҳар бир кичик хабар учун ҳам жавоб бериладиган ўша даврларда М.Ҳазратқулов асосий диққат-эътиборни ЎзА канали орқали узатилаётган материалларнинг сифати ва мазмунига қаратар эди. Сўзнинг моҳир заргари, расмий ифода услубини мукаммал ўзлаштирган салоҳиятли муҳаррир сифатида ўз ишига катта меҳр ва ихлос билан қарарди.

Сон-саноқсиз ташкилотлару катта-кичик амалдор-тўраларнинг ҳукумат («вертушка») телефон қўнғироқларига жавоб бериш масъулиятини менга топширган, кундалик асосий ишим айтарли шу ишларни мувофиқлаштиришдан иборат эди. Ўзлари энг катта раҳбарлар билан «ПГ» деб ёзилган гербли сариқ телефон орқали гаплашар, давлат аҳамиятига молик муҳим топшириқлар ўша ердан олинарди.

Маматқул ака сиёсий жиҳатдан етук раҳбар, мулоқотларда чин дипломат. Хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари ва хорижий ахборот агентликлари раҳбарларини қабул қилаётганларида менга бир четда ўтириб, суҳбат мазмунини батафсил баённомага туширишни топширар, тадбирдан сўнг ўзлари уни тўлдириб-бойитиб, бир нусхасини алоҳида йиғма жилдда сақлашни, иккинчи нусхасини Ташқи ишлар вазирлигининг Давлат протоколи хизматига юборишни тайинлар эди. Бу амалиёт кейинчалик «тиғиз ҳолатларда» кўп бора қўл келган...

Ниҳоятда покдамон, бировнинг ҳақидан ҳазар қиладиган раҳбар бўлгани боис қандайдир қинғирликлар ҳақида билиб қолса ёки бирон ходим ишончини суистеъмол қилса, қаттиқ жазо берарди.

Маматқул ака узоқ йиллардан буён давлатнинг катта бир ташкилотини бошқараётганига қарамай, кўп қаватли уйда турарди. 2006 йилда, олтмиш ёш остонасида яшаб турган хонадонини сотиб, устига минг бир машаққат билан «Халқ банки»дан 40 миллион сўм кредитни қўшиб, ҳовли олганлари ҳамон эсимда.  

Иккинчидан, ишни ўринбосарлар ва бош муҳаррирлар ўртасида тенг тақсимлар, улар билан ҳам вертикал, ҳам тўғридан-тўғри ишларди. ЎзАда қатъий интизом ўрнатилгани туфайли жиддий хатолар деярли ўтмас эди. Ўша йиллари раҳбарликларида ЎзАнинг халқаро алоқалари изчил кенгайтирилди. Ҳар йили кўплаб ходимлар чет элларга хизмат сафарига юборилди. Дунёнинг кўплаб етакчи ахборот агентликлари, жумладан, Малайзиянинг «Бернама», Жанубий Кореянинг «Юнхап», Мисрнинг «Ал-ахбор», Россиянинг «ИТАР-ТАСС», Туркманистоннинг «Давлат ахборот агентлиги», Туркиянинг «Анадолу» агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатилди. ЎзА веб-сайти орқали илк бор саккиз тилда (ўзбек – лотин ва кириллда, рус, инглиз, француз, испан, араб, хитой, немис тилларида) хабар узатиш йўлга қўйилди.

Ўта талабчан ва принципиаллиги сабабли агентликка ишга қабул қилинаётган кадрларга юқори талаб қўяр, уларнинг малака-тажрибасига алоҳида эътибор қаратарди. ЎзА «ижод қозони»да обдон пишган ва меҳри тушган ҳеч бир ходимни «қўйиб юбориш»ни хушламас, ҳар бир мутахассис учун астойдил курашар, ёш кадрлар энди тажрибаси ва маҳорати ошиб, қўлидан иш келадиган бўлиб қолганида бошқа ташкилотга «олиб кетишларига» тоқат қилолмасди.

Лекин айрим истиснолар бўларди: ходим агар юқорироқ лавозимга таклиф этилса ёки камида Бош муҳаррир бўлгандагина оқ фотиҳа бериларди. Агентликда ишлайдиган ҳар бир ходимни, лавозимидан қатъи назар, дадил ҳимоя қилар, ҳеч кимдан ёрдамини аямас эди.

Муртазо Қаршибоев, Қулман Очилов, Тоҳир Долиев, Ўктам Мирзаёр, Шуҳрат Умиров, Анна Иванова, Ғулом Мирзо, Жуманазар Мелиқулов, Норали Очилов, Амирқул Каримов, Садриддин Суяров, Холмурод Салимов, Анвар Бобоев, Беҳзод Норбоев, Фарҳод Арзиев, Озод Ражабов, Воҳид Луқмон, Бобур Собиров, Рустам Жабборов, Абубакр Ўрозов, Олим Тўрақулов, Бекзод Ҳидоятов, Анвар Самадов, Ҳусниддин Бердиев ва бошқа кўплаб ходимлар Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик ва идораларда масъул лавозимларда, телеканаллар, газета ва журналлар бош муҳаррирлари бўлиб ишлашида, ҳеч шубҳасиз, устознинг хизматлари катта.

Учинчидан, Маматқул ака қаерда, қайси лавозимда ишламасин, аввало, қалбан-вужудан ёзувчи эди. Очиғини айтганда, қабулига келган унча-бунча одамни қабул қилавермасди. Суҳбатни ҳам кўп чўзмасдан, асосий масалани гаплашиб, тезда чиқариб юборар эди. Чунки қимматли вақтини лаққиллаб ўтказишни ёқтирмасди. Аниқлик ва қисқаликка одатланган. Қолаверса, мажлисвозликларни ҳам унчалик хуш кўрмас, боши ва охири кўринмайдиган машваратлардан кўпинча кайфияти тушиб,қорамағиз юзи анорранг қизариб, анчайин эзгин ҳолатда қайтганига кўп гувоҳ бўлганман.

Лекин қабулига бирон истеъдодли ёзувчи ёки шоир, санъаткор ёки олим келиб қолса, албатта ҳамма ишини ҳам четга суриб, бундан баҳри дили очилар, самимий мулоқотдан кейин эса ЎзАнинг бешинчи қаватидаги узун йўлакдан лифтгача ўзлари илтифот билан кузатиб қўяр эди.

Узу кун давом этадиган ишнинг ҳажми ва босими юқори бўлишига қарамай, бутун қалби билан адабиётга ошиқар, ҳар бир ижодий ишини ғоят диққат билан, кўп вақт хаёлан пишириб, бутун бадиий тафаккур салоҳиятини ишга солиб, қоғозга шўнғир ва тўрт-беш кунда ёзиб тугаллар эди. «Кўккўл», «Дийдор», «Чироқ ўчмаган кеча» китоблари ана шундай тунги бедорликлар, қалб изтиробу туғёнлари, ботиний эҳтиёжининг гўзал маҳсулларидир.

Янги китоби тайёр бўлиши билан таҳрир ва фикр нуқтаи назари билан оширар ва албатта, жўяли мулоҳазаларни болаларча беғуборлик билан тинглаб, эътиборга олар эди.

М.Ҳазратқулов гарчи узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида давлат юмушлари билан банд бўлган эса-да, сермаҳсул ижод қилган ёзувчилардан бири, дея оламан. «Оққуш», «Ёруғ кун», «Чўли ироқ», «Ҳаётнинг бир парчаси», «Журъат», «Қуёш мен томонда», «Қўзичоқнинг кўз ёшлари», «Интизор», «Эшиклар очиқ», «Икки соҳил», «Севги сози», «Гладиолус», «Китобим ичра сен борсан», «Қизил ва яшил» каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари буларга мисолдир.

У забардаст драматург ҳам. «Лев Толстой ва ўзбек адабиёти» рисоласи нашр этилган. «Меҳр кўп кўргиздим...», «Меҳмон», «Қадрим», «Ҳақ сўз», «Афандининг янги саргузаштлари» пьесалари мамлакатимизнинг турли театрларида саҳна юзини кўрди. «Сайёра» балетининг либреттоси, «Ипаклари тиллодан», «Нон» каби ҳужжатли фильмлари томошабинларга ниҳоятда манзур бўлди. 

М.Ҳазратқулов таржимасида Озарбойжон халқ ёзувчиси Анарнинг «Албатта учрашамиз» номли ҳикоялар ва қиссалар тўплами илк бор ўзбек тилида нашр этилди. Адиб рус ёзувчилари Лев Толстой, Василий Шукшин, япон ёзувчиси Акутакава Роноэску, озарбойжон ёзувчилари Юсуф Самад ўғли, Элчин, Ашраф Иброҳимов, татар ёзувчиси Тофиқ Айди, тожик ёзувчиси Жума Одинаев, грузин ёзувчиси Григол Абашидзенинг қатор асарларини она тилимизга таржима қилди.

Ўқувчилар эътиборига тақдим этилаётган янги «Варақсиз дафтар» китоби эса адибнинг аввал ҳеч қаерда қайд этилмаган, аммо бугун оммага айтишни истаган юрак тубида сақлаган ҳақиқатларидир.

Бу ҳақда муаллифнинг ўзи шундай дейди: «Ушбу китоб ўзим бевосита иштирок этган, кўрган воқеалар ҳақида. Бировдан эшитган гаплар, воқеалар йўқ. Улар ошириб, бўрттириб, ҳатто бадиий сайқал бериб ёзилмади. Баъзи ўринларда муайян шарҳлар, мулоҳазалар битилди, ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун изоҳлар берилди, холос.

Китобга «Варақсиз дафтар» деб ном берилгани – бу воқеалар на ён дафтарга, на диктофонга ёзилган. Ҳаммаси варақсиз дафтарим – хотирамни «титкилаб», «варақлаб» улардан танлаб олинган ва китобхонлар эътиборига тақдим этиш лозим, деб топилган лавҳалар. Мабодо, айрим сана ёки рақамларда хатолик учраса, азиз ўқувчилардан узр сўрайман».

Асар муаллифнинг ҳаёти ва фаолиятига муқояса қилиниб, шартли равишда бешта дафтарга бўлинган. Эришган ютуқлари, юксалиш зинапояларидаги диққатга молик ҳар бир детал инобатга олинган. Шу маънода мазкур китобни муаллифнинг мактаб йилларидан тортиб, салкам 60 йиллик меҳнат фаолиятига нисбатан виждон сарҳисоби, дейиш мумкин.

Махсус монтаж бошқармасида оддий ишчи бўлиб иш бошлаган талаба не-не машаққатли меҳнатлар, сарсону саргардонликларга, тақдир сўқмоқларида эврилишларга учраб, олижаноб инсонлар кўмаги ва устозлар рағбати билан вазир даражасига кўтарилади, йигирмадан ортиқ давлатни кўрган жаҳонгашта журналист, адиб ва арбобга айланади.

Муаллиф ўзи бевосита иштирок этган қизиқарли воқеалар, кўрган-кечирганлари ҳақида, муҳим қарорлар қабул қилишдаги мураккаб ҳолатлар тўғрисида равон тилда ҳикоя қилар экан, уларни бугунги дориломон замон билан таққослайди ва шу кунларга етказгани учун шукрона қилади.

Китобда муаллифнинг яқин дўстлари, ҳамкасблари, устозлари, атоқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, санъат дарғалари ҳақида ҳикоя қилинган ва буларни адибнинг ўша улуғ инсонларга чексиз эҳтироми рамзи-ифодаси дейиш мумкин. Шу билан бирга, асар ижод бўстонида қимматли тарихий манба ҳамдир.

Маматқул Ҳазратқулов жамиятимизни қийнаётган ва сурункали тус олган энг оғриқли муаммолар бўйича ўзининг узоқ йиллик кечинма-англамлари ва юксак виждон позициясидан келиб чиқиб баҳо беради, мантиқий мушоҳадаларини журналистик кузатишларидан ҳосил бўлган аниқ таклифлар билан тўлдириб баён этади.

Китобдаги ҳар бир лавҳани ўқир экансиз, муаллифнинг ижтимоий иллатларга эътирози, ҳаётий принципларига зид ишларга нисбатан ўзига хос «қаршилик ҳаракати», ўша даврдаги бюрократик ва нодемократик бошқарув тизимининг юракзада тартиб-тамойилларига раддиясини воқеавий манзаралар остида теран сиздириб кетганини тушунасиз.

Ўрни келганда эслатиб ўтиш жоиз. Маматқул аканинг давлат ва жамият олдидаги хизматлари муносиб эътироф этилди. 1983 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист фахрий унвони (1988), «Меҳнат шуҳрати» (2011) ва «Фидокорона хизматлари учун» (2017) орденлари билан тақдирланди. 2021 йилда биринчи даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони берилди.

2023 йилда Боку шаҳрида ўтган туркий давлатлар китоб ва адабиёт иккинчи фестивалида халқаро ТУРКСОЙ ташкилотининг «Низомий Ганжавий» медали топширилди, «Энг улуғ, энг азиз» республика танловида «Китобим ичра сен борсан» китоби йилнинг энг яхши публицистик китоби номинациясида биринчи ўринга лойиқ кўрилди.

2019 йилдан «Гулистон» журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаб келаётган Маматқул ака ҳамон ижтимоий фаол, ижодий завқ-шавққа тўлиб меҳнат қилмоқда. Сўзимиз якунида, ғайрат-шижоатдан ҳеч қачон чарчаманг, толманг, доим соғ ва омон бўлинг, устоз, деймиз.

Лазиз РАҲМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг