Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда Ибн Баттутанинг Ўзбекистондаги саёҳатлари тўғрисида интерактив кўргазма ташкил этилади

Тошкентда Ибн Баттутанинг Ўзбекистондаги саёҳатлари тўғрисида интерактив кўргазма ташкил этилади

Тошкентда ўтаётган Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигида маълум қилинишича, таниқли саёҳатчи Ибн Баттутанинг Ўзбекистон ҳудудидаги саргузаштлари, босиб ўтган йўли, кўрган шаҳарлари меъморчилиги ва урбанистикасига бағишланган замонавий технологиялар асосидаги интерактив медия кўргазма ташкил этилади.

Бу ҳақида Буюк Британиянинг Сент Эндрю университети профессори Аббос Панаккал маълум қилди. Унга кўра, бу борада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан келишувга эришилган бўлиб, Ибн Батутта саёҳатларига доир экспозицияни марказ музейида ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида Ибн Баттута нигоҳидаги шаҳарларни кўрсатиб бериш кўзда тутилмоқда.

Келиб чиқиши марокашлик бўлган Ибн Баттута умрининг 30 йилини саёҳатга бағишлаган. XIV асрларда яшаб ўтган сайёҳ дастлаб Ҳаж сафарини амалга ошириш учун йўлга чиқади, кейинчалик бу мақсад Африка, Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё ва Хитойнинг баъзи қисмлари бўйлаб ҳайратланарли 120 минг километрдан ортиқ йўлни босиб ўтишга туртки бўлади. Унинг асарларида ўрта асрлар ислом олами ва унинг бошқа маданиятлар билан ўзаро алоқалари ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Унинг саёҳатлари ўрта асрларда география тушунчаси янада кўпроқ англанишига ҳисса қўшди, қитъалар бўйлаб савдо йўллари ва маданий алмашинувларни харитада акс эттирди.

Буюк Британиядаги Ибн Баттута халқаро маданиятлараро тадқиқотлар маркази директори Аббас Панаккал бу борада шундай деди:

– Ҳозир биз Марказий Осиёда муҳим аҳамиятга эга Ислом цивилизацияси музейини қуриш остонасидамиз. Бу музей тадқиқотчиларни исломнинг яширинган дурдоналарини очишга ундамоқда. Араб сайёҳи ва тарихчи Ибн Баттута Марказий Осиёнинг бир қатор шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилиб, машхур Самарқанд қоғози, ҳудуд табиати, одамларининг турмуш тарзи, меъморчилиги, маданий вазият ҳақида ёзиб қолдирган. У дарёлар ҳақида ёзаркан, Жайхунни кесиб ўтганини айтади. Биз август ойида ўтказилган конгрессда Ислом цивилизацияси маркази билан меморандум имзоладик. Унинг асосида Ибн Батутта саёҳатларига доир экспозицияни марказ музейида ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида Ибн Баттута нигоҳидаги шаҳарларни кўрсатиб беришни режалаштиряпмиз.

Экспозицияда Баттута нигоҳи билан Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Термиз шаҳарларини виртуал кўриш имкони тақдим этилиши айтилмоқда. Шу ва яна бир қатор илмий маданий янгиликлар 18 октябр куни бошланган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги давомида эълон қилинмоқда. Ҳозиргача ҳафталик давомида Темурий малика қўли билан ёзилган Қуръон қўлёзмаси ва Ўзбекхонга аталган илк Қуръон мусҳафи топилгани катта янгилик бўлди. Шунингдек, Берлин кутубхонасидан Бобурийларга оид ҳашаматли альбом топилгани маълум қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг