Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Тобора ёлғиз қолаётган Фаластин. Араб давлатлари Фаластин ортидан пичоқ урдими? (таҳлил)

Тобора ёлғиз қолаётган Фаластин. Араб давлатлари Фаластин ортидан пичоқ урдими? (таҳлил)

Кеча, 4 апрель куни (ҳижрий йил ҳисоби бўйича: Рамазон ойининг 14 куни) кечқурун Исроил хавфсизлик кучлари Қуддусдаги масжид Ал-Ақсога бостириб кирди.

Манбаларга кўра, сешанба куни кечқурун Исроил хавфсизлик кучлари масжиднинг намозхонасига бостириб кириб, у ердаги фаластинликларга шовқинли гранаталар, заҳарли газ, резина ўқлар ва бошқа воситалар билан ҳужум қилган.

Фаластин асирлари қўмитаси вакили Риёд ал-Ашкарининг журналистларга берган маълумотига кўра, ҳужум натижасида 200 дан ортиқ фаластинлик қўлга олинган. 100 га яқин инсон эса яраланган. Қўлга олинганлар эса Исроилнинг Қуддусдаги Анатадаги ҳарбий базасига юборилган.

Мусулмон дунёси ғазабда – Исроил полицияси ўтган йил Рамазон ойидаги қилмишини бу йил ҳам такрорлади

Исроил хавфсизлик кучлари нега ҳар Рамазон ойида масжид Ал-Ақсога бостириб кириши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ҳа, масала одамни ўйлантириб қўяди. XX асрда вужудга келган Яқин Шарқ муаммоси бугунги кунгача ўз ечимини топа олмай келмоқда. Нега бугунги кунда араб давлатлари бир бўлиб, Фаластинни қўлламайди?

Агар тарихга назар ташласак, Исроил кучларининг масжид Ал-Ақасога уюштираётган ҳужумлари айнан Рамазон ойида юз берганига гувоҳ бўласиз.

Сўз исботи билан деганларидек, далилларни санашга ўтсак:

2021 йил 7 май – Рамазон ойининг 25 куни Исроил полицияси таровеҳ намозини ўқиётган бир паллада масжид Ал-Ақсога бостириб кирди. Бунинг натижасида ўрта катта тўқнашув содир бўлиб, можаронинг қулочи ёйилиб, икки ўртада уруш келиб чиққан эди.

image

11 кун давом этган ўша қонли тўқнашувларда Ғазо секторида яшовчи 232 нафар араб ҳалок бўлган ва 1900 га яқини жароҳат олган. Исроил томондан эса 12 нафар инсон вафот этган, юзлаб одамлар яраланганди.

Бу фожиадан бир йил ўтганидан кейин, аниқроғи, 2022 йилнинг 22 апрель куни – Рамазон ойининг 22 куни (жума куни) бомдод намозидан кейин Исроил полицияси Ал-Ақсо масжидига яна бостириб кирди.

Бугун ҳам Исроил хавфсизлик кучлари айнан Рамазон ойида мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланмиш масжидга бостириб кирди. Хўш, бундан кўзланган мақсад нима?

Араб давлатлари Фаластинга хиёнат қилдими?

Совуқ уруш даврида Араб давлатлари (Миср, Иордания, Ироқ, Сурия, Ливан, Саудия Арабистони, Яман)ни СССР, Исроилни эса АҚШ ҳам ҳарбий, ҳам молиявий томондан дастаклади. Бироқ СССР парчалангач, араб давлатларини Исроилга қарши қуроллантирувчи куч йўқ бўлди. Шундан сўнг араб давлатлари бирин-кетин АҚШ томонига оға бошлади.

Бир вақтлар Исроилга қарши қурол кўтарган араб мамлакатлари бугун Исроилнинг яқин ҳамкорлари ҳисобланади.

Айниқса, АҚШнинг 46-президенти Дональд Трамп араб давлатлари билан Исроилни яраштиришда жонбозлик кўрсатди. Айнан у 2018 йилда Исроил расмий идораларини Тель-Авивдан Қуддусга кўчиришини қўллаб, Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилди.

undefined

Айнан Трамп даври (2017-2021йиллар)да араб мамлакатлари Исроил билан ташқи алоқаларни жадал тарзда тиклади. Масалан, 2020 йилнинг август ойида АҚШ воситачилигида Бирлашган Араб Амирлиги (БАА) Исроил билан муносабатларни тўлиқ нормаллаштириш бўйича келишувга қўл қўйди. Октябрь ойида эса Баҳрайн Исроил билан дипломатик алоқаларни ўрнатди. Фаластин раҳбарияти эса бу келишувларни «ортдан урилган пичоқ» деб атади.

2020 йил охирига келиб, БАА, Баҳрайн, Судан ва Марокаш Исроил билан тўлиқ тартибга солинадиган иқтисодий ва дипломатик муносабатларни ўрнатиб бўлган эди. Миср (1979) ва Иордания (1994) қолганлардан кўра олдинроқ Исроилга қўл бериб бўлганди. Араб давлатларидан фақатгина Саудия Исроил билан ҳамкорликни йўлга қўймаган эди.

АҚШ Саудия Арабистони ва Исроилни келиштириш учун кўп тер тўкди. Бироқ ҳокимиятига Жо Байден келгач, бу ҳаракатлар ҳавога учди, қўйди.

Туркия Фаластиннинг ягона халоскорими?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Яқин Шарқ муаммосини кўп бор тилга олиб келади. Аммо шу вақтга қадар Туркия амалий жиҳатдан Фаластинга на ҳарбий, на иқтисодий ёрдам берди,

Буни бир нечта сабаблари бор. Масалан, агар Туркия Фаластинни амалий қўллаб-қувватлашни бошласа, катта эҳтимол билан НАТО таркибидан чиқариб юборилиши мумкин. Табиийки, Альянс таркибидан чиқиш Туркия манфаатларига тўғри келмайди. Бундан ташқари, Туркияда АҚШнинг бир неча ҳарбий истеҳкомлари ҳам борлигини эсдан чиқариш керак эмас.

Мухтасар қилиб айтганда, Исроил деярли барча араб давлатлари билан келишувга эришиб, аста-секин Қуддусни эгаллаш тараддудида. Араб мамлакатларининг Фаластиндаги воқеаларга куппа-кундуз куни кўз юмиши Исроилни янада илҳомлантираётган бўлса ажаб эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг