Тадбиркорлар ишини тўхтатиб қўйган қарор ҳақиқий эмас деб топилди
10 нафардан ортиқ тадбиркорнинг фаолияти тўхтаб қолишига олиб келган Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашининг ноқонуний қарори маъмурий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Қарши шаҳрида фаолият юритувчи 4 та тадбиркорлик субъектининг маҳаллий кенгаш қароридан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганилди.
Аниқланишича, халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши томонидан 12.07.2024 йилда қабул қилинган VI-63-105-4-69-К/24-сон қарорга кўра, 10 та тадбиркорлик субъекти хизмат кўрсатаётган барча кўп қаватли уйларнинг биллинг тизими тўхтатилиши ҳамда Қарши шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимига ўтказилиши белгиланган.
Бунинг натижасида мазкур тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўхтаб, хонадонларга хизмат кўрсатиш имкони чекланган.
Маълумки, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 8, 49-моддаларига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва улар мансабдор шахсларининг кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди. Кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади. Кўп квартирали уйни бошқариш бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан; юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи томонидан шартнома асосида; битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатлари белгилаб берилган бўлиб, унда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 42-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан фаолиятни тугатиш, чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлашга оид ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади.
Мазкур ҳолатда кўп квартирали уйни бошқариш бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлсада, кенгаш томонидан профессионал бошқарув компанияларининг фаолияти тўхтатилиб, уларнинг фаолиятига аралашилган ҳамда аслида суд ваколатига тегишли таъсир чора кенгаш томонидан ноқонуний қўлланган.
Шу сабабли, таъкидланган кенгаш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Қарши туманлараро маъмурий судига ариза киритилди.
Суднинг 2 ойга яқин давом этган мажлисларида кенгаш қарори ноқонуний эканлиги исботлаб берилиши натижасида 22.11.2024 йилдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter