Сурхондарёда Япония кўмагида замонавий марказ очилди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Япония ҳукумати молиявий кўмагида, БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида ёшлар маркази ташкил этилди.
Замонавий масканнинг очилиш маросимида Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Такаши Ҳатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Акико Фужии иштирок этди.
Кунчиқар ўлканинг беғараз ёрдам лойиҳаси доирасида жиҳозланган янги марказ информацион технологиялар бўйича касбий кўникмаларга ўқитиш, тадбиркорлик ва хорижий тил курсларини таклиф этади.
Ташаббускорларга кўра, лойиҳадан кўзланган асосий мақсад таълим ва бандлик ўртасидаги тафовутни бартараф этиш, ёшлар муваффақиятга эришиши учун зарур воситаларга эга бўлишини таъминлашдир.
Аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган навқирон авлод ташкил этувчи Ўзбекистонда мазкур қатлам ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратиш алоҳида аҳамият касб этади.
Япония томони келгусида ҳам ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ниятини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter