Шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимояси кучайтириляпти

Сўнгги йилларда шахсларнинг тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи уни амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаганлиги сабабли чекланмоқда, дейилади Адлия вазирлиги ишлаб чиққан ҳужжат лойиҳаси матнида.
Вазирликка кўра, таклиф этилаётган Қонун лойиҳасида шахсларнинг, жумладан, болаларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти шаффофлигини, сўз ва матбуот эркинлигини янада мустаҳкамлаш, меҳнат муносабатларида ходимларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида айрим ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилган.
Жумладан, Фуқаролик кодекси 100-1-модда билан тўлдирилмоқда.
Мазкур модда «тасвирга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш»ни назарда тутиб, шахсни тасвирга (фототасвир, видеоёзув, у акс этган тасвирий санъат объекти ёки уни идентификaция қилиш имконини берадиган бошқа ташқи белгилар йиғиндиси) олиш (тасвирини яратиш) ва ундан фойдаланишга фақат ушбу шахснинг розилиги билан йўл қўйилишини тартибга солади.
Қайд этилишича, бундай ҳолларда шахс муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, розилик унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан берилади.
Ўн олти ёшга тўлмаган вояга етмаганлар номидан розилик уларнинг ота-онаси (ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан берилади.
Тасвирдан фойдаланиш деганда, уни ошкор қилиш, намойиш қилиш, тарқатиш, сақлаш, ишлов бериш, чоп этиш тушунилади.
Қуйидаги ҳолларда шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш талаб этилмайди:
-
тасвирдан жамият ва давлат манфаатлари учун қуйидаги мақсадларда фойдаланишда:
-
тасвирдаги шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қидирув эълон қилишда;
-
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан уларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
-
содир этилган ёки этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шунингдек, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа воқеа-ҳодисалар тўғрисида хабар беришда, уларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда (жабрланувчининг шаъни ва қадр-қиммати камситилмаслиги шарти билан);
-
хизмат вазифасини бажариш, жамоатчилик фаолиятини амалга ошириш жараёнида давлат хизматчиси ва ҳокимият вакилини тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
-
жамоат жойлари ҳамда митинг, йиғилиш ва намойишлар, шунингдек, оммавий ва шахсий (тўй, оилавий, юбилей, дафн маросими ва бошқа) тадбирларда умумий жараёнларни акс эттириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
-
тасвир шахс томонидан ҳамма фойдалана оладиган қилинган бўлса ёки ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбадан олинган бўлса (тасвирдан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно);
-
шахснинг ҳақ эвазига туширилган (яратилган) тасвиридан ушбу тасвирни олишдан (яратишдан) кўзланган мақсадда фойдаланилганда;
-
жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали шахсларни тасвирга олиш ва ушбу мақсадларда фойдаланишда.
Жамоат жойларида (ёки жамоат жойларига қаратилган объектларда) видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда, бу ҳақда аниқ ва барчага тушунарли огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шарт.
Жамоат жойи деганда, доимий, вақтинчалик ва (ёки) даврий хусусиятга эга бўлган, теварак атрофи ўраб олинган ёки очиқ ҳолдаги, аҳолининг умумий фойдаланиши ва турли эҳтиёжларини қондириши учун мўлжалланган, шунингдек, шахс(лар)нинг ҳаракатлари натижасида ўзгалар манфаатларига таъсир кўрсатадиган шахсий макон хусусиятини жамоавий маконга ўзгартирувчи, ундаги воқеа ва ҳодисаларни тўсиқсиз кўриш ва эшитиш мумкин бўлган объектлар, шу жумладан, бинолар, иншоотлар ва уларнинг қисмлари тушунилади.
Шахсларнинг қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўлишини тақoзо этадиган жойларда видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шахсларни тасвирга олиш тақиқланади.
Тасвирдан розилик берилган мақсадга номувофиқ тарзда фойдаланилган ёки фойдаланиш шахснинг шаъни ва қадр-қиммати камситган тақдирда, шахс тасвирдан фойдаланиш учун розиликни чақириб олиш ҳуқуқига эга.
Ушбу моддада назарда тутилган талабларга риоя этилмаган ҳолларда, шахс ҳамда ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган шахслар тасвирдан фойдаланишни тўхтатишни, уни йўқ қилишни ҳамда етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ушбу модданинг қоидалари тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди. Шахсларнинг тасвирига ишлов бериш тартиби қонунчилик билан белгиланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter