Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Янгиҳаётнинг Хушнуд маҳалласидаги ўзгаришлар билан танишди (фото)

Шавкат Мирзиёев Янгиҳаётнинг Хушнуд маҳалласидаги ўзгаришлар билан танишди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги Хушнуд маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти, ҳудуддаги ўзгаришлар билан танишди.

Маҳалла янги — 2021 йил ташкил этилган. Бу ердаги 48 та кўп қаватли уй ҳамда 625 та ҳовлида 11 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Болалар боғчаси, спорт мактаби, оилавий поликлиника, хусусий клиника, ишлаб чиқариш корхоналари, дўкон ва маиший хизмат шохобчалари бор. Бу йил 49 та микролойиҳа орқали 116 нафар фуқаро бандлиги таъминланди.

Авваллари бу жойлар чекка, кўримсиз эди. 2018 йилдан бошлаб замонавий уйлар, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари қурилди. Атроф ободонлаштирилди.

Маҳалланинг уч қаватли биноси ҳам шу йил янги бунёд этилди. Унинг биринчи қаватида маҳалла раиси ва ходимлариниг хоналари, кутубхона, жадидлар бурчаги жойлашган. Юқори қаватларда аниқ фанлар ва хорижий тиллар бўйича ўқув маркази, фитнес зал фаолият олиб бормоқда. Ертўла қисмида ёшларни касбга йўналтирувчи мономарказ ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирди. Маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан суҳбатлашди. Улар сўнгги йилларда Янгиҳаёт тумани жадал ўзгаргани, янги транспорт йўллари ва корхоналар қурилиб, ҳаёт жонланганини айтишди.

«Бугун келишимиздан мақсад қабул қилаётган қарорларимиз натижасини, одамлар ҳаётини кўриш. Худди бу тумандагидай, ҳар бир ҳудудни ривожлантириш, одамларга қулайликларни ва иш жойларини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Шу билан бирга, таълим-тарбияга, маданиятга катта эътибор қаратяпмиз. Билим ва маънавият мустаҳкам бўлса, иқтисодиёт ҳам яхши ривожланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент маҳалладаги 150 ўринли, замонавий шароитлар яратилган хусусий боғча фаолияти билан ҳам танишди. У жорий йилда фойдаланишга топширилган 16 қаватли уйнинг биринчи-иккинчи қаватида жойлашган. Муассаса хоналарини жиҳозлашда замонавийлик ва миллийлик уйғунлашувига алоҳида эътибор қаратилган.

Маҳаллада ёш болали аёллар кўп. Улар учун шу ерга яқин жойларда тикувчилик, қандолатчилик каби йўналишларда иш ўринлари яратилмоқда. Мазкур боғча улар учун анча қулай бўлди. Кўнгли хотиржам иш билан банд бўлади, оиласига қўшимча даромад келтиради.

Мамлакатимизда муҳим дастурлар айнан маҳаллаларда амалга оширилаётгани, тизимга катта ваколат ва имкониятлар берилаётгани таъкидланди. Бу ишлар улардаги ободлик, аҳоли фаровонлигида ифодасини топаётгани қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг