Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қарз гирдоби: ўжар Марк Твен, қашшоқ инглиз қироли ва президентлар

Қарз гирдоби: ўжар Марк Твен, қашшоқ инглиз қироли ва президентлар

Сизнинг қарзингиз йўқми? Мабодо пулни бекордан-бекорга сарфлашингизга тўғри келмаганми? Агар шундай бўлса, яхшилаб англаб, хотиржам бўлишингиз мумкин: айрим машҳур кишилар ҳам пулини у ёки бу ишга сарфлаб, жуда оғир аҳволда қолишган.

Мисол учун Марк Твенни олайлик. У бутун дунёни кулиш ёки йиғлашга мажбур этиш қудратига эга эди. Аммо пул жамғаришга келганда, бошқалардан фарқли ўлароқ, соғлом фикрга таянавермасди.

Марк Твен деярли йигирма минг фунт-стерлингни навбати билан турли ихтироларга, масалан, буғ двигатели, денгиз телеграфи ёки босма жараённи такомиллаштирадиган ғалати машиналарни молиялаштиришга йўналтирган. Фақат битта корхона қолган бўлиб, у Марк Твенга ўта хаёлий кўринди. Унга пул тикиш фантастикадан иборатдек туюлди. Бу «айёр» кашфиёт телефон эди.

Марк Твенга телефоннинг бевосита кашфиётчиси А.Белл компанияси акциялари пакети билан таклиф этилган эди. У эса заҳархандалик билан кулиб қўя қолди. Ваҳоланки, Марк Твен ниҳоятда катта бойликка эга бўлиши мумкин эди. Бунинг ўрнига ёзувчи қариндошларининг бир беҳуда ишига киришди, бор-йўғидан жудо бўлди, ихтиёрида фақат ошхона плитаси қолди, холос.

Адибнинг «Стандарт ойл Компани»даги дўсти Х.Рожерс унга қарзининг ярмини тўламоқчи эканлигини айтди, аммо Марк Твен бу ҳақда эшитишни ҳам истамади. Мухлислари севимли ёзувчиси учун маблағ юборишга киришдилар. Унга мамлакатнинг турли томонидан келаётган чеклар ёғилиб кетди. Лекин Марк Твен бу пулларнинг ҳаммасини охирги чақасигача ортига қайтариб юборди, қарзларини ўзи тўлашини айтиб, оёқ тираб олди.

У маърузалар ўқишни жини суймас, аммо юзага келган вазият туфайли дунё бўйлаб саёҳатга чиқишга мажбур бўлган эди. Ўзининг омма олдидаги чиқишлари оралиғидаги танаффусларда азият чекар, уйини соғинар, зерикиш қийнаб юборар эди.

Марк Твеннинг қарзларни тўлаши учун олти йил керак бўлди, аммо у барибир айтганига эришди.

Генерал Грант Ли қўмондонлиги остидаги армияни талафотга учратиб, ғалаба қозонди ва Қўшма Штатларнинг президенти бўлди. Аммо унга Уолл-Стрит банкларига боғланиб қолмаслик учун мослашувчан ақл-идрок етишмади. Кейинги йилларда генералнинг ҳаётида иккита фирибгар пайдо бўлиб, уни бизнесга жалб этишди. Улар алдов йўли билан 3 миллион 200 минг фунтни ўзлаштириб олдилар.

Шундан сўнг фалокат қўпди. Грант қарздан қутулиш учун ўзининг фермасини, Филадельфия ва Нью-Йоркдаги уйларини, ҳатто ҳарбий ҳаракатлар учун ғалабага эришганида тақдим этилган қилич ҳамда бошқа ҳарбий мукофотларни беришга мажбур бўлди. Ўша пайтда унинг бир доллари ҳам эга қолмай, саратон касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Грант ўлимидан сўнг хотинини қашшоқлик кутаётганини олдиндан ҳис этган эди. Шу сабабли уни етарли маблағ билан таъминлаш мақсадида ёдномалар ёзишга киришди. Грант бу китобини токи авжига минган саратон томоғидан олиб, овозидан маҳрум этгунга қадар айтиб туриб ёздирди. Шундан сўнг у тамомила ўлим талвасасида бўлса-да, китобни қаламда ёзиб тугатди. Охирги бобни ўлимидан уч кун олдин битирган эди.

Марк Твен мазкур китобни нашр этди ва қалам ҳақи сифатида Грантнинг бевасига юз минг фунт тўлади.

Америкалик машҳур давлат арбоби Даниэль Вебстер қассоб тақдим этган ҳисоб бўйича қарзини тўламагани боис судга тортилган.

Таниқли новеллачи, «Вексфильд руҳонийси» романини ёзган Оливер Голдсмит уй ҳақини тўламагани учун қамоққа олинган.

Улуғ француз ёзувчиси О.Бальзак шунчалик қарздор эдики, ҳар сафар эшик қўнғироғи чалинганида, очишдан қўрқиб турарди.

Инглиз қироли Чарльз иккинчи ҳам қарзга ботган ва ҳеч вақоси қолмаган. Шу боис бугунги кунда Пенсильвания штатини ташкил этган барча ерларни жами 15 минг фунтга бериб юборишга мажбур бўлган.

Линкольннинг хотини Тодд Линкольн хоним қарздан қутулиш учун нафақат ўзидаги қимматбаҳо буюмларни, шу билан бирга, ҳатто мўйнаси, кўйлакларини ҳам сотган. У оқ уйни тарк этгач, шу қадар муҳтожлик комида қолган эдики, ҳатто марҳум эрининг кўйлакларини ҳам (унда Линкольннинг исм-шарифи битилган эди) сотишига тўғри келди.

Американинг машҳур рассомларидан бири Уистлер ҳар қадамида ўзининг расмларини пуллар ва шу йўл билан қарзларидан қутулмоқчи бўларди. Қарз берган киши келиб, пули эвазига Уистлернинг оромкурсиларидан бирини ёки каравотини олиб кетса, у полга ана шу буюмни акс эттирар ва қўл силтаб, у билан хайрлашар эди.

Б.Брумелль Англиянинг юз йилдан зиёд ижтимоий ҳаётини белгилаб берган. Шунга қарамай, у ўзининг банкдаги ҳисоб-китобини мутлақо тартибга сола олмасди. Брумелль Уэльс шаҳзодасини янги урф бўйича кийинишга ўргатар эди. Аммо ўзини от пойгаси ва қарта ўйинидан асло тия олмасди. Полиция бошлиғи, шериф эшикни тақиллатганида, сезгир Брумелль ўзини жавонга уриб, кийимлар ортига яширинган. Ниҳоят қарзларини тўламагани учун уни ҳибсга олиб, қамоққа ташлашди. Бир пайтлар дунё миқёсида модалар бўйича қонун чиқарган, ҳатто ҳозир ҳам номи кийимларни такомилга етказишда назокат рамзи бўлиб келган инсон шу даражада қашшоқлик домига тушиб қолган, шу боис кўча-кўйда иркит, жулдур кийимларда юрар, одамларга кулги бўларди. Ваҳоланки, унинг ўзи бир вақтлар абгор кийинадиган кишиларга нафрат билан қараган эди.

Брумелнинг ақлига нуқсон етиб, жирканч ва хилват жойларда яшайдиган бўлди. Ниҳоят у жиннихонада вафот этди.

Авраам Линкольн ёшлик йилларида, баққоллик бизнесини йўлга қўймоқчи бўлиб, шерикликка бир ароқхўрни танлаган. Бу нияти чиппакка чиқди: ароқхўр ўлди, барча қарзлар Линкольннинг бўйнида қолди. У бу вазиятдан тўлиқ, очиқ тарзда ва обрўсига путур етказмасдан чиқиб кетиши, ҳамма қарзларидан халос бўлиши мумкин эди. Аммо ўшанда у Линкольн бўлмас эди-да. Шундай қилиб, Линкольн зиқналик қилди, йиғди, иложи етгунча барчага эҳсон улашди, оғир ҳамда машаққатли ўн бир йил мобайнида қарзларини охирги чақасигача, бунинг устига фоизи билан тўлади.

Суқрот – бу ёруғ дунёда яшаб ўтган энг донишманд инсонлардан бири. Аммо у шу даражада камбағал бўлганки, гоҳ у-гоҳ бу ердан қарзга жўжа сўраб, ўзи учун овқат пиширишига тўғри келган. Ажали олдидан у қайсидир куни қарзини тўламаганини эслаб қолди. Ва ўлим тўшагида экан, дўстларидан бирига мурожаат қилиб, қарзини тўлаб қўйишини илтимос қилди. Бу унинг энг сўнгги сўзи бўлди.

                   Акбар Фатҳуллаев

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг