Президент соҳаларга хориж сармояларини жалб қилишга доир йиғилиш ўтказяпти
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Унда инвестиция масалалари кўриб чиқилмоқда. Хусусан, очиқлик ва кучли инвестиция сиёсати натижасида иқтисодиётимиз барқарор ўсиб келаётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етди, хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилди, қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга тушди, экспорт илк бор 27 миллиард долларга чиқди.
Ўтган йили 50 та туманга 100 миллион доллардан кўп сармоя кириб келди (2023 йилда бундай туманлар 11 та эди).
Давлатобод, Янги Наманган, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур туманлари, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида инвестициялар 300 миллион доллардан ошган.
Тоғ-кон, нефтгаз, кимё, қишлоқ хўжалигида режа 2 карра ортиғи билан бажарилди.
Шу билан бирга, етарли шароит бўла туриб, инвестиция режаси тўқимачиликда 17 миллион долларга кам бажарилгани, инвестиция «Ўзтрансгаз» ва «Ўзметкомбинат»да 2 баробар, «Ўзсувтаъминот»да 20 фоизга пасайгани кўрсатиб ўтилди.
Ушбу ташкилотлар раҳбарлари шу йил биринчи чоракда ўзгариш қилмаса, уларнинг фаолиятига баҳо берилиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирилди.
Экология, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Давлат активлари, Фармацевтика ва Ўрмон хўжалиги агентликларида грант олиб келиш режаси 25 фоизга ҳам бажарилмагани, Қурилиш, Транспорт, Маданият вазирликлари, Туризм қўмитаси олиб келган гранти эса 10 миллион доллардан паст бўлгани танқид қилинди.
Умуман, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Спорт, Олий таълим, Маданият, Экология, Қишлоқ хўжалиги, Рақамли технологиялар, Қурилиш вазирликларининг инвестиция ва грант олиб келиши бор имкониятларга мутлақо мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Салоҳияти юқори бўлган Франция, Япония, Италия, Венгрия, Малайзия, Испаниядан ўтган йили 100 миллион доллар ҳам инвестиция келмагани қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter