Пастдарғомда нега кўчат тақчил?
Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Унда шундай дейилади:
«Қиш якунига етиб, кўчат экиш мавсуми бошланди. Кимдир мевали, кимдир манзарали кўчат экишни истайди. Бироқ Пастдарғомда арча ёки шунга ўхшаш манзарали кўчатларни топиш деярли имконсиз. Йўл бўйидаги кичик савдо нуқталаридан фақат водийдан олиб келинган 10 га яқин мевали кўчатлар сотилмоқда. Илгари туман деҳқон бозори яқинида турли хил кўчатлар савдоси йўлга қўйилган эди, аммо кўчат бозоридагиларни “катталар” қувиб юборгач, аҳоли қаердан кўчат олишни билмай ҳайрон. Водийга бориб олиб келиш учун эса манзил жуда узоқ».
Муаммо қачон ечим топади?
Ўзбекистон «яшил тараққиёт» ташаббуси билан чиқиб, экологик муҳитни яхшилашга катта эътибор қаратмоқда. Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» лойиҳаси айнан шундай мақсадларга қаратилган.
Бироқ Пастдарғомдаги мавжуд вазиятга қараганда, бу ислоҳотлар жойларда тўлиқ татбиқ этилмаётгандек тасаввур уйғотади. Қарийб 400 минг аҳоли яшайдиган туманда ягона кўчат бозорининг ёпилиши аҳоли учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Экологик муаммоларни айнан кўчат экиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш орқали ҳал этиш мумкин. Бундан ташқари, мевали дарахтлар етиштириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шунинг учун туман ва вилоят мутасаддилари бу муаммони ўрганиб, тезроқ унинг ечимини топишлари лозим. Ҳар бир ҳудудда аҳоли учун қулай кўчат бозорлари ташкил этилса, бу ҳам экологик, ҳам иқтисодий жиҳатдан катта фойда келтиради.
Бу масала мутасаддилар томонидан ўрганилиб, яқин кунларда ўз ечимини топади, деган умиддамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter