«Ўзгидромет» жазирама кунлардан кейин яхши хабар эълон қилди
Ўзбeкистон бўйича 2024 йил 16-18 август кунларига об-ҳаво прогнози тақдим этилди.
Ўзбекистонда сўнгги 2 кун жуда иссиқ бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 39-41 даражагача, жанубда баъзи жойларда 42-44 даражагача, Термиз ҳудудида 45 даражагача кўтарилди.
Кеча кундузи Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига салқин ҳаво кириб келиши бошланди, Қорақалпоғистон Республикасида ҳаво ҳарорати 35-38 даражадан 30-33 даражагача пасайди.
Бугун ва дам олиш кунлари салқин ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Бугун ва эртага ҳаво ҳарорати асосан кундуз кунлари 31-36 даража, якшанба куни эса 27-32 даража атрофида бўлади. Кечалари ҳам анча салқинлашади, ҳарорат кечалари 17-22 даражагача пасаяди.
Шанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг айрим жойларида, якшанба куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Пойтахтимизда: ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, бугун ва эртага ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан 33-36 даража бўлади.
Якшанба куни қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳарорат кечаси 19-21 даражагача, кундузи 27-29 даражагача пасаяди.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 10-15 м/с гача кучайиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter