Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Хитой олимлари Орол денгизи тубини ҳамкорликда ўрганишга киришди

Ўзбекистон ва Хитой олимлари Орол денгизи тубини ҳамкорликда ўрганишга киришди

Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида («Green University») Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Шинжон экология ва география институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда Орол денгизи қуриган тубининг экологияси ва атроф-муҳитига оид комплекс илмий экспедициянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов Оролбўйида экологик инқирознинг салбий оқибатларини тушуниш ва юмшатишда экспедициянинг роли муҳим эканлигини таъкидлади.

«Бугун бошланган экспедиция Оролбўйи табиатини илмий ёндашув ва изланишлар асосида чуқурроқ ўрганиш йўлидаги яна бир катта қадамдир. Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва илмий ҳамкорлик юксак самаралар бериб, келажакда минтақада янги экологик лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш учун замин яратади», — деди вазир.

Таъкидлаш жоизки, мазкур экспедиция Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ҳукуматининг минтақа экотизимини тиклаш, Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган экологик инқироз оқибатларини юмшатиш борасидаги изчил сиёсатига мувофиқ амалга оширилмоқда. Экспедиция доирасида экотизим, тупроқ, шунингдек, минтақа биохилма-хиллиги ҳолатидаги ўзгаришларни ўрганишга қаратилган тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган.

«Экспедиция давомида бир қанча илмий мақсадларни кўзлаганмиз. Бу микроорганизмларнинг биологик хилма-хиллигини, тупроқ таркибини ва фойдали қазилма конларини ўрганишдир. Чунки ҳозир Орол денгизи тубидан тўпланган туз нафақат энг яқин ҳудудларга, балки Хитой, Ғарб ва бошқа олис ҳудудларга ҳам тарқалаётганини кўриб турибмиз. Ишончимиз комилки, экспедиция давомида тўпланадиган маълумотлар экологик вазиятни барқарорлаштириш масалаларида мамлакатлар ҳукуматлари томонидан қарорлар қабул қилишда қўл келади», — деди Шаҳло Турдиқулова.

Тадбир давомида ташкилотчилар, жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти ва Шинжон Экология ва география институти вакилларига экспедициянинг расмий бошланиши рамзи бўлган байроқлар топширилди.

Тадбир гуруҳ аъзоларига норасмий музокаралар ўтказиш ва бўлажак экспедиция бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар учун асос яратиш имконини берувчи сессия билан якунланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг