Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Ўзбек боксининг сири (видео)

Боксчининг ютуғи кучли мушаклари эмас, балки ақлий кучидир

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари тугади, аммо ҳаяжонлар ҳали босилгани йўқ. Аввалига дзюдочимиз Диёра Келдиёрова ўзининг биринчи олтин медали билан ҳаммамизни хурсанд қилди. Керакли жойда керакли вақтда бўлиш, буям бир ютуқ аслида. Диёра билан боғлиқ ҳаяжонларимиз босилмасдан туриб бизнинг боксчиларимиз етти вазн тоифасидаги жанглардан бештасини ғолиблик билан якунлади. 

Ҳа, бугун ўзбек бокс мактаби ҳақида гапирмоқчимиз. Бунга эса бир қозоқ бовуримизнинг ўзбек боксчилари ҳақида айтган илиқ фикрлари бўлди. У шундай деди: «Ўзбеклар баракалла, нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун дунёни қойил қолдирдингизлар, бу бизнинг ҳам ютуғимиз».

Умуман ўзбек боксининг ютуқларига нима сабаб бўлаётгани ҳақида хориж экспертлари, блогерлари жуда кўп фикрларни айтишган. Ҳаттоки, ўзбек боксчилари нима учун бу қадар кўп ютуқларга эга бўлишмоқда деган саволга, уларга кубалик тренерлар сабоқ беришмоқда, дегувчилар ҳам бор. Келинг мозийга қайтамиз.

«Ўзбекистонлик тўрт нафар боксчининг ҳаммаси бугун жаҳон чемпионлиги учун ўзларининг финал жангларини кубалик боксчиларга қарши ўтказишади. «Менинг изимдан бориб, ҳамма кубаликларни ютиб, жаҳон чемпиони бўлишсин», – деганди 2017 йил Би-би-сига берган интервюсида  афсонавий боксчимиз Руфат Рисқиев.

Руфат ака Рисқиевнинг ўзи эса, икки карра Куба Очиқ чемпионатининг чемпиони бўлади. «Мен кубаликлар билан саккиз марта рингга чиққанман. Ўшандан фақат биттаси очколар ҳисобига, қолган барчасини эса, нокаут билан ютганман. Мендан бошқа кубаликларни «урган» одам йўқ СССРда. Фақат Ўзбекистондан, биз – ўзбеклар ютганмиз. Шунинг учун ҳам болаларга фақат омад тилайман», – дейди ўша интервюсида Руфат ака.

Боксдаги фаолияти орқали бутун дунёда «Тошкент йўлбарси» номи билан донг таратган афсонавий боксчи Руфат Рисқиев ўз карьераси давомида 189 та жанг ўтказиб, шундан 174 тасини ғалаба билан якунлаган. Илк бор 1972 йилда 75 килограммгача вазн тоифасида Собиқ иттифоқ чемпионлигини қўлга киритган. Ўзбек бокси афсонаси 1974-76 йилларда қаторасига уч бор яна мамлакатда тенгсиз эканлигини исботлаган.

У 1974 йилда Гаванада ўтказилган бокс бўйича илк жаҳон чемпионатида барча рақибларини енгиб олтин медални қўлга киритади.

AIBA шу йили яъни 1974 йилдан эътиборан ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионати ташкил этиш бўйича қарор қабул қилган ва Руфат Рисқиев дастлабки чемпионлардан бири сифатида тарихга кирган.

Руфат Рисқиев 1976 йилда Монреаль шаҳри мезбонлик қилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси саналмиш Олимпия ўйинларида финалгача етиб бориб, мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлган. Ушбу Олимпия ўйинларидан сўнг 27 ёшли Руфат Рисқиев фаолияти давомида орттирган жароҳатлари сабаб катта спортни тарк этишга қарор қилади.

Руфат Рисқиев собиқ Иттифоқ бокс федерацияси томонидан «Энг яхши боксчи» унвони билан тақдирланган. Ушбу мукофот 1948 йилда Россияда бокснинг 50 йиллиги муносабати билан таъсис этилган бўлиб, унвонга ўз даврининг енгилмас боксчиларигина сазовор бўлишган.

Ҳатто Руфат Рисқиев ўз ҳаётига бағишлаб ишланган «Рингга чорламоқда... » фильмида суратга тушган.

1997 йилда Руфат Рисқиев WBAнинг ҳакамлар бўлимига аъзо бўлди ва Марказий Осиёда профессионал бокс бўйича халқаро тоифадаги биринчи ҳакамга айланди.

Мана Руфат Рисқиевнинг дуолари ижобатими, 2016-2017 йиллардан то шу кунгача боксчиларимиз боксда дунё бўйича олдинда.

«Оқ Тайсон» номи билан машҳур яна бир боксчимиз Руслан Чагаев ўзбек боксининг тирик афсонаси. У ҳаваскор боксда 2 карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. 19 ёшли ҳамюртимиз 1997 йилдаги чемпионат финалида кубалик номдор боксчи Феликс Савонни мағлубиятга учратади. Аммо, кейинчалик у медалдан маҳрум қилинади. Чунки, Чагаев бу вақтга қадар АҚШда икки бора профессионал жанг ўтказиб улгурганди. Шундай бўлса-да, Руслан Чагаев Феликс Савонни 2 маротаба мағлуб этган кубалик бўлмаган ягона боксчи саналади. Қолаверса, у бу ишни Савон мунтазам жаҳон чемпионатларида ғалаба қозониб келаётган вақтда амалга оширган. Савоннинг юртдошимиздан қабул қилиб олган мағлубияти фаолиятининг охирги 10 йилликдаги мағлубиятсиз жангларига нуқта қўйганди. 2001 йилда ҳаваскор боксда жаҳон чемпионлигини қўлга киритганидан сўнг, Руслан Чагаев тўлақонли профессионал боксда ўтади.

2007 йилда Руслан Чагаев  жаҳон чемпиони Николай Валуев билан 12 раундлик тўлиқ жангда ғалаба қозониб, ўзининг дастлабки жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритади.

Шундан 2016 йилгача бир неча жангларда ғалаба қозонади. Ва ўзбек бокси тарихидаги супер оғир вазнда 2 карра жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритган Руслан Чагаев 37 ёшида ўз фаолиятини якунлайди.

Кейин улар изидан Муҳаммадқодир Абдуллаев тез орада яхши натижалар билан ўзбекистонлик боксчиларнинг енгилмас ва унутилмаслигини исботлади.

Кейин эса Ҳасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалолов... улар жуда кўп.

Ҳасанбой Дўсматовнинг илк ғалабаси ҳақида илк мақолани ҳаяжонланиб ёзганим ҳамон ёдимда.

Ўшандан бери Ҳасанбой Дўсматов ҳақида неча неча мақолалар ёзилди, кўрсатувлар қилинди. Нафақат Ўзбекистон уни дунё таниди, тан олди. Олам спорт нашрида кечаги олимпия ўйинларидан кейин британиялик эксперт Тейлор ОХиггинс ўзбекистонлик боксчи ҳақида шундай дейди:  «Амалдаги жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Парижда иккинчи вазн тоифасида Олимпия ўйинлари чемпионлигини нишонлади. Бу гал у ҳакамларнинг якдил қарори билан Билол Беннамадан устун келди. Ўзбекистонлик боксчининг фантастик ғалабаси. У вазн тоифасидан қатъи назар ҳаваскорлар ўртасида биринчи рақамли боксчи эканини яна бир марта исботлади.

Дўсматов табиатан кичик вазнли боксчи, бўйи ҳатто 51 килограмм вазн тоифаси учун ҳам пастлик қилиши унинг натижалари қийматини янада кўтаради. Ҳатто унинг Беннама ёнида турганидаги фарққа бир эътибор беринг».

Voxma ютуб каналида бокс мураббийи Сардор Тошхўжаев билан ажойиб суҳбат тайёрлашибди. Мураббийдан ўзбек боксининг феноменига куба тренерларининг қандай алоқаси борлигини сўрашганида у шундай жавоб берди: «Поезд тепага чиқаётганда уни яхши машинист бошқариши керак. Бизда ҳам худди шундай. Бизнинг боксимиз янада равнақ топиши, янада мустаҳкамланиши учун кубалик мутахассисларни федерациямизга таклиф қилдик. Кубаликлар феноменини янада чуқур ўрганишимиз керак. Чунки ҳамма гап мураббийда. Ўзбек бокс мактабини Аллоҳ яхши мураббийлар билан сийлаган ва яхши шогирдлар ҳам Аллоҳдан. Мураббийнинг учинчи кўзи бўлиши керак. Кас.Д.Аматонинг учинчи кўзи бўлган. Жаҳон чемпиони бўла оладиган ҳар қандай боксчини бир қарашда бундан чемпион чиқади, деб айтган. Яъни устоз қайси боладан жаҳон чемпиони чиқишинии биттада кўриб айта олиши керак. Майк Тайсонни унинг икки мураббийи, яъни Кевин Руни ва Тедди Атлас Майк Тайсон қилди, кашф этишди, улар ундан жаҳон чемпиони чиқишига аниқ ишонч ҳосил қилишган ва мураббийлар шу болага кучни йўналтирган. Яъни, мутахассислар кучни тўғри йўналтира олиш лозим. Ўзбекистон яхши мураббийларни асраши ва уларни қўллаб-қувватлаш керак. Чунки улар ҳақиқий олмослардир. Мураббий қачонки тартибли, тўғри сўз, меҳнаткаш бўлса, олмос шогирдларни кўпайтиради».

Олимпия ўйинларидан кейин ижтимоий тармоқларда боксчиларимизнинг ғалабалари билан барча табриклади. Улар орасида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби бизга ҳавас қилган қўшниларимиз ҳам бор. Ўзбек халқи бағрикенг, ютуқлари билан ҳаволанмайди, балки барча боксчиларимизни мақтаётган қўшниларимизга ҳали сизларда ҳам яхши боксчилар чиқади, ҳали сизлар ҳам олдинга ўтиб кетасизлар дея руҳлантиришмоқда.

Барибир ўз юртинг, алп ўғлонларинг ҳақида мақтов эшитиш бошқача. Қаранг улар нима дейишмоқда: «Бош мураббийнинг мазаси бўлмай қолди. Ўзбек боксчилари шунчаки ғалаба қозонгани йўқ, шунақа ютуқларга эришиш учун юраги тўхтаб қоладиган даражада чин юракдан ишлайдиган мураббийлар керак».

«Уларнинг мухлисларидай мухлислар кам, мухлислари ҳам қаттиқ тайёрланишган... шундай мухлислар учунам ғалаб қозонсанг арзийди...»

Улар ҳақида нафақат қўшниларимиз балки хориж матбуотида ҳам мақолалар чиқаришмоқда, Американинг машҳур нашри шундай ёзмоқда: «Ўзбекистонлик боксчилар ҳаммадан олдинда, биз умуман бошқа даражадаги боксни кўрдик...»

Бугун ўзбек боксчилари бутун дунёни лол қолдирмоқда. Албатта бу уларнинг нафақат енгилмаслиги, кучлилигидан, балки иродаси, руҳияти енгилмаслигини ҳам кўрсатмоқда. Америкалик бокс мураббийи Кас Д.Амато айтганидек: «Бокс мушакларнинг кучи эмас, бокс ақлий кучдир. Агар сиз руҳий жиҳатдан кучли бўлмасангиз, буюк боксчи бўлолмайсиз.»

Нафақат билаги кучга тўла, балки ақлий ва руҳий томондан иродали бўлган алп ўғлонларимизга эса ҳамиша омад ёр бўлсин.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг