Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Овозли хабар тарқатган раис жаримага тортилди

Овозли хабар тарқатган раис жаримага тортилди

Қашқадарё вилоятидаги маҳалла раисининг пахта теримига чиқмаганларга бола пули берилмаслиги бўйича тарқалган овозли хабари юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказди.

Ўрганиш давомида Шаҳрисабз туманидаги «Пахтакор» МФЙ раиси Л.Ўроқов 2024 йил 9 октябр куни Нушкент қишлоғининг «Нушкент бирлашайлик» телеграм каналига ушбу овозли хабарни юбориб, ишсиз фуқароларни пахта йиғим-теримига чақирганлиги, шундан сўнг улар теримга келганлиги маълум бўлди. 

Ҳолат юзасидан Л.Ўроқовга нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (18 750 000 сўм) миқдорида жарима қўлланилди. 

«Унутманг! Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг  148²-моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келсангиз  Бандликка кўмаклашиш бўлимлари ёки 1282 - қисқа рақами ҳамда @munosibmehnat_bot телеграм боти орқали Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишларингиз мумкин!», дейилади инспекция хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг