Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўтган қишнинг уч ойида ҳам ёғингарчилик тақчиллиги кузатилди

Ўтган қишнинг уч ойида ҳам ёғингарчилик тақчиллиги кузатилди

Фото: Xabar.uz

Ўтган қиш ойлари бўйича об-ҳаво маълумоти таҳлил қилинди. Ўзбекистон ҳудуди бўйича ўтган қиш мавсумининг ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга мос бўлди

Ўтган қишнинг энг совуқ ойи декабр ойи бўлиб, бунда меъёрдан 1-2,5 даражага совуқроқ, республика шимолида ва чўл ҳудудларида меъёр атрофида бўлди. 

Ушбу йилда январь ойи қиш мавсумининг энг совуқ ойи деган номга мос келмади, деярли республиканинг барча ҳудудлари бўйича январь ойи декабр ойига нисбатан илиқроқ бўлди. Январ ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 0,5-1 даражага, шимолда 2-3 даражага юқори бўлди. 

Феврал ойининг ҳарорат тартиби иқлим меъёрига яқин бўлди. Фақат Фарғона водийси ҳудудларида феврал ойининг ўртача ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 1,5-2 даражага юқори бўлди. 

2024-2025 йиллардаги қиш мавсуми давомида илиқ тўлқинлар ва совуқ тўлқинлар бир-бири билан ўрин алмашиниши кузатилди – кўпинча Ўзбекистонда шундай қиш мавсумлари қайд этилади. 

Республика ҳудудининг катта қисмида энг кучли совуқлар декабрь ойида, шимолда эса февраль ойида ҳам кузатилди. Совуқ энг кучли бўлган кунларда ҳаво ҳарорати 8-13 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикасида ва Навоий вилоятининг шимолида 15-18 даража совуққача, жанубда 3-8 даража совуққача пасайди. 

Қиш мавсуми ойларида кузатилган илиқ даврларда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 12-17 даража илиққача, февраль ойи учинчи ўн кунлигининг бошида эса 18-21 даража илиққача, жанубда 23-24 даража илиққача кўтарилди. 

Бундай ҳарорат қийматлари Ўзбекистонда деярли ҳар қиш мавсумида кузатилади. 

Ўтган қишнинг ўзига хос хусусияти, бу қиш фаслининг уч ойида ҳам ёғингарчилик тақчиллиги кузатилганлигидир. 

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қиш даврида ёғингарчилик миқдори меъёрдан 40-70% ни ташкил этди, Фарғона водийси вилоятларида меъёрдан 40% кам бўлди. Фақат ёғингарчилик меъёри жуда кам бўлган энг қурғоқчил ҳудудларда мавсумий ёғингарчилик миқдори меъёрга яқин бўлди. 

Ўтган қиш мавсумида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида қайд этилди, айрим кунларда қорга айланиши кузатилди. 

Қиш ойларида ёғингарчилик тақчиллиги Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор тўпланишига таъсир қилди. 

Қиш охирига келиб, тоғлардаги қор қоплами баландлиги меъёрдан фақат 40-60% ни ташкил этди. 

Ўтган қишнинг ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлишига қарамай, қиш фаслларининг исиши бўйича узоқ муддатли тенденсия давом этмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг