Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Нишонда — туманлараро суд раиси! Ёки емаган сомсага қилинган чиқишим...

Нишонда — туманлараро суд раиси! Ёки емаган сомсага қилинган чиқишим...

Тадбир ташкилотчиларига гап бўлиши мумкинмас. Гап уларнинг таклифига мутасаддиларнинг нечоғлиқ «лаббай» деганида. Ташкилотчи — Адлия вазирлиги шундоғам яхши ишга қўл уриб, уни анъана даражасига кўтариб қўйибди. Яъники, ҳафтанинг ҳар жумасида «Адлия брифинги» ўтказиб, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида мунтазам ахборотлар бериб бормоқда. Тадбир расмиятчиликдан анча йироқ ўтказилаётгани, янги қонун ва ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида қуруқ ахборот бериш билангина чекланмай, уларни иложи борича, содда ва халқчил тушунтиришга уринаётгани-ку алоҳида эътирофга лойиқ. Бу жараёнга тегишли соҳа мутасаддиларини ҳам таклиф этаётгани ҳам хўп маъқул. Ахир, муайян соҳага оид қонунчиликдаги ўзгартиш ва янгиликларни ўша тизим вакилларидан ўтказиб шарҳлайдиган борми?!

Бу галги брифингда  Солиқ ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, Президентнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ва «Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарорининг мазмун-моҳияти, ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишининг сабаб ва омиллари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда асосий эътибор суд ҳокимияти вакилларига бўлиши эҳтимолини эътиборга олибми, ташкилочилар, ҳар ҳолда, шу тизим вакилларини таклиф этишибди. Яхши.

Асосий меҳмон — фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Мирзо Улуғбек туманлараро судининг раиси Ш.Ражабов ва шу суднинг судьялари бўлди.

Бош устига. Қадамларига ҳасанот!

Тадбир қандай ўтди? Чаккимас.

Унда иддао оҳангида гап бошлашдан муддао нима, дерсиз?

Иддао шуки, давлат раҳбарининг суд тизими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг мутлақо янги механизмига ҳуқуқий пойдевор бўлувчи тарихий қарори ҳақида сўз борадиган тадбирга қуйи суд вакилларидан кўра энг юқори босқич (Олий суд, Судьялар Олий кенгаши ) мутасаддилари ташриф буюриши мақсадга мувофиқ эмасмиди? Мазкур қарор, унда тартибга солинган масалалар борасида ҳужжатни ўқибоқ муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин. Меҳмонлар ҳам бундан орттириб бирор маълумот бермоғи маҳол. Баски, бундай вазиятда суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар-у уларнинг самаралари ҳақидаги барчага маълум гапларнинг баланд оҳанглардаги такрорини эшитмоққа мажбур-у мустаҳиқсиз. Ваҳоланки, тадбир мавзусидан келиб чиқилса, тизимдаги муаммолар, айниқса, айрим судьяларнинг лаёқати, салоҳияти, ахлоқию ҳалоллиги борасида қалқиб чиқаётган масалалар кўтарилиши мутлақо табиий эди. Шундай бўлдиям. Бундай оғриқли вазиятлар ҳақида қуйи суд раҳбаридан кўра, уларни танлаб, жой-жойига қўйишга масъуллар гапиргани лозим эмасми аслида?.. Зеро, келажак эртадан эмас, бугундан бошланади. Бугун эса...

...Ўтган йили Хоразмда бевосита судьялар фаолиятига тааллуқли иккита шов-шувли воқеа рўй берди (гап ФИБ Урганч туманлараро суди судьясининг 12 минг АҚШ доллари билан қўлга тушгани ҳақида кетаётгани йўқ!) Яъники, жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Боғот туман суди раиси аллақачон омонатини топшириб, боқий дунёга кетган одамни (!) суд қилиб, жазо тайинлаган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Шовот туманлараро суди раисаси ҳам бир марҳумадан (!) судда «кўргазма олиб», унга асосан ажрим чиқариб юборганди (яқинда яна бир гап тарқалди: тасдиғини топмаган хабарга кўра, Марғилонда марҳум номидан... судга киритилган даъво ариза қаноатлантирилибди!). Бундай «мўъжизавий» воқеалар суд идорасида рўй бераётганининг ўзи ақлга сиғмайди. Марҳумларга нисбатан ҳуқуқий чора кўрилиши замирида мамлакат номидан чиқарилган актлар сохталаштирилгани ётиши тайин. Шунга қарамай, ЖИБ Боғот суди раиси вазифасидан олиниб, Хўжайли туман маъмурий судига раҳбар этиб тайинланган бўлса, ФИБ Шовот туманлараро суди раисасига Хоразм вилоят маъмурий суди раиси вазифаси бажарувчилиги раво кўрилганига нима дейсиз?! Қайтарамиз, бу воқеликлар, шоир таъбири билан айтсак, «қора туш»дай туюлаётган яқин ўтмишда эмас, уйғониш азоби обдон тортилаётган шу кунларда рўй бераётир?! Албатта, мақом жиҳатдан маъмурий судлар жиноят, иқтисодий ва фуқаролик судлари билан бир хил, бироқ янги ҳуқуқий институт бўлгани учунми, мавқе жиҳатдан ҳали уларга етиб улгургани йўқ. Шунданми ёки кадрлар танқислиги сабабми, хуллас, бошқа судларда катта-катта қовунлар туширган айрим судьялар маъмурий судларга ўтказиб юборилаётгани кузатилмоқда. Худдики маъмурий судлар қўпол хатога (хатомикан?) йўл қўйган баъзи судьялар учун Астрободга айлангандек?!

Янги ташкил этилган ҳар қандай ҳуқуқий институтни чақалоққа менгзаб бўлмайди. Янги туғилган гўдак то йўлга киргунча маълум вақт талаб этса, ҳуқуқий институтлар туғилгани ҳамоно чопқиллаб кетиши шарт.. Чунки, уларнинг чекига инсонлар тақдирини ҳал этишдек ўта нозик вазифа тушган. Инсон тақдири эса тажриба майдони эмас. Бахтга қарши маъмурий судларга ҳам саволлар етарли: дейлик, ушбу суд судьясининг битта маъмурий иш юзасидан иккита суд акти чиқариб қўйганига чидаш мумкиндир балки. Бироқ бошқа органлар томонидан қандайдир жиноятда гумон қилинаётган шўрликка нисбатан тайёрланган «қўлбола ишлар»ни силлиқина ўтказвориш ҳолатлари рўй бераётганини мутлақо инкор этиш қийин (шу ўринда гапимизга жиндек тафсир керакдай: шундай амалиёт шаклланган эдики, бирор оғирроқ жиноятда гумон қилинаётган шахс аввалига гўёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланиб, 10-15 сутка «ичкарига» олиб кириб кетилади, бу вақт мобайнида ёғли патир-у қора қўчқор думбасига дамланган палов билан сийланмайди, албатта. Гумон тасдиғини топса-ку, хўп-хўп, акс ҳолда шўрлик маъмурий қамоқ муддатини ўтаб чиқиб, бирор жойга шикоят қилиш қайда, қутулганига ҳазор шукурлар айтишдан нарига ўтмайди. Бу жараёнда айрим судьяларнинг «хизмати» шундаки, келтирилган «дело»нинг нечоғлиқ тош босишини қонун қаричи билан чўтлаб-чамаламай «босиб» жазо берворди-да!). Айниқса, 10-15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган «ҳуқуқбузар»нинг муддати тугаб-тугамай қандайдир жиноят иши айбланувчига айланиб қолаётгани бу борадаги гумонларга мой сепади, холос. Айни шундай пайтда «судьялар — мустақилдир, улар фақат қонунга таяниб иш кўради», дея бошга тўқмоқ каби уриладиган гапларнинг амалда ўз ифодасини кўргиси келади кишининг. Шунингдек, бу каби манзаралар судьяларга нисбатан турли шаклдаги босимлар ҳали-ҳамон мавжудлигини ҳам кўрсатадики, уларнинг олдини олиш борасида янаям риёзат чекиш керакка ўхшайди. Бунинг учун тағин нималар қилмоқ керак? Яна қандай чора-тадбирлар кўрилишига эҳтиёж бор?

Энди айтинг: юқоридаги хусусида ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси нима дейиши мумкин? Нимаям дея оларди? Бирор нима демоққа ваколати борми? Эгаллаб турган лавозими бу каби оғриқли муаммолар хусусида баралла гапирмоққа изн берадими («субординация» деган нарса бор-а)? Қуйи суд судьяларидан узрку-я, қонунда мутлақо мустақил мансабдор шахс эканига қарамай юқори босқич суди (вакилидан) бемаслаҳат қарор (ҳукм) чиқармоққа доим ҳам журъат этишавермайди-ю қурилаётган ҳуқуқий жамиятнинг глобал муаммолари ҳақида бонг уришини  айтинг? Қўйиб берилса, тўкилиб-тўкилиб гапириши мумкиндир эҳтимол. Бироқ билиб-билмай «бир бош сакраб қўйиши» ўзига раҳмат ва рағбат олиб келмаслигини билмайдиган даражада соддаям эмас-да.

...Тағинам ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро суди раисига раҳмат: «бунақа саволлар менга тааллуқли эмас, уни бизнинг раҳбариятимизга беринг», дея ўзини олиб қочмади (бунга ҳақли бўлсаям), аксинча, «чегарадан чиқмай», гап топилмаганда мурожаат қилинадиган умумий гапларни баланд пафосларга ўраб-чирмаб бўлса-да (бошқа нимаям десин?!), жавоб қайтаришга ҳаракат қилди. Бугун, бирифингда бир-икки кун ўтиб, ҳиссиётларни бироз жиловлаб, ушбуни ёзиш жараёнида жиндек хижолат туймоқдамизки, раисни ваколатига дохил бўлмаган саволларга кўмиб, емаган сомсаси учун чиқимга туширмоқ шартмиди?! Яхшики, тадбирнинг савол-жавоб қисмига ўтар олдидан айтиб улгурган эканмиз: «Муҳтарам раис, бериладиган баъзи саволлар кўпам сизга тааллуқли эмас, бироқ, начора, сизни нишонга қўйган бизмас...».

Бевосита раисга дахлдор савол бўлмадими? Албатта бўлди. Савол андоқ эди: «...Эшитамизки, кўпгина соҳа ходимлари Мирзо Улуғбек туман судига ишга юборилишини ич-ичидан хоҳлашмас экан. Негаки, бу туманда жуда кўп катта амалдорлар-у аристократлар макон топган. Фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларга оид низолар кўпайгандан-кўпайиб бораётган бугунги замонда улар каби дасти узунлар учун судларга босим ўтказиш муаммо эмас... Аҳвол қалай? Қийналмаяпсизми?». Жавоб (мазмуни): «Рост, яқин вақтгача турли босимларга дуч келиб турардик. Ҳозир... ҳозир анча бемалол ва хотиржамроқмиз...».

Бу гапларнинг самимийлигига шубҳамиз йўқ, бироқ унга ишончимиздан кўра умидимиз кўпроқ. Энсангиз қотмасин, азизим, нима, Рим бир кунда қурилганига ишонасизми ё?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг