Навоий ДПИ негизида Навоий давлат университети ташкил этилди
Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этилди. Бу борада Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб ҳудудда соҳа ва тармоқларнинг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга бўлган илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш белгиланмоқда.
Қайд этилишича, Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини Университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига Университет дипломи берилади.
Университетда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:
- ҳудудий ривожланиш дастурларига мувофиқ эҳтиёж юқори бўлган аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, логистика каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
- дарс машғулотларини амалиёт билан бирга ташкил этиш мақсадида тегишли йўналишлар бўйича таълим жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда кафедра филиаллари ташкил этилади ҳамда таълим жараёнига узоқ йиллик меҳнат тажрибасига эга амалиётчи мутахассислар жалб этилади;
- янги ташкил этилган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича хорижий давлатлар ва республикадаги етакчи олий таълим ташкилотлари билан иккита диплом беришга асосланган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади;
- алоҳида гуруҳларда бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим жараёни хорижий тилларда ташкил этилади ҳамда таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказишга тайёрланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter