Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Кимдир соғлом, кимдир жони оғриб инграган... Ёхуд кўкрак нишони қутқариб қололмаган Равшан Намозовни эслаб

Кимдир соғлом, кимдир жони оғриб инграган... Ёхуд кўкрак нишони қутқариб қололмаган Равшан Намозовни эслаб

Уни илк бор ТВда кўрганимда ҳали мактабда ўқир эдим. «Нотаниш қизнинг расмин чизаман», деб куйларди нотаниш хонанда. Ҳайрон бўлдим: бу ким бўлди? Қўшиғи бунча ёқимли! Кейин ижодига қизиқиб қолдим. У Сурхон қўшиқчилиги орқали ўзбек фольклорини кўтаришга катта ҳисса қўшди, санъат шинавандаларига завқ-шавқ улашди.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган халқаро кўрик-танловида Гран-прини қўлга киритган пайтлари Равшан Намозовнинг гуллаган даври бўлди.

Энди ўйлаб кўрсам, ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, Равшан Намозов умуман бошқача инсон бўлган экан. У ўзини кўз-кўз қилишни, реклама қилишни хаёлига келтирмасди. Равшан Намозовга мусиқа, санъат керак эди. Ўзини, умрини санъатга фидо қилган эди у.

Интернет оммалашмаган, одамлар ҳали кундалик нашрларни ўқиган вақтларда газеталар яхшигина тарғибот манбаи эди. Хонандалар ижоди баҳонасида ўзини етти иқлимга ёйишга ҳаракат қиларди. Хусусий газеталарнинг деярли ҳаммаси артистларнинг арзон гаров «реклама»лари билан, муқовалар эса уларнинг турли-туман расмлари билан тўлиб кетарди. Аммо Равшан Намозов айрим сурбет, бетакаллуф ҳамкасбларига нисбатан камтарона меҳнати билан банд эди. У, ҳатто ижодини ҳам ҳеч қачон тарғибу ташвиқ қилмасди. Ваҳоланки, иш фаолияти мақтагулик, қўшиқлари дилрабо, сокин тарона ва шўх яллалардан иборат эди.

Хонанда таҳририят, радио ёки ТВ эшигини қоқиб боравермасди. Журналист ёки мухбирлар сўраб келсагина, интервью бериши мумкин эди. Шу боис ҳам бу хонанда билан уюштирилган суҳбатлар жуда кам, борлари ҳам аллақачон эсдан чиқиб кетган.

Ўша йиллари бастакор ва хонанда Рустам Маҳмудов ёзғириб қолди:

– Равшан акага ҳайронман. Янги сотиб олган гитарасини мақтаб ўтирибди. Фалон пулга олибди. Унга очиғини айтдим. Бундан кўра уй олсангиз бўлмайдими, Равшан ака, дедим. Парво қилмади. Янги гитарасига маҳлиё, тавба!

Ҳа, Равшан ака баъзи ҳамкасблари каби ўнта-йигирмата уйлар олмади. Буни хаёлига ҳам келтирмади. Хокисорлигича қолаверди.

Хонанда дегани бодраб чиқа бошлагач, Равшан Намозов каби асл санъаткорлар эътибордан четда қолди. Янги, ёш авлод уни деярли танимасди.

Орадан йиллар ўтиб, актёр, сўз устаси ва қўшиқчи Шерқўзи Ғозиев орқали Равшан аканинг хасталиги ҳақида эшитиб қолдим. Табиблик билан шуғулланаётган Шерқўзи Ғозиев телеграм орқали хонанданинг расмини юборган эди. «Оқ қон раки (лейкоз) ва сахар диабетдан тузалди», деб ёзди у.

Йўқ, Равшан Намозов тузалмаган экан. Шу йилнинг январида унинг оғир хасталикка дучор бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хонанда гематология ва қон қуйиш марказида даволанарди. Унинг шогирдлари одамлардан ёрдам сўраб илтимос қилишди.

Шерқўзи Ғозиевга қўнғироқ қилдим. Банд экан, шекилли, жавоб бўлмади. Унинг телеграм рақамига юқоридаги хабарни юбордим. Жавоб узоқ куттирмади, аммо Шерқўзи ака эмас, аёл кишининг овозли хабари келди:

– Бу одам бизнинг олдимизга келдилар. Сахари ҳам, онкологик касаллиги ҳам бор эди. Бизда 3-4 ой даволаниб, кейин келмай кетди. «Шерқўзи ака, мен анча яхшиман», деб ўзига ишонч ҳосил қилиб кетган. Орада бошқа лечениеларни ҳам олган, шекилли?..

Хонанда билан боғланишга ҳаракат қилдим. У ўзининг соғайиб бошлаганини ёзди. Бу ҳақда сайтда берилди.

Сал кейинроқ Маданият вазирлиги «Маданият ва санъат фидокори» нишони билан бир гуруҳ фидойиларни тақдирлади. Улар орасида Равшан Намозов ҳам бор эди. Хотиржам бўлдим. Соғайиб кетибди, деб ўйладим. Бундай эмас экан. Равшан Намозов реанимациядан палатага ўтказишганини ёзиб маълум қилди.

Уни қидириб бордим. Аммо олдига киришнинг имкони бўлмади. Кунлар шу зайлда ўтаверди. Ким учундир шодон, ким учундир маҳзун. Кимдир соғлом, кимдир жони оғриб, шифохона шифтига тикилиб инграган...

Нохуш хабар бир сескантириб, кейин шалвиратиб қўйди.

Санъат мухлисларининг ўпкаси тўлди. Ажойиб инсон, фидойи ва хокисор санъаткор Равшан Намозовни табобат ҳам, қон қуйиш ҳам, кўкрак нишони ҳам қутқара олмади.

Пешанага ёзгани шу экан.

Дийдор қиёматга қолди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг