Катта Лангар Қуръони — Ислом оламининг ноёб қўлёзмаси
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган «Катта Лангар Қуръони» номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади. Бу нусханинг Катта Лангар Қуръони деб номланиши унинг Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади. Саҳифалар узоқ вақт давомида «Катта Лангар шайхлари» деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган.
Ушбу қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чораги — араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.
Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, шундан биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида, 13 таси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида сақланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24 майда «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганларидан кейин юртимизда бу борада бир қанча илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтди.
Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси — пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган.
Катта Лангар Қуръони йиллар давомида таъмирланиб, уни безак ва нуқталар билан тўлдириб келинганини кўришимиз мумкин. Масалан, баъзи саҳифаларнинг йиртилган бурчакларига ямоқ солинган ва ямалган жойидаги оятлар насх хати турида ёзилган. Суралар орасига нақш чизилиб, унга суранинг номи ва оятларининг сони насх хатида битилган. Баъзи саҳифалардаги баъзи калималарга ҳаракатлар қўйилганини ҳам кўришимиз мумкин.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбруғу зарарли бактериялардан тозаланди.
Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда, яъни 2019, 2020 ва 2021 йилларда амалга оширилди.
Ислом оламининг ноёб қўлёзмаларидан бири бўлган Катта Лангар Қуръонининг 2 саҳифаси 2022 йил 23 ноябрь куни очиладиган Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган Париж кўргазмасида намойиш этилади.
Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.
Нуриддин домла Холиқназаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Ўзбекистон Халқаро ислом академияси фахрий доктори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter