Истанбулдаги Пер Лоти тепалиги ҳақида эшитганмисиз? Айюб Султон ким бўлган? (фото)

Айюб Султон масжиди.
Кеча хабар берганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташкил этган «Туркияда Рамазон» дастури доирасида ўзбекистонлик ва озарбайжонлик оммавий ахборот воситалари ходимлари ушбу мамлакатда бўлиб туришибди. Улар орасида Xabar.uz мухбири ҳам бор.
Сафарнинг иккинчи куни биринчи ярмида журналистлар Истанбулдаги Пер Лоти тепалиги ва Айюб Султон масжидини зиёрат қилишди. Шу ўринда ушбу икки қадамжо тарихига қисқача тўхталиб ўтсак.
Пер Лоти тепалиги — Истанбулнинг Айюб туманида жойлашган.

Француз ёзувчиси Луи Мари Жулиен Виауд 1876 йили Истанбулга келади, бу ерда роман ёзган, кейинчалик исмини Пер Лоти деб ўзгартирган. 1920 йили ёзувчига Истанбулнинг фахрий фуқароси унвони берилган. Унинг номи дастлаб кўчага, кейин эса у доим ташриф буюрадиган қаҳвахонага берилган. Қаҳвахона Пер Лоти тепалигида жойлашган, шунинг учун тепаликнинг номи Пер Лоти бўлиб қолди.

Пер Лоти тепалиги ажойиб манзараси билан кишини ҳайратга соладиган жой. Шунинг учун ҳам тепалик доим маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан тўлиб-тошади. Тепаликка дор орқали чиқилади. У ердаги шинам қаҳвахонада ўтириб, атрофни ва денгизни томоша қилиш мумкин.
Журналистлар тепаликдан чиройли кабиналарга жойлашиб, дор йўли орқали Айюб Султон масжиди томон тушишди. Масжид анъанавий тўртбурчак шаклда ва иккита минорали қилиб қурилган. Асосий гумбаз олтита устун билан мустаҳкамланган.


Масжид ёнида Айюб Султонинг мақбараси жойлашган. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг байроқдори ҳисобланган.





Сўнг журналистлар Мовий масжид ёки Султонаҳмат масжидини зиёрат қилишди. Мазкур масжид қурилиши 1609 йилда бошланиб 1616 йили тугалланган. Унинг олтита минораси бор. Масжид жами 10 минг нафар ибодат қилувчини сиғдира олади.


Шу ердаги қабристонда Аҳмад I, Кўсем Султон, Усмон II, Мурод IV, Гавҳархон Султон, Ойша Хотун, шаҳзода Сулаймон дафн этилган.
Истанбулда Рамазон ойида кам таъминланган рўзадорлар учун кўплаб ифторлик чодирлари тикилгани эътиборимизни тортди. Яна довул чалиб кишилар саҳарликка уйғотилар экан. Шунингдек, Рамазон вақтида тўплардан ўқ узиш анъанаси давом эттирилмоқда.
Кейинги мақоламизда Аё София тарихи музейи ва масжиди ҳамда Исломда фан ва технологиялар музейи ҳақида ҳикоя қиламиз, бизни кузатишда давом этинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter