Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Икки генералнинг ҳокимият талашуви ёхуд Суданда нималар бўлмоқда?

Икки генералнинг ҳокимият талашуви ёхуд Суданда нималар бўлмоқда?

Жорий йилнинг 13 апрель куни Судан пойтахти Хартум шаҳрида генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари (РСФ) ва генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон бошчилигидаги мунтазам армияси ўртасида қуролли тўқнашув бошланиб кетди. Маълумотларга кўра, содир бўлган тўқнашувларда 83 киши ҳалок бўлган. 1126 дан ортиқ киши жароҳатланган. Хўш, бу икки генерал нимани бўлиша олмаяпти?

Жорий йилнинг 13 апрель, пайшанба куни маҳаллий вақт билан ўнлар атрофида Судан пойтахти Хартум шаҳрида Тезкор ҳаракат кучлари (РСФ) ва мунтазам армия ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Хартум марказидаги Судан армияси ва Мудофаа вазирлиги штаб-квартираси ҳудудида, шунингдек, пойтахтнинг президент саройи жойлашган шимолий қисмида отишма авж олди. Шаҳарни автоматлардан чиқаётган ўқ овози, гумбурлаб портлаётган снаряд товуши-ю, нима бўлаётганини тушунмасдан қичқириб, ўзини панага олаётган инсонларнинг овози қуршаб олди.

Тезкор ҳаракат кучлари вакилларининг таъкидлашича, ҳарбийлар пойтахтдаги РСФ базаларини қуршовга олиб, ўққа тутган. Шундан сўнг РСФ етакчиси генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало Судан армиясини давлат тўнтаришида айблаган.

Ўз навбатида, Судан армияси РСФни «исёнкор куч» деб атаб, уни ҳукумат ҳамда стратегик нуқталарга ҳужум қилишда айблади.

15 апрель куни РСФ кучлари пойтахтдаги Хартум ва Эл-Фашер халқаро аэропортини, шунингдек, Меров ва Жебел Аулиядаги ҳарбий ҳаво қароргоҳларини ўз назоратига олганини маълум қилди. Лекин бу маълумот ҳали расман тасдиқланмади. Аммо маҳаллий ОАВ Судан пойтахтдаги аэропорт ишламай қолганини ёзмоқда.

Бир нечта давлат авиакомпаниялари, хусусан Миср ва Саудия Арабистони Хартумга парвозларни тўхтатди. Al-Jazira аэропорт ва унинг атрофида РСФ ва ҳарбийлар ўртасида шиддатли отишмалар бўлаётганини маълум қилди.

Хартум аэропорти. 2023 йил 15 апрель

Маълумотларга кўра, Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Boeing самолёти Хартум аэропортида ёниб кетган. Al-Arabiya телеканалининг таъкидлашича, пойтахт аэропортидаги БМТ самолёти ҳам кулга айланган.

Якшанба куни шиддатли жанглар пайтида АҚШ, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари қарама-қарши томонларни «олдиндан ҳеч қандай шартларсиз жанговар ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга» чақирди. Шунга қарамай ҳар икки томон қуролли ҳаракатларга чек қўйишни истамаяпти.

16 апрель куни РСФ кучлари президент саройини эгаллаб олганини эълон қилди. Лекин армия бу маълумотни рад этди. Кейинроқ, Судан армияси қўмондони генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон ҳарбийлар президент саройи, ҳарбий қароргоҳ ва аэропортни назорат қилаётганини маълум қилди.

Хартум аэропорти

Асдида, 2019 йилда РСФ ва Судан армияси биргаликда мамлакатда ҳарбий тўнтариш амалга ошириб, Суданни 30 йил бошқарган президент Умар ал-Баширни ҳокимиятдан ағдарган эди. Тўнтариш натижасида Суданда янги ҳукумат тузилди. Бироқ кўп ўтмасдан, аниқроғи, 2021 йилда яна РСФ ва Судан армияси иштирокида ҳарбий тўнтариш содир этилиб, амалдаги маъмурият фаолиятига нуқта қўйилди.

Шундан бери иккала томон бир-бири билан ўтиш даври ҳукуматини тузиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Танглик генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон бошчилигидаги ҳарбийлар ва генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги РСФ ўртасидаги ҳарбийлаштирилган қисмлар қуролли кучларга қандай қўшилиши ва бу жараённи қайси орган назорат қилиши кераклиги йиллар давомида икки ўртадаги қарама-қаршиликларга сабаб бўлмоқда. «Икки қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамайди», деганлари шу бўлса керак?!

Сўнгги маълумотларга кўра, содир бўлган тўқнашувларда жами 83 киши ҳалок бўлган. 1126 дан ортиқ киши жароҳатланган.

генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон

Жаҳон кучлари – АҚШ, Россия, Миср, Саудия Арабистони, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўз баёнотида Саудия Арабистони ва БАА ташқи ишлар вазирлари билан гаплашганини ва уч давлат Судандаги жангларнинг тўхтатилиши «энг муҳим» деган фикрга келишганини айтди.

2022 йилнинг январь ойида истеъфога чиққан Судан бош вазири Абдуллоҳ Ҳамдук Судан ҳарбий қўмондони ва РСФ кучлари раҳбарини мамлакат аҳолисини қийнаётган жангларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бироқ шунга қарамай ҳамон Суданда қуролли тўқнашувлар давом этиб келмоқда.

Икки генерал ўртасидаги келишмовчилик ортидан минглаб суданликлар бугун қон ютмоқда. Давом этаётган тўқнашувлар шуни кўрсатмоқдаки, генераллар учун фақат ҳокимият зарур! Авомнинг аҳволи эса уларни қизиқтирмайди!

Сардор Али

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг