Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар бир вилоятда кураш маҳорат мактаблари ташкил этилади

Ҳар бир вилоятда кураш маҳорат мактаблари ташкил этилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёевга спорт таълимини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказиш режалари бўйича ахборот берилди.

Мамлакатимизда спорт инфратузилмаси ривожлантирилиб, халқаро талаблар даражасидаги шарт-шароитлар яратилмоқда. Шунга асосланиб, FIFA қарори билан футзал бўйича бу йилги жаҳон чемпионати юртимизда ўтказилиши белгиланган. Мусобақа 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида ташкил этилади. Унда дунёнинг энг кучли 24 жамоаси қатнашади. Иштирокчи мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар, 30 мингдан зиёд мухлислар келиши кутилмоқда.

Мутасаддилар бу борада кўрилаётган тайёргарлик ишлари, спорт ва маданий тадбирлар режалари юзасидан ахборот берди. Чемпионатни юқори савияда ўтказиш учун Бош вазир раҳбарлигида ташкилий қўмита тузилиши белгиланди.

Маълумки, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда. Келгуси йил у ерда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади.

Кейинчалик ундан самарали фойдаланиш мақсадида Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил қилиниши кўзда тутилган. Ушбу муассаса ҳузурига Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқот институти ҳамда Мутахассислар малакасини ошириш институти ҳам ўтказилади. Академия тизимида Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, Ахборот кутубхона маркази, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўқитиш маркази очилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, академияга 3 та бакалавр йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича қабул бошланади. Битирувчи талабаларга тўғридан-тўғри 6 йиллик тренерлик малака сертификати берилади. Олимпия ва паралимпия коллежларидан селекция қилинган битирувчилар тўғридан-тўғри иккинчи курсга қабул қилинади.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга кафедралар ва ўқув дастурларини илғор хорижий тажрибаси асосида ташкил этиш, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Спорт таълимидаги яна бир янгилик Кураш маҳорат мактаблари бўлади.

Кураш минг йиллик қадриятимиз ва миллий спортимиз. Дунёда бу билан 30 миллион, Ўзбекистонда 30 минг киши профессионал шуғулланмоқда. Ҳаваскор ёшлар бундан ҳам кўп.

Шунинг учун ҳар бир вилоят марказида Кураш маҳорат мактаблари ташкил этилиши режалаштирилган. Маҳорат мактабида 140 нафар ўқувчи бўлади, улар 5-11 синф болалари орасидан танлаб олинади.

Тақдимотда Париж олимпиадасига кўрилаётган тайёргарлик бўйича ҳам ҳисобот берилди.

Терма жамоаларимиз ушбу нуфузли мусобақага юқори даражада ҳозирлик кўрмоқда, чет элларда мақсадли ўқув-машғулотлари ўтказилмоқда. Спортчиларимиз футбол, сувга сакраш, камондан ўқ отиш, аёллар ўртасида эркин кураш бўйича илк бор олимпиадага йўлланма олгани аҳамиятли. Олдинда яна йўлланмаларни қўлга киритиш, Олимпия ўйинларида муносиб қатнашиш мақсад қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг